Sayt test rejimida ishlamoqda

Тўрабоев Ихтиёржон Қобиловичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Ўзбекистон Республикаси норезидент юридик шахсларига солиқ солишнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш», 12.00.02–Конституциявий ҳуқуқ. Маъмурий ҳуқуқ. Молия ва божхона ҳуқуқи (юридик фанлар).
 Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2017.3.PhD/Yu75.
Илмий раҳбар: Оқюлов Омонбой, юридик фанлар доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент давлат юридик университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси, DSc.27.06.2017.Yu.23.01.
Расмий оппонентлар: Туляганов Абдуманноп Абдужаббарович, юридик фанлар доктори; Хожиев Эркин Туйғунович, юридик фанлар номзоди, доцент.
Етакчи ташкилот: Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси Божхона институти.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: Ўзбекистон Республикаси норезидент юридик шахсларига солиқ солишнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
юридик шахслар солиқ резидентлигини қамраб олиш мезонларини кенгайтириш ҳамда солиқ қонунчилигини ноинсоф ва зарарли солиқ рақобатга қарши курашиш бўйича халқаро стандартларга мослаштириш  мақсадида чет мамлакат қонунчилигига асосан ташкил этилган, аммо бошқарув ва назорат органлари жойлашган ер Ўзбекистон Республикаси бўлган юридик шахсларни Ўзбекистон Республикаси резиденти деб тан олиниш зарурлиги асосланган;
норезидент юридик шахслар томонидан мамлакатда тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишни рағбатлантириш, шунингдек солиқ солишнинг адолатлилик принципига риоя қилишни таъминлаш мақсадида доимий муассаса орқали фаолият юритадиган норезидент юридик шахсларга нисбатан солиқ солиш соҳасида мавжуд чекловларни баратараф қилиш зарурлиги асосланган;
солиқ қонунчилигини  барча учун тушунарли  бўлиши, солиқ солишнинг аниқлик принципига риоя этишни таъминлаш мақсадида  норезидент юридик шахслар фаолиятига солиқ солишни тартибга солувчи солиқ қонунчилигидаги қарама-қаршиликлар ва зиддиятларни тизимли тарзда бартараф этиш  тўғрисида таклифлар асосланган;
норезидентлар иштирокида солиқларни тўламаслик ёки турли ноқонуний схемалар орқали даромадларни олиб чиқиб кетиш амалиётига қарши курашиш бўйича махсус қоидалар – “назорат қилинувчи чет эл компаниялар қоидаси” ва “трансферт нархлаш қоида”ларини солиқ қонунчилигига киритиш зарурлиги асосланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Норезидент юридик шахсларга солиқ солишнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш тадқиқоти бўйича олинган илмий натижалар асосида:
Ўзбекистон Республикасининг норезидентлари бўйича юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқни ҳисоблаб чиқаришни кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказувчи органнинг маълумотлари асосида давлат солиқ хизмати органлари томонидан амалга оширилиши билан боғлиқ таклифлар Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодекси 271-моддаси ўнинчи қисмини ишлаб чиқишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитасининг 2019 йил 2 октябрдаги 04/1-06/05-сон маълумотномаси). Илмий натижадан фойдаланиш норезидент юридик шахсларга мол-мулк  солиғи солиш жараёнини соддалаштиришда хизмат қилган;
юридик шахснинг божхона тўловлари бўйича тўловларни амалга оширишда ҳар қандай шахс маблағлари ҳисобидан амалга ошириш  мумкин бўлиши тўғрисидаги таклифлар Ўзбекистон Республикаси Божхона кодекси лойиҳасининг “Божхона тўловлари” номли II бўлимини ишлаб чиқишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг 2018 йил 26 декабрдаги 05/17-11093-сон маълумотномаси). Илмий натижадан фойдаланиш Ўзбекистон Республикаси Божхона кодекси лойиҳаси нормаларини такомиллаштиришда хизмат қилган;.
Ўзбекистон Республикасида доимий муассаса орқали фаолият юритаётган норезидент юридик шахс декларант сифатида фаолият юритиш мумкинлиги тўғрисида таклифлар Ўзбекистон Республикаси Божхона кодекси лойиҳасининг “Божхона тўловлари” номли II бўлимини ишлаб чиқишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг 2018 йил 26 декабрдаги 05/17-11093-сон маълумотномаси). Илмий натижадан фойдаланиш Ўзбекистон Республикаси Божхона кодекси лойиҳаси нормаларини такомиллаштиришда хизмат қилган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish