Исхакова Сарвар Аюбовнанинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Хизмат кўрсатиш соҳаси ходимлари даромадларини ошириш ва таркибини такомиллаштириш стратегияси (олий таълим хизматлари соҳаси мисолида)”, 08.00.05–Хизмат кўрсатиш тармоқлари иқтисодиёти ва 08.00.07–Молия, пул муомаласи ва кредит (иқтисодиёт фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2019.3.PhD/Iqt22.
Илмий раҳбар: Мухаммедов Мурод Мухаммедович, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент ахборот технологиялари университети Самарқанд филиали.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти, DSс.27.06.2017.I.18.01.
Расмий оппонентлар: Наврўз-зода Бахтиёр Негматович, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор; Ашурова Насиба Ботировна, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: хизмат кўрсатиш соҳаси ходимлари даромадларини ошириш ва таркибини такомиллаштириш бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
«аҳоли даромадлари» тушунчасининг хизматларни ҳамда соҳа ходимларининг барча турдаги даромадларини (иш ҳақи, мукофотлар, тадбиркорлик фаолиятидан даромадлар, норасмий даромадлар, мулкдан олинадиган даромадлар ва бошқаларни) ўзида акс эттирувчи янги таҳрирдаги такомиллашган таърифи ва таснифи таклиф қилинган;
ўртача меҳнат унумдорлиги индекси ва ўртача иш ҳақи индексини қўллаш асосида иш ҳақининг иқтисодий ва ижтимоий самарадорлигини ҳисоблаш кўрсаткичлари ишлаб чиқилган ҳамда уларни соҳа ходимлари даромадларида акс эттириш механизми таклиф этилган;
олий таълим муассасаларида профессор-ўқитувчиларнинг базавий лавозим маошлари миқдорини ялпи ички маҳсулот ҳажмининг ўсиш суръатларига боғлаб ҳисоблаш ва уларга табақалаштирилган устамалар тўлаш тизими ишлаб чиқилган;
хизмат кўрсатиш соҳаси ривожланишининг соҳа ходимлари даромадларига таъсирини баҳолаш асосида соҳа ходимларининг ўртача иш ҳақининг 2018–2026 йилларга мўлжалланган прогноз кўрсаткичлари ҳисоблаб чиқилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Хизмат кўрсатиш соҳаси ходимлари даромадларини ошириш ва таркибини такомиллаштириш стратегияси бўйича олинган илмий натижалар асосида:
«аҳоли даромадлари» тушунчасининг хизматларни ҳамда соҳа ходимларининг барча турдаги даромадларини ўзида акс эттирувчи янги таҳрирда ишлаб чиқилган таърифи олий таълим бакалавриат йўналиши талабалари учун мўлжалланган “Иқтисодиёт назарияси” бўйича дарслигига киритилган (Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2018 йил 27 мартдаги 274-сон буйруғи, 274-002 рақамли гувоҳномаси). Мазкур таърифнинг ўқув жараёнига жорий қилиниши талабаларнинг хизмат кўрсатиш соҳасининг аҳоли даромадларини оширишдаги роли тўғрисидаги билимларининг чуқурлашишига хизмат қилган;
хизмат кўрсатиш соҳаси ходимлари иш ҳақи даромадларини шакллантириш тизимини баҳолаш мақсадида иш ҳақининг самарадорлиги кўрсаткичларини ҳисоблаш методикасини такомиллаштириш бўйича таклифлари Ўзбекистон Республикаси Молия ҳамда Иқтисодиёт ва саноат вазирликларининг фаолиятида фойдаланиш учун қабул қилинган (Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг 2019 йил 28 октябрдаги 06-17-01-32/792-сон ҳамда Иқтисодиёт ва саноат вазирлигининг 2019 йил 6 майдаги УБ-6-5/20-20-1084-сон маълумотномалари). Таклиф қилинган кўрсаткичларнинг амалиётга жорий этилиши корхоналарда меҳнат унумдорлигини ва ходимлар иш ҳақининг асосланганлик даражасини ошириш, ходимларнинг хўжалик фаолияти якуний натижаларига бўлган қизиқишини кучайтириш ҳамда рағбатлантириш тизимининг самарадорлигини ошириш имконини берган;
олий таълим муассасалари мисолида хизмат кўрсатиш соҳасида иш ҳақи билан меҳнатнинг пировард натижалари ўртасидаги боғлиқлигини кучайтириш асосида меҳнатнинг сифат ва миқдор кўрсаткичларини рағбатлантириш тизимини такомиллаштириш бўйича таклифлар Самарқанд давлат университети, Самарқанд давлат тиббиёт институти ва Тошкент ахборот технологиялари университети Самарқанд филиали фаолиятида қўлланилган (Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2019 йил 31 январдаги 89-03-524-сон маълумотномаси). Мазкур тавсияларнинг амалиётга татбиқ этилиши олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчиларининг ишга бўлган муносабатларини ўзгартириш, уларнинг фаолияти самарадорлигини ошириш ҳамда моддий рағбатлантириш тизимини такомиллаштириш имкониятини берган;
хизмат кўрсатиш соҳаси ривожланишининг соҳа ходимлари даромадларига таъсирини баҳолаш асосида узоқ муддатли прогнозлаш бўйича тавсия Ўзбекистон Республикаси молия ҳамда иқтисодиёт ва саноат вазирликларининг фаолиятида фойдаланиш учун қабул қилинган (Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг 2019 йил 28 октябрдаги 06-17-01-32/792-сон ҳамда Иқтисодиёт ва саноат вазирлигининг 2019 йил 6 майдаги УБ-6-5/20-20-1084-сон маълумотномалари). Мазкур прогнозлаштириш натижасида келгусида хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш вазифаларини самарали амалга ошириш асосида соҳа ходимлари даромадларини ошириш стратегиясини ишлаб чиқиш имконияти яратилган.