Sayt test rejimida ishlamoqda

Хасанова Саида Сабировнанинг
фан доктори (DSс) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «32 ҳафтадан олдин муддатига етмай туғилган чақалоқларда овқат ҳазм қилиш тизими бузилишларини ташхислаш ва даволашни такомиллаштириш», 14.00.09–Педиатрия (тиббиёт фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2017.3.DSc/Тib185.
Илмий маслаҳатчи: Камилова Алтиной Турсунбаевна тиббиёт фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт маркази.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: Тошкент педиатрия тиббиёт институти, DSс.27.06.2017.Tib.29.01.
Расмий оппонентлар: Шамсиев Фуркат Мухитдинович, тиббиёт фанлари доктори, профессор; Чувакова Тамара Курмангалиевна, тиббиёт фанлари доктори, профессор; Соатов Талат Соатович, биология фанлари доктори, академик. 
Етакчи ташкилот: Тошкент врачлар малакасини ошириш институти.
Диссертация йўналиши: амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: 32 ҳафтадан олдин муддатига етмай туғилган чақалоқларда овқат ҳазм қилиш тизимининг бузилишларининг хусусиятларини, механизмларини ўрганиш ва коррекцияловчи давонинг асосланган усулларини ишлаб чиқишдан иборат. 
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
муддатига етмай туғилган чақалоқларнинг гестацион ёши ва озиқлантириш турига боғлиқ ҳолда ичак бўшлиғида овқат ҳазм бўлишида панкреатик эластаза ферменти миқдори камайиши ҳамда деворолди ҳазм қилиш турида лактаза ферменти фаоллигининг пасайиши таъсирида ошқозон-ичак тракти функционал ҳолатининг бузилишлари аниқланган;
илк бор муддатидан аввал туғилган чақалоқларда ошқозон-ичак трактининг тўлиқ етилмаганлиги ва ривожланмаганлиги натижасида ошқозон шиллиқ қаватининг юпқалиги, ингичка ичак крипта ҳамда сўрғичларида энтероцитлар ва қадаҳсимон ҳужайралар миқдорининг камлиги исботланган;
илк бор муддатига етмай  туғилган чақалоқларда ичак ўтказувчанлигининг асосий кўрсаткичи бўлган фекал зонулин миқдори 7 кунликда кескин ортиб, 14 кунликда эса нисбатан камайиши орқали ичак барьерининг сустлиги исботланган;
муддатидан аввал туғилган чақалоқларда ичак яллиғланиш маркерлари ҳамда тизимли яллиғланиш медиаторлари миқдорининг ортиши, ичакда сўрилиш ҳамда ҳазм бўлиш жараёнларига таъсир кўрсатиб, тана вазни кўрсаткичлари динамикасига салбий таъсир этиб ўзаро номутаносиб боғлиқлиги аниқланган;
илк бор муддатидан аввал туғилган чақалоқларда фекал кальпротектин ва зонулин миқдорининг ортиши болалар ҳаётининг биринчи ҳафтасида некрозланувчи энтероколит ривожланишига сабаб бўлиши асосланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
32 ҳафтадан олдин муддатига етмай туғилган чақалоқларда овқат ҳазм қилиш тизими бузилишларини ташхислаш ва даволашни такомиллаштириш бўйича олинган илмий натижалар асосида:
«Эрта гестацион ёшли муддатидан аввал туғилган чақалоқларда овқат ҳазм қилиш тизими бузилишларининг хусусиятлари» услубий тавсияномаси тасдиқланган (Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2019 йил 4 октябрдаги  8н-д/202-сон маълумотномаси). Мазкур услубий тавсиянома муддатидан аввал туғилган чақалоқларда овқат ҳазм қилиш тизими бузилишларини эрта ташхислаш, аниқланган ҳолатларни ўз вақтида даволаш чора-тадбирларини қўллашга имкон яратган;
«Муддатидан анча аввал туғилган чақалоқларда НЭК ривожланишининг башоратлаш мезонлари» услубий тавсияномаси тасдиқланган (Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2019 йил 4 октябрдаги  8н-д/202-сон маълумотномаси). Мазкур услубий тавсияномаси муддатидан анча аввал туғилган чақалоқларда некротик энтроколит ривожланишини башоратлаш, ингичка ичак шиллиқ қавати атрофияси олдини олиш ва ўз вақтида даволаш чора-тадбирларини қўллашга имкон яратган;
муддатига етмай туғилган чақалоқларда овқат ҳазм қилиш тизими бузилишларини ташхислаш ва даволашнинг янги усулларини ишлаб чиқиш бўйича олинган илмий натижалар соғлиқни сақлаш тизимига, жумладан, Хоразм, Фарғона, Жиззах ва Тошкент вилоятлари перинатал марказлари амалиётига жорий этилган (Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2019 йил 6 ноябрдаги 8н-3/180-сон маълумотномаси). Жорий қилинган натижалар тиббий ёрдам сифатини оширган, ташхислаш ва даволашнинг янги услубларни қўллаш орқали муддатига етмай туғилган чақалоқларда овқат ҳазм қилиш тизими бузилишларини камайтириш, некротик энтероколит ривожланишини башоратлаш ва чақалоқларда ўлим кўрсаткичини  пасайтиришга имкон яратган. 

Yangiliklarga obuna bo‘lish