Sayt test rejimida ishlamoqda

Райимов Аваз Рустамовичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Майнанинг Жануби-Ғарбий Қизилқумда тарқалиши, экологияси ва аҳамияти», 03.00.06–Зоология (биология фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2018.4.PhD/B245.
Илмий раҳбар: Холбоев Фахриддин Рахмонкулович, биология фанлари доктори, доцент. 
Диссертация бажарилган муассаса номи: Бухоро давлат университети
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: Зоология институти, Ўзбекистон Миллий университети, DSc.29.08.2017.В.52.01.
Расмий оппонентлар: Эшова Холиса Саидовна, биология фанлари доктори, доцент;  Аметов Якуб Идрисович, биология фанлари доктори. 
Етакчи ташкилот: Тошкент давлат педагогика университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: Жануби-Ғарбий Қизилқумда майнанинг тарқалиши, экологияси ва аҳамиятини аниқлаш ҳамда унинг сонини бошқариш ва биозарарланишдаги иштирокини камайтириш бўйича тавсияларни ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
илк бор Жануби-Ғарбий Қизилқумда майнанинг турли яшаш муҳитлари (аҳоли яшаш пунктлари, агроценозлар, маданий ландшафтдаги антропоген элементлар) бўйлаб тарқалиши ва уни белгиловчи омиллар аниқланган;
воҳадаги маданий ландшафтларда майнанинг сони ва унинг мавсумий динамикаси аниқланган;
турли яшаш муҳитлари ва йил фасллари кесимида майнанинг озуқа спектри аниқланган ва унинг мавсумий ўзгарувчанлиги очиб берилган;
илк бор локал воҳаларда майнанинг кўпайиши ва қишлаш давридаги экологик ва этологик хусусиятлари асосланган;
майнанинг синантропизацияланишида адаптив реакцияларнинг ўрни ва аҳамияти баҳоланган;
майнанинг биоценотик муносабатлардаги ва биозарарланишдаги иштироки, табиатда ва халқ хўжалигидаги аҳамияти аниқланган ҳамда унинг сонини бошқариш чора-тадбирлари ишлаб чиқилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Майнанинг Жануби-Ғарбий Қизилқумда тарқалиши, экологияси ва аҳамияти юзасидан олинган илмий натижалар асосида:
майнанинг биозарараланишдаги иштирокини камайтириш мақсадида унинг сонини бошқариш бўйича ишлаб чиқилган амалий тавсиялар, Ўзбекистон овчилар ва балиқчилар спорт бирлашмасининг Бухоро вилоят ҳудудий бўлими амалиётига жорий қилинган (Ўзбекистон овчилар ва балиқчилар спорт бирлашмасининг 2019 йил 28 январдаги 20-сон маълумотномаси). Натижада майнанинг сонини бошқаришда унга билвосита таъсир қилиш усулларини қўллаш (озуқа ресурсларидан маҳрум қилиш, уя қуриши учун ноқулайлик яратиш) орқали майнанинг сонини камайтириш имконини берган;
Ўзбекистоннинг чўл зонасида майнанинг ҳисобини ва кадастрини юритиш, унинг салбий таъсирининг олдини олиш ва сонини бошқариш бўйича  ишлаб чиқилган тавсиялар Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси амалиётига жорий қилинган (Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг 2019 йил 7 февралдаги 03-02/3-642-сон маълумотномаси). Натижада майнанинг ҳисобини ва кадастрини юритиш самарадорлигини ошириш имконини берган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish