Sayt test rejimida ishlamoqda

Саимназарова Чарос Юлдашевнанинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Буғдой касалликларини бионазорат қилишда комплекс таъсир этувчи микробиологик препаратлар», 03.00.04–Микробиология ва вирусология (биология фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2017.3.PhD/B119. 
Илмий раҳбар: Джуманиязова Гульнара Исмаиловна, биология фанлари доктори, профессор. 
Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент давлат аграр университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: Микробиология институти, Ўзбекистон Миллий университети, DSc.27.06.2017.В.38.01. 
Расмий оппонентлар: Ташмухамедова Шохиста Собировна, биология фанлари доктори, профессор; Кадирова Гулчехра Хакимовна, биология фанлари доктори. 
Етакчи ташкилот: Генетика ва ўсимликлар экспериментал биологияси институти.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: буғдой касалликларини биологик назорат қилиш ва “тупроқ-паразит-ўсимлик” тизимини бошқаришда микробиологик биопрепаратларнинг самарадорлигини аниқлашдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
илк бор буғдой фитопатогенларининг 12 та штаммига нисбатан кимёвий фунгицидларнинг Bahor, Celest Top ва микробиологик препаратларнинг Байкал ЭМ-1, RIZOKOM-2 антагонистик фаоллиги қиёсий баҳоланган ва буғдой уруғларига ишлов бериш учун RIZOKOM-2 биопрепаратидан биофунгицид сифатида фойдаланишнинг афзаллиги асосланган;
илк бор сунъий равишда фитопатоген замбуруғлари юқтирилган намунавий лаборатория тажриба тупроқларида буғдой ўсимлиги биометрик кўрсаткичларининг ривожланишига уруғларни биофунгицидлар билан ишлов беришнинг кимёвий фунгицидлар билан қиёсий жиҳатдан самарадорлиги очиб берилган; 
анъанавий усулда экилган назорат вариантида  буғдойнинг илдиз чириш касаллиги – 8%, қора куя – 17%, бошоқ фузариози – 15%, альтернариоз – 2%,  септориоз – 15% ни ташкил қилгани ҳамда RIZOKOM-2 вa SERHOSIL биопрепаратлари қўлланилган вариантида буғдойнинг илдиз чириши, бошоқ фузариози, альтернариоз, қора куя, септориоз, касалликлари учрамаганлиги аниқланган; 
илк бор дала шароитида фермер хўжаликларида RIZOKOM-2 вa SERHOSIL биопрепаратларининг ўсимлик органларига макро-микроэлементларнинг (N,P,K,Ca,Zn,Mn,Fe) қабул қилинишига, буғдойнинг ўсиши ва ривожланиши биометрик кўрсаткичларига таъсири исботланган;
RIZOKOM-2 вa SERHOSIL биопрепаратлари қўлланилганда “тупроқ-паразит-ўсимлик” тизимида буғдой ўсимлигининг касалликларга чидамлилиги ва бионазорти ошиши аниқланган. 
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Фунгицид ва биопрепаратларни “тупроқ-паразит-ўсимлик” тизимида антифунгал фаоллигини ўрганиш ва буғдой ўсимлиги замбуруғли касалликларини бионазорат қилиш бўйича олинган илмий натижалар асосида:
RIZOKOM-2 вa SERHOSIL биопрепаратлари Тошкент вилоятининг Пискент туманидаги “AGRO STIMUL TEX SERVIСE” фермер хўжалигида 40 га буғдой майдонида жорий этилган (Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2019 йил 30 октябрдаги 02/021-3331-сон маълумотномаси). Натижада, буғдой ўсимлигини “Ғозғон” супер элита навининг ўсиши ва ривожланиши яхшиланган ҳамда назорат вариантига нисбатан 35 ц/га гача қўшимча ҳосил олиш имконини берган;
буғдой касалликларига қарши курашиш учун RIZOKOM-2 вa SERHOSIL биопрепаратлари Тошкент вилояти фермер хўжалигида уруғларга  экишдан олдин ишлов берилиб, 98 гектар  буғдой майдонларида жорий этилган (Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2019 йил 30 октябрдаги 02/021-3331-сон маълумотномаси). Натижада, далаларда қора куя, ун шудринг ва занг касалликлари учрамаган ҳамда бир гектар майдонда 65 центнер ҳосил олиш имконини берган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish