Парманов Асқар Басимовичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Карбон кислоталарни виниллаш реакциялари, олинган бирикмаларнинг хоссалари ва қўлланилиши», 02.00.03–Органик кимё (кимё фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2017.3.PhD/K69.
Илмий раҳбар: Нурмонов Сувонқул Эрхонович, техника фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Ўзбекистон Миллий университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Ўзбекистон Миллий университети, DSc.27.06.2017.К.01.03.
Расмий оппонентлар: Махсумов Абдулхамид Гофурович, кимё фанлари доктори, профессор; Матчанов Алимжан Давлатбоевич, кимё фанлари доктори.
Етакчи ташкилот: Самарқанд давлат университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: карбон кислоталарни виниллаш реакцияларини амалга ошириш ҳамда олинган бирикмаларнинг хоссалари ва қўлланилишини аниқлашдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
илк бор гликол, сут, миндаль гидрокси кислоталарини ҳамда икки асосли глутар ва адипин кислоталарни гомоген шароитда ацетилен билан виниллаш реакцияси рух ацетат, карбон кислоталарнинг рухли тузи билан биргаликда кам миқдордаги Льюис кислоталари: ZnCl2, CrCl3, FeCl3, AlCl3 ва AlCl3∙6H2O иштирокида бориши асосланган;
турли ўринбосар тутган бензой кислота ангидридлари билан винилацетатнинг калий учламчи бутилат иштирокида реакциясида винил эфирлар ҳосил бўлиши исботланган;
илк бор таркибида турли ўринбосар тутган бензой кислоталарнинг винилацетат билан реакцияси 2-хлор-4,6-диметокси-1,3,5-триазин иштирокида амалга оширилиши ишлаб чиқилган;
винилацетат асосида турли ўринбосар тутган бензой кислоталарнинг винил эфирларини мос равишдаги кислота ангидридидан ҳамда 2-хлор-4,6-диметокси-1,3,5-триазин иштирокида синтез қилиш усуллари ишлаб чиқилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши:
Карбон кислоталарни виниллаш реакцияси ҳамда винилацетатдан винил эфирлар синтези бўйича олинган натижалар асосида:
дивиниладипинат ва винил-2-гидрокси пропианат моддалари Навоий вилояти Қизилтепа тумани фермер хўжаликлари ер майдонларида кузги буғдой ўсимлиги биостимулятори сифатида жорий этилган (Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2019 йил 27 ноябрдаги 02/025-3934-сон маълумотномаси). Натижада уларнинг қўлланилиши буғдой ўсимлиги ҳосилдорлигини ўртача 3,2 ц/га ошириш имконини берган;
ароматик карбон кислоталарнинг винил эфирларини винилацетат ва 2-хлор-4,6-диметокси-1,3,5-триазин иштирокида синтез қилиш усули Лодзь политехника университетининг (Польша) илмий тадқиқотларида қўлланилган (Лодзь политехника университетининг 2019 йил 28 октябрдаги маълумотномаси). Натижада янги органик бирикмалар синтез қилиш имконини берган.