Sayt test rejimida ishlamoqda

Эшкуватов Абрий Казимовичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Ташқи омиллар таъсирида буғдой белгиларидаги ўзгарувчанлик ва детерминацияланганлик даражасининг биокимёвий ва физиологик хусусиятлари», 03.00.07–Ўсимликлар физиологияси ва биокимёси (биология фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2017.4.PhD/B137.
Илмий раҳбар: Қўшиев Ҳабибжон Ҳожибобоевич, биология фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Гулистон давлат университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: Бухоро давлат университети, PhD.28.06.2018.В.72.02.
Расмий оппонентлар: Хаджаева Насиба Жўракуловна, биология фанлари номзоди, доцент; Ёрматова Диларом Ёрматовна, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: Самарқанд давлат университети. 
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: кузги буғдой белгилари кўрсаткичларининг ўзгарувчанлигини ўзаро корреляцион боғланганлик даражаси, тузилиши ҳамда детерминацияланганлигига ташқи омилларнинг таъсирини аниқлашдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
илк бор Сирдарё вилоятининг тупроқ иқлим шароитида кузги буғдойнинг биологик кўрсаткичлари ўртасидаги корреляцион боғланишлар даражаси, тузилиши, ўзгарувчанлиги ҳамда детерминацияланганлиги аниқланган;
экиш муддатини кеч амалга ошириш ҳамда экиш меъёрининг ортиб бориши кузги буғдой навларининг физиологик ва биокимёвий хусусиятларини ифодаловчи белгилари ўртасидаги корреляцион боғланишлар даражасининг ортишига сабаб бўлиши аниқланган;
кузги буғдойнинг бошоқ оғирлиги кучли детерминацияланиши ва узунлигининг барқарор бўлиши физиологик ва биокимёвий хусусиятларига боғлиқлиги аниқланган;
Сирдарё вилояти шароити учун кузги буғдой навларини оптимал экиш муддати ва меъёрлари асосланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Кузги буғдой биологик белгилари кўрсаткичларининг ўзгарувчанлигини ўзаро корреляцион боғланганлик даражаси, тузилиши ҳамда детерминацияланганлигига ташқи омилларнинг таъсири бўйича олинган илмий натижалар асосида:
ташқи омилларни буғдойнинг биологик белгилари ўзгарувчанлигига таъсири бўйича олинган натижаларидан А-9-26 рақамли “Шўрланган тупроқ шароитида донли экинларнинг ўсиши, ривожланишини авжлантирувчи ва патогенларига самарали таъсир этувчи препаратлар яратиш” мавзусидаги лойиҳада буғдойнинг ўсиш-ривожланишида препаратларнинг таъсирида физиологик ва биокимёвий ўзгарувчанликларни аниқлашда фойдаланилган (Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2018 йил 5 мартдаги 89-03-921-сон маълумотномаси). Натижада ўсимликнинг ўсиши ва ривожланишида биорегуляторларнинг таъсирида морфологик белгилар ўртасидаги коррелятив боғланишиларни таҳлил қилиш имконини берган;
абиотик омиллар таъсирида буғдой тўқималарида кечадиган физиологик ва биокимёвий жараёнларни ифодаловчи белгиларнинг ўзгаришини аниқлаш бўйича олинган натижалардан А-9-57 рақамли “Батат, картошка ва топинамбурнинг абиотик омилларга чидамлилик хусусиятларини таҳлили ва шўрга чидамли линияларини in vitro усули ёрдамида яратиш” мавзусидаги лойиҳада ўсимликларнинг шўрга чидамли белгилари ўртасидаги коррелятив боғланишлар ҳамда белгиларнинг ўзгарувчанлик ва детерминацияланганлик хусусиятларини таҳлил қилишда фойдаланган (Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2018 йил 5 мартдаги 89-03-921-сон маълумотномаси). Натижада ўсимликлар белгилари ўртасидаги коррелятив боғланишлар ҳамда белгиларининг ўзгарувчанлиги ва детерминацияланганлиги асосида инновацион таклифлар тайёрлаш имконини берган;
буғдой навларини физиологик хусусиятларига кўра экиш муддати ва меъёри Сирдарё вилоятининг Боёвут туманидаги фермер хўжаликларида жорий этилган (Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2018 йил 26 майдаги 02/021-272-сон маълумотномаси). Натижада буғдой дони ҳосилдорлиги ва ҳосил сифатини ошириш имконини берган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish