Sayt test rejimida ishlamoqda

Зокиров Исломжон Илхомжоновичнинг
фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Марказий Фарғонанинг сабзавот-полиз экинлари ҳашаротлари фаунаси ва экологияси», 03.00.06–Зоология (биология фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2018.2.DSc/B74.
Илмий маслаҳатчи: Азимов Джалолиддин Азимович, биология фанлари доктори, профессор, академик.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Зоология институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассасалар номи, ИК рақами: Зоология институти ва Ўзбекистон Миллий университети, DSc.29.08.2017.В.52.01.
Расмий оппонентлар: Кимсанбаев Хўжамурот Ҳамроқулович, биология фанлари доктори, профессор; Иззатулаев Зувайдулло Иззатуллаевич, биология фанлари доктори, профессор; Жуманов Муратбай Арепбаевич, биология фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот номи: Гулистон давлат университети. 
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: Марказий Фарғонанинг сабзавот-полиз агроценозларида учровчи ҳашаротлар тур таркибини аниқлаш ва уларни экологик-фаунистик жиҳатдан таҳлил этиш, муҳим инвазив турлар популяциясини бошқаришга доир тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
илк бор Марказий Фарғонанинг сабзавот-полиз экинларининг ҳашаротлари фаунаси аниқланиб, 7 туркум 32 оиланинг 113 авлодига мансуб 155 тур ва кенжа турдан иборат фитофаглар, шунингдек, 5 туркум 18 оиланинг 52 та авлодига мансуб 72 тур энтомофаглар аниқланган;
илк бор Ўзбекистон энтомофаунаси учун ҳашаротларнинг 1 тур ва 1 та кенжа тури аниқланган ҳамда Марказий Фарғона минтақасида илк марта қайд этилган турлар 14 та авлодга мансуб 17 тур ва 2 та кенжа турни ташкил этган ҳамда шулардан 6 тури сабзавот-полиз учун жиддий хавф солувчи инвазив ва карантин турлар эканлиги исботланган;
ҳашаротларнинг озуқа спектри ва ўсимликлар билан биоценотик алоқалари асосланган;
адвентив ва инвазив турларнинг Фарғона водийси бўйлаб тарқалиш хусусиятлари изоҳлаб берилган ҳамда хариталари тузилган;
инвазив турлар биоэкологик хусусиятлари асосида уларнинг фенологик календарлари ишлаб чиқилган;
турли агробиоценозларда фитофагларнинг ўсимликдан фойдаланиш хусусиятлари экологик-фаунистик жиҳатдан таҳлил этилиб, фитофаглар сабзавот-полиз экинларида озиқланишига кўра 5 та, озуқа ўсимлигидан фойдаланиш хусусиятларига кўра 3 та ҳамда яшаш тарзи бўйича 4 та экологик гуруҳлари асосланган;
ҳашаротларнинг “фитофаг-хўжайинлик”ка морфоэкологик жиҳатдан мосланиш хусусиятлари ҳамда “фитофаг-хўжайин” ва “энтомофаг-хўжайин” тизимларининг коэволюцияси очиб берилган;
ҳашаротларнинг оммавий кўпайиши, зараркунанда турларнинг популяция миқдор зичлиги мавсумий ўзгаришлари регрессион таҳлил этилган ҳамда уларнинг ўсимликка таъсир даражасини аниқлаш мезонлари ишлаб чиқилган;
зараркунанда ҳашаротлар популяциясини бошқариш ва уларга қарши кураш чораларини такомиллаштириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. 
Марказий Фарғонанинг сабзавот-полиз экинлари ҳашаротлари  фаунаси  ва  экологияси бўйича олинган илмий натижалар асосида:
сабзавот-полиз агроценозларида учровчи ҳашаротларнинг 4 туркумига тегишли бўлган 19 оила 73 тур ва кенжа турига мансуб 234 нусха ҳашарот намуналари республикада етакчи бўлган “Зоология коллекцияси” ноёб объектига киритилган (Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг 2019 йил 22 августдаги 4/1255-2292-сон маълумотномаси). Натижада, намуналар ҳашаротлар коллекцияси фондини бойитган ва турлар хилма-хиллигини аниқлаш ҳамда электрон маълумотлар базасини яратиш имконини берган;
Фарғона вилояти ҳудудларида картошка куяси (Phthorimaea operculella (Zeller)) ва помидор куяси (Tuta absoluta Mey.) нинг сабзавот экинларида тарқалишига оид олинган натижалар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси амалиётига жорий қилинган (Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўсимликлар карантини давлат инспекциясининг 2019 йил 12 сентябрдаги 3/1938-сон маълумотномаси). Натижада инспекция томонидан мазкур турларнинг Ёзёвон, Олтиариқ, Қўштепа, Бағдод туманларида тарқалганлигини аниқлаш ва уларга қарши кураш ишларини йўлга қўйиш ҳамда ҳашаротнинг бошқа ҳудудларга тарқалишининг олдини олиш имконини берган;
ўсимликлар карантини давлат инспекцияси ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ўсимликларни зараркунандалардан ҳимоя қилиш соҳасидаги ваколатларига доир ишлаб чиқилган амалий тавсиялар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси қонунчилик амалиётига жорий қилинган (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитасининг 2019 йил 24 январдаги 04/4-05-82-сон ҳамда 2019 йил 17 сентябрдаги 04/4-05-133-сон маълумотномалари). Натижада 30.07.2018 йилда №ЎРҚ-489-сон “Ўсимликлар карантини тўғрисида”ги Қонуни (янги таҳрири) нинг 22, 23 ва 29-моддалари ҳамда 06.09.2019 йилда №ЎРҚ-303-сон “Қишлоқ хўжалик ўсимликларини зараркунандалар, касалликлар ва бегона ўтлардан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуни (янги таҳрири) нинг 4, 10, 11 ва 22-моддаларини такомиллаштириш имконини берган;
картошка куяси (Phthorimaea operculella (Zeller, 1873)), помидор куяси (Tuta obsoluta (Meyrick, 1917)) ҳамда қовун пашшасининг (Myiopardalis pardalina Bigot, 1891) Фарғона водийси ҳудудида тарқалиш йўналишлари ва харитаси, уларнинг кейинги йиллар учун башоратлаш бўйича олинган натижалар “Ўзагрокимёҳимоя” АЖ амалиётига жорий этилган (“Ўзагрокимёҳимоя” акциядорлик жамиятининг 2019 йил 1 ноябрдаги 04-12/1032-сон маълумотномаси). Натижада кейинги йилларда зараркунандаларнинг бошқа ҳудудларда тарқалишининг олдини олиш бўйича алоҳида чора-тадбирлар белгилаш имконини берган;
дала шароитида қовун пашшасига қарши курашда Децис - 2,5% эм.к. 0,1-0,15 л/га, Суми-Альфа - 5% эм.к. 0,25 л/га ва колорадо қўнғизига қарши Децис - 2,5% эм.к. 0,5 л/га, Фуфанон - 57% эм.к. 1,0 л/га сарф меъёрида қўллаш бўйича амалий тавсиялар Фарғона вилояти Ёзёвон туманидаги сабзавот-полизчиликка ихтисослашган “Гулистон” ММТП, “Ёзёвон ЛХ” ва “Нурли чашма жилваси” фермер хўжаликлари амалиётига жорий қилинган (“Ўзагрокимёҳимоя” акциядорлик жамиятининг 2019 йил 1 ноябрдаги 04-12/1032-сон маълумотномаси). Натижада колорадо қўнғизига нисбатан 71,8-87,2% ва қовун пашшасига нисбатан 70-94,7% биологик самарадорликка эришиш имконини берган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish