Sayt test rejimida ishlamoqda

Рўзиева Инобат Жўраевнанинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Суғориладиган арзиқли тупроқларнинг унумдорлигини баҳолаш (Фарғона вилояти мисолида)», 03.00.13–Тупроқшунослик (биология фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2018.4.PhD/В261. 
Илмий раҳбар: Қўзиев Рамазан, биология фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Тупроқшунослик ва агрокимё илмий-тадқиқот институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: Тупроқшунослик ва агрокимё илмий-тадқиқот институти, DSc.27.06.2017.Qx/B.43.01. 
Расмий оппонентлар: Юлдашев Ғулом, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор; Номозов Хушвақт, биология фанлари номзоди, профессор.
Етакчи ташкилот: Ўзбекистон Миллий университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: Марказий Фарғона ҳудудларида тарқалган арзиқли ва гипслашган тупроқларнинг хосса-хусусиятлари ва унумдорлик даражасини аниқлаш, баҳолаш, маҳсулдорлигини оширишга қаратилган илмий-амалий тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
Марказий Фарғонада тарқалган арзиқли ва гипслашган тупроқларнинг шаклланиши, морфогенетик хосса ва хусусиятлари очиб берилган;
шўрланиш жараёнларининг жадаллик даражаси, тупроқ профилидаги тузлар миқдори ва захиралари аниқланган;
арзиқли ва гипслашган тупроқларидаги гумус миқдори билан қишлоқ хўжалик экинлари ҳосилдорлиги ўртасида коррелятив боғлиқлик аниқланган;
арзиқли ва гипслашган горизонтларнинг жойлашиш чуқурлигига боғлиқ ҳолда тупроқларнинг сув ўтказувчанлик ва сув сиғимининг ёмонлашиши, зичлигининг ошиши, гумус ва асосий озиқа элементларининг камайиши исботланган;
таянч массивлар арзиқли ва гипслашган тупроқлари сифат жиҳатидан   баҳоланган ва унумдорлик даражаси аниқланган. 
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Фарғона вилояти ҳудудларидаги суғориладиган арзиқли тупроқларнинг унумдорлигини баҳолаш бўйича олинган илмий натижалар асосида:
«Фарғона вилояти суғориладиган гипсли ва арзиқли тупроқларининг мелиоратив ҳолати ва улардан самарали фойдаланиш бўйича тавсиялар» Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитасида амалиётга жорий этилган (Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитасининг 2019 йил 7 июлдаги 03-05-5619-сон маълумотномаси). Натижада ушбу тавсиялар Марказий Фарғона ҳудудларидаги деградация жараёнлари таъсирида бўлган қийин мелиорацияланувчи тупроқларни экологик-мелиоратив ҳолатини яхшилаш, унумдорлигини сақлаш ва мунтазам равишда қайта тиклашга қаратилган тадбирлар белгилашда қўлланма сифатида хизмат қилган;
Ёзёвон тумани “Гулистон” ва “Қоратепа” массивларидаги 4775,0 гектар, Олтиариқ тумани “Тонг” массивидаги 1137,8 гектар суғориладиган тупроқларининг 1:10000 масштабли тупроқ сифатини баҳолаш карталари массивлар ҳудудидаги фермер хўжаликлар ва бошқа ердан фойдаланувчилар амалиётига жорий этилган (Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитасининг 2019 йил 7 июлдаги 03-05-5619-сон маълумотномаси). Натижада ушбу маълумотлар суғориладиган тупроқларнинг хосса-хусусиятлари, унумдорлик даражасига қараб ерларнинг меъёрий қийматини ҳисоблаш, тупроқнинг унумдорлик ҳолатини ҳисобга олган ҳолда, қишлоқ хўжалик экинларини тўғри жойлаштириш ва ҳосилдорлигини белгилаш, тупроқ унумдорлигини сақлаш ва қайта тиклашга  қаратилган тадбирлар ишлаб чиқиш имконини берган;
Ёзёвон тумани “Хонобод” массивидаги 1584,0 гектар суғориладиган ерларнинг 1:10000 масштабли тупроқ картаси амалиётга жорий этилган (Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитасининг 2019 йил 7 июлдаги 03-05-5619-сон маълумотномаси). Натижада ушбу маълумотлар ҳудуддаги мавжуд суғориладиган турли даражада шўрланган, арзиқли ва гипслашган тупроқларни хосса ва хусусиятлари ва мелиоратив ҳолатини яхшилаш, тупроқ ресурсларидан самарали фойдаланиш ва уни бошқариш бўйича чора-тадбирлар белгилаш имконини берган. 

Yangiliklarga obuna bo‘lish