Sayt test rejimida ishlamoqda

Эшмирзаева Матлуба Абдишукуровнанинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Шахсга йўналтирилган таълим асосида талабаларнинг касбий компетентлилигини шакллантириш (электромагнетизм бўлими мисолида)», 13.00.02–Таълим ва тарбия назарияси ва методикаси (физика) (педагогика фанлари).    
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2017.2.PhD/Ped124.
Илмий раҳбар: Қувондиқов Облоқул Қувондиқович, физика математика фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Самарқанд давлат университети, PhD.28.03.2018.Ped.02.05.
Расмий оппонентлар: Қаххоров Сиддиқ Қаххорович, педагогика фанлари доктори, профессор; Тожиев Мамарежаб, педагогика фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: Ўзбекистон Миллий университети.
Диссертация йўналиши: амалий ва назарий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: олий таълим муассасаларида шахсга йўналтирилган таълим асосида талабаларнинг касбий компетентлилигини шакллантириш механизмларини назарий ва амалий жиҳатдан такомиллаштиришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
шахсга йўналтирилган таълим технологиялари асосида талабалар касбий компетентлилигини шакллантиришнинг (тьюторлик, менторлик, бендинг, setting каби ўқитиш шаклларини амалиётга татбиқ этиш ёрдамида)  мазмуни ва методик (адаптив, когнитив ва креатив) компонентлари такомиллаштирилган;
физиканинг электромагнетизм бўлимини ўқитиш билан боғлиқ илмий-методик муаммоларни (илмийлик, мантиқийлик, кўргазмалилик тамойилларига риоя қилиш, мақсадга йўналтиришни ташкил қилиш, индивидуал тажрибани қўллаш, ижтимоий-тарихий тажриба билан мослаштириш) таҳлил қилиш, ўқитиш жараёнида шахсга йўналтирилган педагогик технологияларни қўллаш орқали талабалар касбий компетентлилигини шакллантириш имкониятлари ва омиллари аниқланган;
физиканинг электромагнетизм бўлимига оид мустақил ижодий (лойиҳалаш, кейсларни ташкил қилиш, намойишли экспериментларни ташкил қилиш) ишларнинг шакллари, мотивацион, фаолиятга доир ва аксиологик компонентлари ташкилий-педагогик стратегияларни интеграциялаш асосида такомиллаштирилган;
электромагнетизм бўлимига оид лаборатория қурилмалари замонавий технологиялар асосида ишлаб чиқилган ва мавжуд лаборатория ишлари модификация қилиниб, талабаларнинг касбий компетентлилик даражаси (техник лаёқати, ижодкорлик, рефлексив қобилият) ривожлантирилган ва шахсга йўналтирилган ёндашув асосида физика дарсларини ташкил этиш, такомиллаштириш ҳамда амалиётга татбиқ этишга доир методик тавсиялар ишлаб чиқилган;
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Шахсга йўналтирилган таълим асосида талабаларнинг касбий компетентлилигини шакллантириш бўйича олинган илмий  натижалари асосида:
физиканинг электромагнетизм бўлимини ўқитишда талабаларнинг ижодий мотивациясини, мустақил ва танқидий фикрлаш фаолиятини, касбий малака ва кўникма ҳамда компетенциясини ривожлантиришга оид материаллардан А-1-33 рақамли “Олий таълим муассасаларидаги ўқув фанларининг модулли ўқитиш методикаси ва амалиёти” мавзусидаги амалий  лойиҳада фойдаланилган  (Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2019 йил 25 октябрдаги 89-03-4149-сон маълумотномаси). Натижада талабалар касбий компетентлилигини  шакллантиришнинг мазмун-моҳияти такомиллаштирилиб, интерфаол таълим методлари ва технологиялари воситасида уларда тьюторлик, менторлик қобилиятларни ривожлантириш самарадорлигини ошириш имконини берган;
физиканинг электромагнетизм бўлимига оид материалларни лойиҳалаш, кейс ва намойишли экспериментларни ташкил қилиш,  фаолиятга доир ва ташкилий-педагогик стратегияларни интеграциялашга оид материаллар “Физикани ўқитишда инновацион стратегияларни қўллаш методикаси” номли ўқув қўлланма мазмунига сингдирилган ва ўқув жараёнига татбиқ этилган (Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2019 йил 25 октябрдаги 89-03-4149-сон  маълумотномаси). Мазкур ишлаб чиқилган материаллар ва ўқув қўлланманинг жорий этилиши физиканинг ўқув-методик мажмуасини яратишга ва олий таълим муассасалари талабалари ҳамда педагог кадрларнинг компетентлилик даражасини оширишга хизмат қилган.
шахсга йўналтирилган таълим билан боғлиқ касбий компетентлиликни шакллантириш, интерфаол технологияларга оид таклифлар “Физикани ўқитишда инновацион стратегияларни қўллаш методикаси” номли ўқув қўлланма мазмунига сингдирилган (Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2019 йил 25 октябрдаги 89-03-4149-сон маълумотномаси). Натижада олий таълим муассасалари ўқув-методик таъминотининг бойишига ва талабаларда ҳозирги замон физикасининг долзарб йўналишлари бўйича назарий билим ҳамда умумий ва касбий компетенцияларни ривожлантиришга имкон берган;
талабалар мустақил ижодий ишларининг шакллари, мотивацион, фаолиятга доир ва аксиологик компонентларига оид таклифлардан  ИТД-1.А-1-173 рақамли  “Ёшларнинг умуммиллий қадриятларимизга хос тарбиясини шакллантириш технологияси ва методикасини ишлаб чиқиш” мавзусидаги лойиҳа доирасида фойдаланилган (Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2019 йил 25 октябрдаги 89-03-4149-сон маълумотномаси). Мазкур лойиҳа талабаларда тадқиқотчилик, ижодийлик, ўз-ўзини ривожлантириш, рефлексив қобилиятни ривожлантиришда аксиологик компонентлар устуворлигини оширишга хизмат қилган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish