Ҳайитов Руслан Рустамжоновичнинг
фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган тармоғи номи): «Ишлатилган аминлар эритмаларини тозалаш учун маҳаллий хомашёдан фаоллаштирилган кўмир олиш технологиясини ишлаб чиқиш», 02.00.11–Коллоид ва мембрана кимёси; 02.00.08–Нефть ва газ кимёси ва технологияси (техника фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2019.1.DSc/T256.
Илмий маслаҳатчилар: Юсупов Фарход Махкамович, техника фанлари доктори, профессор; Нарметова Гульнара Розыкуловна, кимё фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Умумий ва ноорганик кимё институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: Умумий ва ноорганик кимё институти, Тошкент кимё-технология институти ҳузуридаги DSc.27.06.2017.K/T.35.01 рақамли илмий кенгаш асосидаги бир марталик илмий кенгаш.
Расмий оппонентлар: Аҳмедов Улуғ Каримович, кимё фанлари доктори, профессор; Юнусов Мирахмат Пулатович, техника фанлари доктори, профессор; Сидиков Абдужалил Сидикович, кимё фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: Ургенч давлат университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: табиий газларни аминли тозалаш жараёнида ишлатилган алканоламин эритмаларини органик ва ноорганик қўшимчалардан тозалаш учун маҳаллий хомашё асосида юқори самарали фаоллаштирилган кўмир олиш технологиясини ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
парафин, нафтен, ароматик углеводородлар, конденсат фракциялари каби гидрофоб ва спиртлар, аминоспиртлар каби гидрофил моддаларнинг ҳамда ноорганик тузларнинг алканоламинлар эритмаларининг кўпикланиш қобилятига таъсири аниқланган;
мева данаглари пўстлоғи асосида микроғовакли самарали фаоллаштирилган кўмир олишда фаоллаштириш жараёнининг оптимал режими – ҳарорати 850°С ҳамда давомийлиги 2 соатга тенглиги аниқланган;
олинган кўмирнинг тузилиш, ғоваклилик ва адсорбция хусусиятларини аниқлаш орқали унинг микроғовакли адсорбентлар турига мансублиги (микроғовакларининг умумий ҳажми 0,262 м3/кг га тенг) ва қуйи парафинлар, нафтен, ароматик углеводородларни ҳамда юқори смоласимон моддалар каби кўпик ҳосил қилувчи органик моддаларни яхши адсорбциялаши исботланган;
фаоллаштирилган кўмир таркибида бирламчи амид CO-NH2, карбонил С=О, алкен –С=С– винил >С=СН2, алкин ≡С–Н каби функционал гуруҳларнинг сақланганлиги ва айнан шу гуруҳлар ҳисобига кўмир органик қўшимчалардан ташқари ноорганик қўшимчалар, яъни Na+, K+, NH4+, Ca2+, Mg2+ металл катионларини ҳам ион алмашиниш йўли орқали адсорбциялаши исботланган;
нефть кимёси учун зарур бўлган реагент техник циклогексан мева данаглари пўстлоғидан олинган янги фаоллаштирилган кўмир ёрдамида тозалашнинг самарали усули ишлаб чиқилган;
табиий газни аминли тозалаш жараёнида ишлатилган алканоламинлар эритмаларини янги фаоллаштирилган кўмир ёрдамида адсорбцион тозалаш қурилмасининг технологик схемаси ишлаб чиқилган ва унинг асосида пилот қурилмаси яратилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Табиий газни аминли тозалаш жараёнида ишлатилган аминлар эритмаларини тозалаш учун мева данаглари пўстлоғидан фаоллаштирилган кўмир олиш технологиясини ишлаб чиқиш бўйича олинган илмий натижалар асосида:
табиий газни аминли тозалашда ишлатилган этаноламинларни адсорбцион тозалаш учун фаоллаштирилган АУ-КУ кўмири техник шарти «Ўзстандарт» агентлиги томонидан тасдиқланган
(Ts 23766064-09:2018). Мазкур техник шарт маҳсулотнинг сифати ва технологик жараённи назорат қилишга имкон берган;
янги фаоллаштирилган кўмир АУ-КУ «Газлинефтгазқазибчиқариш» УШКга қарашли «Учқир» олтингугуртдан тозалаш қурилмасида амалиётга жорий этилган («Ўзбекнефтгаз» АЖнинг 2019 йил 28 октябрдаги 02/17-5-1214-сон маълумотномаси). Натижада ДЭА эритмаси таркибидаги олтингугуртли бирикмаларини 5,40%дан 0,35%гача ва кўпик ҳосил қилувчи қўшимчаларни 23,55%дан 3,60%гача тозалаш имконини берган;
янги фаоллаштирилган кўмир АУ-КУ «Муборак ГҚИЗ» МЧЖда амалиётга жорий этилган («Ўзбекнефтгаз» АЖнинг 2019 йил 28 октябрдаги 02/17-5-1214-сон маълумотномаси). Натижада амалда 40% МДЭА эритмасини тозалашда қўлланилаётган импорт қилинаётган АГ-3 русумли фаоллаштирилган кўмири ўрнига маҳаллий янги АУ-КУ фаоллаштирилган кўмирини ишлатиш имконини берган.