Sayt test rejimida ishlamoqda

Мажидова Наргиза Кахрамоновнанинг
фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Мойлар катализаторларининг янги авлодларида гидрогенлаш технологиясини ривожлантиришнинг илмий асосларини такомиллаштириш», 02.00.17–Қишлоқ хўжалик ва озиқ-овқат маҳсулотларига ишлов бериш, сақлаш ҳамда қайта ишлаш технологиялари ва биотехнологиялари (техника фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2017.2.DSc /T119.
Илмий маслаҳатчи: Кадиров Юлдашхон Кадирович, техника фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Бухоро муҳандислик-технология институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: Тошкент кимё-технология институти, DSc.27.06.2017.Т.04.01. 
Расмий оппонентлар: Абдурахимов Саидакбар Абдурахмонович, техника фанлари доктори, профессор; Тиллаева Гулнора Уринбаевна, техника фанлари доктори, профессор; Ахмедова Захро Рахматовна, биология фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: «Ўзёғмойсаноат корхоналари» уюшмаси.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: мойлар катализаторларининг янги авлодларида пахта мойининг гидрогенлаш технологиясини такомиллаштиришдан иборат. 
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
пахта мойини хомашё манбаи сифатида гидрогенлашнинг технологик жараёнига тайёрлаш усули ишлаб чиқилган;
пахта мойини гидрогенлаш учун катализаторларнинг янги авлодлари яратилган;
янги авлод катализаторларида пахта мойини гидрогенлашнинг асосий илмий ва амалий ўзгаришлари аниқланган;
пахта мойини гидрогенлаш натижасида юқори қаттиқликдаги озиқ-овқат ёғларининг юқори сифати ва озиқ-овқат хавфсизлиги аниқланган;
ёғлар ва уларни қайта ишлаш маҳсулотларининг сифати ва озиқ-овқат хавфсизлиги ошишини, улар таркибидаги транс-изомерланган ёғ кислоталари миқдорининг пасайишини таъминловчи ёғ кислота ациллари тақсимланиши аниқланган;
маргарин маҳсулотлари ва юқори қаттиқликдаги қандолатчилик ёғлари ишлаб чиқариш учун пахта мойини каталитик гидрогенлаш маҳсулотлари яратилган;
каталитик гидрогенланган ёғларнинг янги турлари асосида маргарин маҳсулотлари таркиби ва олиш технологияси такомиллаштирилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Мойлар катализаторларининг янги авлодларида гидрогенлаш технологиясини такомиллаштириш бўйича олинган илмий натижалар асосида:
учглицеридлар аралашмасини переэтерификациялаш усулига Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлигининг ихтиро патенти олинган (№IАР 20150174, 2016 й.). Натижада ёғ таркибидаги учглицеридлар аралашмасини переэтерификациялаш имконини берган;
ўсимлик мойлари ва ёғларни гидрогенлаш катализаторларига Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлигининг ихтиро патенти олинган (№IАР 20170098, 2017 й.). Натижада ўсимлик мойлари ва ёғларни гидрогенлаш катализаторларини маҳаллий хомашёлар асосида олиш имконини берган;
никел-мис-алюминий қотишмали турғун катализаторларнинг таркибига родий, ванадий, рутений, паладий, рений, германий ва қалай қўшимчалари асосидаги катализаторлар «Тошкент ёғ-мой комбинати» АЖда амалиётга жорий этилган («Ўзпахтаёғ» АЖнинг 2018 йил 3 майдаги МС/2-1133-сон маълумотномаси). Натижада катализаторларнинг янги авлодларининг каталитик хоссаларини ошириш имконини берган;
мойларни  гидрогенлаш жараёнига электромагнит майдонини қўллаш технологияси «Тошкент ёғ-мой комбинати» АЖда амалиётга жорий этилган («Ўзпахтаёғ» АЖнинг 2018 йил 3 майдаги МС/2-1133-сон маълумотномаси). Натижада гидрогенлаш жараёнини жадаллаштириш имконини берган; 
турғун ва кукунсимон «Нисосел-800» катализаторлар иштирокида таркибида 5–7% транс-изомерланган ёғ кислотали овқатбоп ва юқори қаттиқликдаги тўйинтирилган ёғлар ишлаб чиқариш технологияси «Тошкент ёғ-мой комбинати» АЖда амалиётга жорий этилган («Ўзпахтаё» АЖнинг 2018 йил 3 майдаги МС/2-1133-сон маълумотномаси). Натижада маҳсулотларнинг сифатини ошириш ва озиқавий хавфсизлигини таъминлаш имконини берган; 
яратилган катализаторларда олинган кам миқдордаги (5–7%) транс-изомерли овқатбоп саломаслар асосида маргаринларни тайёрлаш техникаси ва технологияси «Тошкент ёғ-мой комбинати» АЖда маргаринларнинг сифатини ошириш  ва  турларини кенгайтиришда жорий этилган («Ўзпахтаёғ» АЖнинг 2018 йил 3 майдаги МС/2-1133-сон маълумотномаси). Натижада маргарин маҳсулотлари турларини 20% ошириш имконини берган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish