Sayt test rejimida ishlamoqda

Садиков Санджар Абдумажитовичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Ўзбекистон Республикасида “электрон ҳукумат” тизими ҳуқуқий асосларининг шаклланиши ва ривожланиши”, 12.00.01–Давлат ва ҳуқуқ назарияси ва тарихи; ҳуқуқий таълимотлар тарихи (юридик фанлар).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2017.2.PhD/Yu35.
Илмий раҳбар: Адилходжаева Сурайё Махкамовна, юридик фанлар доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент давлат юридик универститети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси, DSc.27.06.2017.Yu.23.01.
Расмий оппонентлар: Худоёр Тешаевич Маматов, юридик фанлар доктори, профессор; Лавиза Фуатовна Исхакова, юридик фанлар номзоди, доцент.
Етакчи ташкилот: Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти.
Диссертация йўналиши: амалий ва назарий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: Ўзбекистон Республикасида “Электрон ҳукумат” тизими ҳуқуқий асосларининг шаклланиши ва ривожланишини ўрганиш, “Электрон ҳукумат” тизимининг ҳуқуқий ва институционал механизмларини шакллантириш ва ривожлантириш бўйича таклиф ва тавсияларни ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
“электрон ҳукумат” тизининг ривожланиши доирасида илмий ахборотни йиғиш, тўплаш, ишлов бериш, сақлаш ва фойдаланишни амалга оширувчи, шунингдек миллий ва ҳалқаро илмий нашрлар, ахборот фондлари, тизимлар, банклар ва маълумотлар базаларидан фойдаланишни таъминловчи илмий ташкилотлар, ахборот-кутубхона марказлари фаолиятига ёрдам кўрсатиш зарурлиги асослаб берилган;
ҳозирги кунда жаҳондаги мавжуд ва кенгайиб бораётган ахборот макони шароитида мазкур глобал ахборот маконига интеграциялашиш учун мамлакат илмий муассасалари ахборот инфратузилмасини такомиллаштириш, илмий фаолият ва миллий ахборот маконини ўзвий боғлиқлигини турли усул ва услублар орқали (илмий нашрлар, журналлар, веб-саҳифалар ва бошқалар) таъминлаш лозимлиги, илмий фаолият соҳасида фаолият олиб борувчи муассаса ва ташкилотларнинг жаҳон илмий ахборот маконига интеграциялашиши учун шароитлар яратиш таклифлари асосланган;
Ўзбекистонда “электрон ҳукумат” тизимининг ривожланиши шароитида давлат органлари ва ташкилотлари ходимларининг электрон тизимларда ишлаш кўникмалари етарли даражада эмаслиги кўп ҳолатларда мазкур давлат органи ёки ташкилотининг иш тезлигига салбий таъсир ўтказиб, аҳолининг давлат хизматларини олиш вақтининг узайишига олиб келмоқда. Шу муносабат билан давлат органлари ва ташкилотлари ходимлари учун Ягона электрон тизим орқали ишлаш моҳияти ва тартибини тушунтириш бўйича таништирув семинарларини тизимли асосда ўтказиш таклифи асосланган;
норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини ишлаб чиқиш, келишиш ва киритишни электронлаштириш тизимини жорий қилиш, тизимнинг самарали ишлашида келиб чиқадиган муаммоларни ўз вақтида ўрганиш мақсадида вазирликлар, идоралар, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, бошқа давлат органлари ва ташкилотлар томонидан Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикасининг Президенти ва Ўзбекистон Республикасининг Ҳукумати ҳужжатлари лойиҳаларини фақатгина Ягона электрон тизим орқали ишлаб чиқиш, келишиш (виза қўйиш) ва киритиш жараёнини доимий мониторинги Ўзбекистон Республикаси Адлия Вазирлиги томонидан амалга оширилиши зарурлиги таклифи асослаб берилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
“Электрон ҳукумат” тизими ҳуқуқий асосларининг шаклланиши ва ривожланиши тадқиқоти бўйича олинган илмий натижалар асосида:
“электрон ҳукумат” тизимининг ривожланиши доирасида илмий ахборотни йиғиш, тўплаш, қайта ишлаш, сақлаш ва ундан фойдаланишни амалга оширувчи илмий муассаса ва ташкилотларга давлат органлари томонидан ҳар томонлама ёрдам кўрсатилиши билан боғлиқ таклиф ва тавсиялар Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 29 октябрдаги “Илм-фан ва илмий фаолият тўғрисида”ги ЎРҚ-576-сонли Қонунининг 29-моддаси тўртинчи хатбошисига (Давлат бошқаруви органлари илмий ахборотни йиғиш, тўплаш, қайта ишлаш, сақлаш ва ундан фойдаланишни амалга оширувчи илмий ташкилотлар, ахборот-кутубхона марказлари фаолиятига ёрдам кўрсатади, илмий маҳсулотлар, бунда илмий журналлар, китоблар ва бошқа босма нашрларни чоп этиш ҳамда тарқатиш, миллий ва халқаро илмий нашрлар, ахборот жамғармалари, тизимлари, маълумотлар банки ва базаларига киришга кўмаклашади) жорий қилинган (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитасининг 2019 йил 5 ноябрдаги 04/5-05-109-А-сон маълумотномаси). Мазкур таклифлар илмий натижадан фойдаланиш илмий ахборотга ишлов берувчи илмий муассаса ва ташкилотларнинг самарали фаолият олиб боришига имкон берди, моддий-техник жиҳатдан енгиллик яратишга хизмат қилган;
глобал ахборот маконига интеграциялашиш учун мамлакат илмий муассасалари ахборот инфратузилмасини такомиллаштириш лозимлигини назарда тутувчи таклифлар Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 29 октябрдаги “Илм-фан ва илмий фаолият тўғрисида”ги ЎРҚ-576-сонли Қонунининг 30-моддаси иккинчи хатбошисига (Илм-фан ва илмий фаолиятнинг миллий ахборот макони билан узвий боғлиқлиги илмий-ахборот инфратузилмасини такомиллаштириш орқали таъминланади;), илмий фаолият ва миллий ахборот маконини ўзвий боғлиқлигини турли усул ва услублар орқали (илмий нашрлар, журналлар, веб-саҳифалар ва бошқалар) таъминлаш лозимлигини назарда тутувчи таклиф Қонуннинг 30-моддаси бешинчи хатбошисига (Илм-фан ва илмий фаолиятнинг миллий ахборот макони билан узвий боғлиқлиги ихтисослаштирилган илмий нашрлар, оммавий ахборот воситалари, веб-сайтлар тузиш ва улар фаолиятини қўллаб-қувватлаш орқали таъминланади;), илмий фаолият соҳасида фаолият олиб борувчи муассаса ва ташкилотларнинг жаҳон илмий ахборот маконига интеграциялашиши учун шароитлар яратиш таклифи Қонуннинг 30-моддаси еттинчи хатбошисига (глобал ахборот маконининг тегишли ресурсларидан фойдаланишнинг ҳуқуқий ва иқтисодий чораларини кўриш ҳамда бошқа усуллар орқали таъминланади) жорий қилинган (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитасининг 2019 йил 5 ноябрдаги 04/5-05-109-А-сон маълумотномаси). Мазкур таклиф ва тавсиялардан фойдаланиш илмий ахборотга ишлов берувчи илмий муассаса ва ташкилотлар ва илмий фаолият билан шуғулланувчи илмий муассаса ҳамда тадқиқотчилар учун интернет орқали жаҳондаги етакчи илмий фондлари ва ресурсларидан фойдаланиш  имкониятларини назарда тутган;
давлат органлари ва ташкилотлари хизматчиларининг компьютер саводхонлигини ошириш, уларнинг электрон тизимлар билан ишлаш кўникмаларини кучайтириш билан боғлиқ таклифлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва келишишнинг Ягона электрон тизимини жорий этишнинг ташкилий чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг 4 банди учинчи хатбошисини ишлаб чиқишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг 2019 йил 9 октябрдаги 32-8/7066-сон маълумотномаси). Мазкур таклифлар давлат хизматчилари учун Ягона электрон тизимда ишлаш кўникмаларини ошириб уларнинг компьютер саводхонлигининг оширилишига хизмат қилган;
давлат органлари ва ташкилотларида вақтни тежаш ва ортиқча қоғозбозликнинг олдини олиш мақсадида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва келишишнинг Ягона электрон тизимида олиб бориладиган ишларни мониторинг қилиш кераклигидан келиб чиқиб, ушбу ваколат Ўзбекистон Республикаси Адлия Вазирлигига берилиши кераклиги таклифи Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва келишишнинг Ягона электрон тизимини жорий этишнинг ташкилий чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг 7 банди иккинчи қисмини ишлаб чиқишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг 2019 йил 9 октябрдаги 32-8/7066-сон маълумотномаси). Мазкур таклифлар тизимдаги олиб борилаётган ишларни мониторинг ва таҳлил қилиш, тизимнинг ишлаши билан боғлиқ муаммоларини ўз вақтида бартараф этиш, унинг самарадорлигини ошириш бўйича таклиф ва тавсияларни кўриб чиқиш бўйича ваколатли давлат органи аниқлаштирилишига хизмат қилган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish