Sayt test rejimida ishlamoqda

Тухташева Умида Абдиловнанинг
фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Суд хатоларини бартараф этишнинг жиноят-процессуал йуллари”, 12.00.09–Жиноят процесси. Криминалистика, тезкор-қидирув ҳуқуқи ва суд экспертизаси (юридик фанлар).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2017.1.DSc/Yu20.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент давлат юридик университети. 
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Тошкент давлат юридик университети, DSc.27.06.2017.Yu.22.01. 
Расмий оппонентлар: Пулатов Бахтиёр Халилович, юридик фанлар доктори, профессор; Мирзаев Азиз Алишерович, юридик фанлар доктори, доцент; Хайриев Нодиржон Исроилович, юридик фанлар доктори.
Етакчи ташкилот: Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактаби 
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик. 
II. Тадқиқотнинг мақсади: суд хатоларини бартараф этиш институтларини ва жиноят-процессуал йўлларини такомиллаштиришга ҳамда бу соҳадаги ҳуқуқни қўллаш амалиётини кучайтиришга қаратилган таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқишдан иборатдир.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
юқори турувчи инстанция судларининг ролини ва маъсулиятини кучайтириш мақсадида ишни биринчи инстанция судига янгитдан кўриб чиқиш учун қайтариш институтини бекор қилиш зарурлиги асослаб берилган;
апелляция ва кассация инстанцияси судларига оғирроқ жиноятга доир қонунни қўллаш ёхуд жазони кучайтириш ваколатини ана шу асослар бўйича жабрланувчи, унинг вакили томонидан шикоят берилган ёки прокурор томонидан протест билдирилган ҳоллардагина бериш кераклиги асосланган;
жиноят процессида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларини ишончли таъминлаш, шу жумладан суд қарорларини қайта кўриб чиқишга бўлган ҳуқуқни кафолатлаш механизмларини янада такомиллаштириш жиноят-процессуал қонунчилигини ривожлантиришни асосий йўналишларидан бири эканлиги асослаб берилди;
иш бўйича узил-кесил қарорлар қабул қилиш муддатларини асоссиз равишда чўзиб юборишни бартараф этиш ва апелляция инстанцияси судининг ролини ошириш мақсадида апелляция инстанция судига айблов ҳукмини чиқариш ваколатини бериш кераклиги асосланган;
кассация инстанцияси судининг ваколатларини қонунчиликда тартибга солинишини такомиллаштириш ва кассация инстанция судига янги ҳукмни чиқариш ваколатини бериш зарурлиги асослаб берилган;
суд муҳокамаси иштирокчиларига апелляция ва кассация шикоятини чақириб олиш тартиби суд томонидан тушунтириш зарурлиги асосланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Суд хатоларини бартараф этишнинг жиноят-процессуал йўллари бўйича олинган  илмий  натижалар асосида:
ишни биринчи инстанция судига янгитдан кўриб чиқиш учун қайтариш институтини бекор қилиш тўғрисидаги таклиф Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 485 ва 495-моддаларида ўз аксини топган, ўзгартишлар Ўзбекистон Республикасининг 2018 йил 29 январдаги ЎРҚ-463-сонли Қонуни билан киритилган (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари бўйича қўмитанинг 2018 йил 28 августдаги 06/1-05/140-сон маълумотномаси). Мазкур таклиф юқори турувчи инстанция судларининг роли ва маъсулиятини кучайтиришга хизмат қилган;
апелляция ва кассация инстанцияси судларига оғирроқ жиноятга доир қонунни қўллашга ёхуд жазони кучайтириш ваколатини ана шу асослар бўйича жабрланувчи, унинг вакили томонидан шикоят берилган ёки прокурор томонидан протест билдирилган ҳоллардагина бериш кераклиги тўғрисидаги таклиф Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 494, 49713 ва 5061-моддаларида ўз аксини топган, ўзгартишлар Ўзбекистон Республикасининг 2018 йил 29 январдаги ЎРҚ-463-сонли Қонуни билан киритилган (Ўзбекистон Республикаси Олий судининг 2018 йил 18 сентябрдаги 08/УМ-526-18-сон маълумотномаси). Мазкур таклиф иш бўйича узил-кесил қарорлар қабул қилиш муддатларини асоссиз равишда чўзишни бартараф этиш ва суд қарорлари устидан шикоят келтириш ҳуқуқи кафолатларини кучайтиришга хизмат қилган;
Ўзбекистон Республикаси жиноят ва жиноят-процессуал қонун ҳужжатларини такомиллаштиришнинг асосий йўналишлари ва вазифалари сифатида жиноят процессида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатлари механизмларини такомиллаштириш зарурлиги тўғрисидаги таклиф Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 14 майдаги «Жиноят ва жиноят процессуал қонун ҳужжатлари тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ–3723-сонли Қарорининг 1-бандида ўз аксини топган (Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳуқуқий экспертиза ва комплекс таҳлил департаментининг 2019 йил 25 ноябрдаги маълумотномаси; Ўзбекистон Республикаси Олий судининг 2019 йил 25 ноябрдаги 11-88-19-сон маълумотномалари). Мазкур таклиф Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг янги таҳрирдаги лойиҳасига юқори турувчи инстанция судларида суд қарорларини қайта кўриб чиқишга бўлган ҳуқуқни руёбга чиқариш кафолатларини кучайтиришга қаратилган нормаларни киритиш бўйича таклифларни ишлаб чиқишга хизмат қилди;
апелляция инстанцияси судига айблов ҳукмини чиқариш ваколатини беришга доир таклиф Ўзбекистон Республикасининг 2018 йил 29 январдаги ЎРҚ–463-сонли Қонуни билан Ўзбекистон Республикаси ЖПК 490 ва 49713-моддаларининг янги таҳририда ўз аксини топган (Ўзбекистон Республикаси Олий судининг 2018 йил 18 сентябрдаги 08/УМ–527-18-сон маълумотномаси). Мазкур таклиф иш бўйича узил-кесил қарорлар қабул қилиш муддатларини асоссиз равишда чўзиб юборишни бартараф этишга ва апелляция инстанцияси судининг ролини оширишга хизмат қилди;
кассация инстанция судининг ваколатларини қонунчиликда ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишни такомиллаштириш ва кассация инстанция судига янги ҳукм чиқариш ваколатини бериш зарурлиги тўғрисидаги таклиф Ўзбекистон Республикасининг 2018 йил 29 январдаги ЎРҚ–463-сонли Қонуни билан Ўзбекистон Республикаси ЖПК 490-моддасининг янги таҳририда ва янги 5061-моддасида ўз аксини топган (Ўзбекистон Республикаси Олий судининг 2018 йил 18 сентябрдаги 08/УМ–527-18-сон маълумотномаси). Мазкур таклиф кассация инстанцияси суди ваколатларини ЖПКнинг алоҳида моддасида мустаҳкамлаш, иш бўйича узил-кесил қарорлар қабул қилиш муддатларини асоссиз равишда чўзишни бартараф этиш ҳамда кассация инстанцияси судининг ролини кучайтиришга хизмат қилди;
апелляция ва кассация шикоятларини чақириб олиш тартибини суд муҳокамаси иштирокчиларига суд томонидан тушунтириш зарурлиги тўғрисидаги таклиф, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми 2018 йил 24 августдаги «Судлар томонидан ишларни апелляция ва кассация тартибида кўриш амалиёти тўғрисида»ги Қарорнинг 10-бандида ўз амалий ифодасини топган (Ўзбекистон Республикаси Олий судининг 2018 йил 18 сентябрдаги 08/УМ-526-18-сон маълумотномаси). Мазкур таклиф жиноят ишлари бўйича суд қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текширишни амалга оширишнинг самарали механизмини яратишга қаратилган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish