Sayt test rejimida ishlamoqda

Султанов Тулкин Иргашевичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Алишер Навоий ва озарбайжон адабиёти: тарихий илдизлар, анъаналар, ворисийлик (Кишварий ва Содиқий асарлари мисолида)”, 10.00.06–Қиёсий адабиётшунослик, чоғиштирма тилшунослик ва таржимашунослик (филология фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2017.3.PhD/Fil348.
Илмий раҳбар: Салоҳий Дилором Исомиддин қизи, филология фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Самарқанд давлат чет тиллар институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: Тошкент давлат шарқшунослик институти, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети, Ўзбекистон Миллий университети, DSc.27.06.2017.Fil.21.01.
Расмий оппонентлар: Ҳаққулов Иброҳим Чориевич, филология фанлари доктори, профессор; Халлиева Гулноз Искандаровна, филология фанлари доктори.
Етакчи ташкилот: Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети.
Диссертация йўналиши: амалий ва назарий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: Алишер Навоий ижодининг озарбайжон адабиётига таъсири ва адабий меросининг Озарбайжонда ўрганилишини очиб бериш, Кишварийнинг Навоий ғазаллари таъсирида ёзган тахмис ва назиралари, шунингдек, Содиқийнинг Навоий услубида битган назиралари ҳамда «Мажолис ун-нафоис» таъсирида яратган «Мажмаъ ул-хавос» тазкирасини қиёсилашдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги: 
Алишер Навоий адабий меросининг озарбайжон мумтоз адабиёти тарихий тараққиётига таъсири ва шаклланишидаги ўрни Кишварий, Хатойий, Фузулий, Раҳматий, Содиқий, Амоний, Зафар, Соиб, Қавсий ва бошқа озар шоирлари ижодий фаолиятининг қиёсий ўрганиш орқали асосланган;
XX аср бошларидан (1902 йилдан) бугунги кунга қадар фаолият юритган озарбайжон навоийшуносларининг хизмати туфайли бир асрдан ортиқ вақт давомида Озарбайжонда Алишер Навоий асарлари қўлёзмаларининг 61 нусхаси, девонларининг 37 нусхаси қиёсий жиҳатдан ўрганилганлиги, бир қатор насрий асарлари ва айрим шеърларининг озарбайжон тилидаги нашри бўйича маълумотлар далилланган;
Неъматуллоҳ Кишварий ва Содиқбек Афшор Содиқийнинг озарбайжонча ғазалларини Алишер Навоийнинг «Хазойин ул-маоний» куллиётидаги 2600 туркий ғазал билан ғоя, мазмун, қофия, радиф, вазн, бадиий санъатлар қўлланиши ҳамда поэтик услуб маҳорати жиҳатдан таққослаш натижасида бу шоирларнинг тахмис ва назиралар ёзганлиги аниқланган;
Навоий ғазалларига жавобан ёзилган назиралар ошиқона, орифона, риндона, сўфиёна ва ижтимоий-сиёсий руҳдаги шеърлар гуруҳига таснифлаган ҳолда қиёсий жиҳатдан ўрганилиб, шоирлар ижодида мумтоз адабий анъаналар тадрижи, поэтик шакл ва поэтик мазмундаги янгиланиш тамойиллари очиб берилган;
Алишер Навоийнинг «Мажолис ун-нафоис» асари ва унинг таъсирида озарбайжон адабиётида яратилган Содиқбек Афшор Содиқийнинг «Мажмаъ ул-хавос» тазкираси ўзаро қиёсланиб, ҳар икки тазкиранинг эски ўзбек адабий тилида ёзилганлиги, тузилиш жиҳатидан ўхшашлиги каби муштарак ва фарқли жиҳатлари исботланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. 
Алишер Навоий ва озарбайжон адабиёти: тарихий илдизлар, анъаналар, ворисийлик бўйича олинган илмий натижалар асосида; 
Алишер Навоий ижодининг озарбайжон адабиётига таъсири ва адабий меросининг ўрганилиш масалалари, Навоий услубида ёзилган Содиқий назиралари ҳамда Кишварийнинг тахмис ва назираларини Навоий ғазаллари билан қиёсий ўрганиш тамойиллари, Содиқийнинг «Мажмаъ ул-хавос» тазкирасида Навоий анъаналарини тавсиф ва талқин этиш масалаларини тадқиқ этишда олинган амалий натижалар асосида: Озарбайжонда Навоий ижодининг ўрганилиши, Навоий ғазаллари таъсирида ёзилган Содиқий назиралари, Кишварийнинг тахмис ва назиралари, «Мажмаъ ул-хавос» ва «Мажолис ун-нафоис» тазкираларининг қиёсий таҳлилига оид материаллардан Туркия Жумҳурияти Карабук Давлат университети Адабиёт факультети Турк тили ва адабиёти бўлимининг ўқув дастурларидаги «Ўзбек адабиёти», «Матн шарҳи», «Чиғатойча», «Туркий лаҳжалар муқоясаси», «Илмий тадқиқот усуллари» каби фанларни ўқитишда фойдаланилган (Туркия Республикаси Карабук Давлат университети Адабиёт факультети Турк тили ва адабиёти бўлимининг 2019 йил 3 июндаги 009/18-сон маълумотномаси). Натижада университет талабаларининг ўзбек мумтоз адабиёти, хусусан, Алишер Навоий ҳаёти ва ижодининг озарбайжон адабиётида ўрганилиши, Навоий асарлари таъсирида озарбайжон адабиётида яратилган назира, тахмис ва тазкираларнинг бадиий аҳамияти ҳақидаги билимларининг оширилишига эришилган; 
Алишер Навоий ижодининг озарбайжон адабиётига таъсири, Навоий асарларининг Боку қўлёзмалари, Навоий асарлари таъсирида озарбайжон адабиётида яратилган назира, тахмис ва тазкираларнинг бадиий аҳамияти бўйича олинган хулосалардан ОТ-Ф8-027 рақамли «Қўлёзма манбаларнинг миллий маънавий ва адабий мерос тарғиботидаги аҳамияти» мавзуcидаги фундаментал лойиҳаси доирасида фойдаланилган (Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2019 йил 25 майдаги 89-03-2301-сон маълумотномаси). Натижаларнинг  қўлланилиши билан Алишер Навоий асарлари қўлёзмаларининг Бокудаги 61 нусхаси, Алишер Навоий ижодининг озарбайжон адабиётига таъсири ва адабий меросининг ўрганилиши, Кишварий, Содиқий каби озарбайжон шоирлари ижодида Алишер Навоий анъаналари масалаларини кенг ёритиш имконияти яратилган;
Алишер Навоий асарларининг озарбайжон адабиётига таъсири масаласининг бевосита Шарқ мумтоз сўз санъати ва комил инсон концепциясига боғлиқлиги, Навоий ижодидан бевосита таъсирланган Неъматуллоҳ Кишварий ва Содиқбек Афшор Содиқий асарларида комил инсон концепциясининг давом эттирилгани ва ривожлантирилгани бўйича олинган хулосалардан 5.1.17 рақамли «Шарқ мумтоз адабиётида комил инсон концепцияси» мавзуcидаги фундаментал лойиҳаси доирасида фойдаланилган (Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2019 йил 25 майдаги 89-03-2301-сон маълумотномаси). Натижаларнинг  қўлланилиши билан Алишер Навоий, Неъматуллоҳ Кишварий ва Содиқбек Афшор Содиқий ижодидаги ғазал, тахмис, назира ва тазкирага оид матнлар орқали Шарқ мумтоз сўз санъати ва озарбайжон адабиётида комил инсон концепцияси тарихини асослаш бўйича муайян хулосалар чиқарилган;
Алишер Навоий ижодининг озарбайжон адабиётига таъсири ва адабий меросининг ўрганилиши, Навоий ғазаллари таъсирида ёзилган Содиқий назиралари, Кишварийнинг тахмис ва назиралари, «Мажмаъ ул-хавос» ва «Мажолис ун-нафоис» тазкираларининг қиёсий таҳлилига оид материаллардан Туркия Жумҳурияти Отатурк Маданият, тил ва тарих олий қўмитаси турк тили қўмитаси томонидан қўллаб-қувватланган ва лойиҳа ижрочилиги профессор Меҳмет Ўзтурк, лойиҳа маслаҳатчилиги профессор Мустафа Качалин томонидан амалга оширилган «Туркий тилнинг улуғ чинори Алишер Навоий» номли видеофильмни тайёрлашда фойдаланилган (Туркия Жумҳурияти Отатурк Маданият, тил ва тарих олий қўмитаси турк тили қўмитасининг 2019 йил 13 майдаги 63434571-622.03-Е.937-сон маълумотномаси). Олинган амалий натижалар турк телетомошабинларининг ўзбек мумтоз адабиёти, хусусан, Алишер Навоий асарларининг озарбайжон адабиётига таъсири, таржималари, бадиияти, Неъматуллоҳ Кишварий ва Содиқбек Афшор Содиқий ижодида Алишер Навоий анъаналари ҳақидаги тасаввури кенгайишига хизмат қилган;
ўзбек-озарбайжон адабий алоқалари, Алишер Навоийнинг озарбайжонлик устози Низомий Ганжавийдан таъсирланиши, Кишварий, Содиқий ва бошқа озар шоирларининг навоиёна услубда ижод қилишига доир материаллардан Озарбайжон миллий маданият маркази Самарқанд вилоят бўлими фаоллари билан ўтказилган «Низомий ва Навоий – туркий халқларнинг икки буюк чинори» мавзуcидаги адабий кечада фойдаланилган (Республика Озарбайжон миллий маданият маркази Самарқанд вилоят бўлимининг 2019 йил 22 майдаги 20-сон маълумотномаси). Олинган амалий натижалар ўзбек-озарбайжон адабий алоқалари, икки мамлакат халқлари орасидаги маданий ришталарнинг янада мустаҳкамланишига хизмат қилган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish