Sayt test rejimida ishlamoqda

Розимова Қундуз Юлдашевнанинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Бир неча жиноят ва бир неча ҳукм юзасидан жазо тайинлаш», 12.00.08–Жиноят ҳуқуқи. Ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш. Криминология. Жиноят-ижроия ҳуқуқи (юридик фанлар). 
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2017.2.PhD/Yu28.
Илмий раҳбар: Абдурасулова Қумринисо Раимқуловна, юридик фанлар доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент давлат юридик университети. 
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Тошкент давлат юридик университети, DSc.27.06.2017.Yu.22.01. 
Расмий оппонентлар: Мирзаев Азиз Алишерович, юридик фанлар доктори; Палванов Марат Бейимбетович, юридик фанлар номзоди, доцент.
Етакчи ташкилот: Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Ҳарбий-техника институти.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик. 
II. Тадқиқотнинг мақсади: бир неча жиноят ёки бир неча ҳукм юзасидан жазо тайинлаш муаммоларини аниқлаш ҳамда уларни бартараф этиш юзасидан аниқ таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқишдан иборатдир.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
суднинг жазо тайинлаш вақтида дастлабки қамоқнинг ҳар бир кунини озодликни чеклаш, интизомий қисмга жўнатиш ва озодликдан маҳрум қилишнинг бир кунига тенглаштириб ҳисоблаши лозимлиги асослантирилган;
аёлларга, олтмиш ёшдан ошган эркакларга нисбатан тайинланаётган озодликдан маҳрум этиш муддати Жиноят кодекси Махсус қисмининг тегишли моддасида назарда тутилган озодликдан маҳрум этиш энг кўп муддатининг учдан икки қисмидан ортиқ бўлиши мумкин эмаслиги асослантирилган;
Жиноят кодекси 60-моддасининг 5-қисмига кўра, узил-кесил ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланганида, иш ҳақи ёки пул таъминотидан ушлаб қолишнинг энг кўп бўлган миқдори белгиланиши лозим. Бир неча жиноят содир этганлик учун Жиноят кодекси 59-моддаси тартибида жазо тайинлашда ҳам шу қоидаларга амал қилиниши лозимлиги асослантирилган;
агар жиноятлар мажмуи ёки бир неча ҳукм юзасидан жазо тайинлашда муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш жазоси жиноятларнинг бири учун ёки ҳукмларнинг бирида асосий жазо сифатида, бошқа жиноят учун ёки ҳукмда қўшимча жазо сифатида тайинланган бўлса, улар асосий жазо учун белгиланган муддат доирасида тўлиқ ёки қисман қўшилиши лозим. Бунда узил-кесил тайинланган жазо асосий жазо ҳисобланади ва айбловнинг ҳар бир моддаси ёки ҳукмларнинг ҳар бири билан маҳрум қилинган ҳуқуқларнинг барча турлари назарда тутилиши лозимлиги асослантирилган;
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. 
Бир неча жиноят ёки бир неча ҳукм юзасидан жазо тайинлаш масалаларини тадқиқ этиш бўйича олинган  илмий натижалари асосида:
суд жазо тайинлаш вақтида дастлабки қамоқнинг ҳар бир кунини озодликни чеклаш, интизомий қисмга жўнатиш ва озодликдан маҳрум қилишнинг бир кунига тенглаштириб ҳисоблаш тўғрисида тўғрисидаги таклиф Ўзбекистон Республикасининг 2015 йил 10 августдаги ЎРҚ-389-сонли «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғриси»даги Қонунида ўз аксини топган (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари Қўмитасининг 2016 йил 7 июндаги 06/20/289-сон маълумотномаси). Ушбу таклифларнинг қабул қилиниши суд амалиётида жазоларни ҳисоблашнинг бир хилда қўлланилишини таъминлайди;
аёлларга, олтмиш ёшдан ошган эркакларга нисбатан тайинланаётган озодликдан маҳрум этиш жазосининг муддати ЖК Махсус қисмининг тегишли моддасида назарда тутилган озодликдан маҳрум этиш энг кўп муддатининг учдан икки қисмидан ортиқ бўлиши мумкин эмаслиги тўғрисидаги таклиф Жиноят кодексининг 50-моддаси 6-қисмига қўшимча киритилишида фойдаланилган (Ўзбекистон  Республикаси Олий Мажлисининг Сенати Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари Қўмитасининг 2016 йил 26 майдаги 06/1-05/827вх-сон маълумотномаси). Ушбу таклифларнинг қабул қилиниши бир неча жиноят ёки бир неча ҳукм юзасидан жазо тайинлашда инсонпарварлик принципига риоя қилинишини таъминлаган.
«Жиноят кодекси 60-моддасининг 5-қисмига кўра, узил-кесил ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланганида, иш ҳақи ёки пул таъминотидан ушлаб қолишнинг энг кўп бўлган миқдори белгиланиши лозим. Бир неча жиноят содир этганлик учун ЖК 59-моддаси тартибида жазо тайинлашда ҳам шу қоидаларга амал қилиниши лозим» деган таклиф Ўз.Р. Олий суди Пленумининг 2006 йил 3 февралдаги 1-сонли «Судлар томонидан жиноят учун жазо тайинлаш амалиёти тўғрисида»ги қарори 20-банди тўртинчи хатбошига қўшимча киритилишида фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Олий Судининг 2018 йил 1 ноябрдаги ПЛ-63-18-сон маълумотномаси). Ушбу таклифларнинг қабул қилиниши суд амалиётида бир неча жиноят ёки бир неча ҳукм юзасидан жазо тайинлаш юзасидан ахлоқ тузатиш ишлари ва хизмат бўйича чеклаш жазоларини судьялар томонидан бир хилда қўлланишига ижобий таъсир кўрсатади.
«Агар жиноятлар мажмуи ёки бир неча ҳукм юзасидан жазо тайинлашда муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш жазоси жиноятларнинг бири ёки ҳукмларнинг бири билан асосий жазо сифатида, бошқа жиноят ёки ҳукм билан қўшимча жазо сифатида тайинланган бўлса, улар асосий жазо учун белгиланган муддат доирасида тўлиқ ёки қисман қўшилиши лозим. Бунда узил-кесил тайинланган жазо асосий жазо деб ҳисобланади ва айбловнинг ҳар бир моддаси ёки ҳукмларнинг ҳар бири билан маҳрум қилинган ҳуқуқларнинг барча турлари назарда тутилиши лозим», деган таклиф Олий суди Пленумининг 2006 йил 3 февралдаги 1-сонли «Судлар томонидан жиноят учун жазо тайинлаш амалиёти тўғрисида»ги қарори 561-банд билан тўлдирилишида фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Олий Судининг 2018 йил 1 ноябрдаги ПЛ-63-18-сон маълумотномаси). Ушбу таклифларнинг қабул қилиниши бир неча жиноят ёки бир неча ҳукм юзасидан жазо тайинлашда асосий ва қўшимча жазоларни судьялар томонидан турли хил тартибда қўллашларини олдини олади.

Yangiliklarga obuna bo‘lish