Sayt test rejimida ishlamoqda

Ачилов Алимардон Самаридиновичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Ковак ўтказувчанликка эга бўлган кадмий теллурид қатламлари асосидаги Шоттки тўсиқли тескари йўналтирилган структуралардаги электрон жараёнлар», 01.04.10–Яримўтказгичлар физикаси  (физика-математика фанлари).
Диссертация мавзуси рўйҳатга олинган рақам: В2017.1.PhD/FM31.
Илмий раҳбар: Мирсагатов Шавкат Акрамович, физика-математика фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Физика-техника институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: Физика-техника институти, DSc.30.05.2018.FM/T.34.01.
Расмий оппонентлар: Каримов Абдулазиз Вохидович, физика-математика фанлари доктори, профессор; Мавлянов Абдулазиз Шавкатович, физика-математика фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD).
Етакчи ташкилот: Тошкент ахборот технологиялари университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: кристаллитлари устунсимон йирик блокли поликристалл кадмий теллуриди қатламлари асосидаги Al-pCdTe-Mo-тузилмаларда тескари ток йўналишда содир бўладиган электрон жараёнларни ва уларнинг электрофизик параметрларига ҳароратнинг таъсирини аниқлашдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
орқа томон контакт соҳасидан заряд ташувчилар инжекцияси билан боғлиқ ва Al-pCdTe-Mo-тузилма базасида қарама-қарши йўналтирилган бир-бирини компенсацияловчи диффузиявий ва дрейфли токлар пайдо бўлиши ҳисобига вольтампер ҳарактеристикада субчизиқли қисм шаклланишининг механизми аниқланган;
Al-nAl2O3-pCdTe-nMoO3-Mo-тузилма вольтампер характеристикасининг ҳароратга боғлиқлик хусусийлиги ўрнатилган ҳамда асосий бўлмаган заряд ташувчилар диффузия узунлиги (Ln), μnτn катталиги, субчизиқли вольтампер ҳарактеристикали диодларда ток ташиш механизмларини юзага келтирувчи ток ҳарактеристикаларининг ноидеаллик коэффициентлари каби фундаментал параметрлари аниқланган;
Al-nAl2O3-pCdTe-ўтиш потенциал тўсиғининг 0.98 эВ га тенг бўлган юқори қиймати тўғриловчи ўтишнинг ҳажмий заряд соҳаси билан чегараланган заряд ташувчиларнинг тегишли концентрациялари билан боғлиқлиги тажрибада кўрсатилган;
илк бор Al-nAl2O3-pCdTe-nMoO3-Mo-тузилма учун рекомбинация токларининг кичик қийматга эгалиги ва фойдали сигналларнинг катта бўлишини таъминловчи шовқиннинг кам қийматли ишчи кучланишлар оралиғи (2 дан 8 вольтгача) аниқланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Кристаллитлари устунсимон йирик блокли поликристалл кадмий теллуриди қатламлари асосидаги Al-pCdTe-Mo-тузилмаларда тескари ток йўналишда содир бўладиган электрон жараёнлар ва уларнинг электрофизик параметрларига ҳароратнинг таъсирини аниқлаш асосида:
қатламлик детектор тузилмасига орқа томон контактини олиш технологияси «Тошкент механика заводи» акциядорлик жамиятида ишлаб чиқариладиган тузилмаларнинг таркибини аниқлашда қўлланиладиган замонавий қайд қилувчи қурилманинг янги турини ишлаб чиқишда фойдаланилган («Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамиятининг 2018 йил 28 майдаги НГ/2653-18-сон маълумотномаси). Илмий натижаларнинг қўлланилиши металл қотишмаларда кимёвий киришмалар таркибини юқори аниқликда (1% гача) аниқлаш имконини берган;
субчизиқли қисмдаги қарама-қарши йўналган диффузия ва дрейф токларни эътиборга олган ҳолда Al-pCdTe-Mo-тузилмалар вольтампер характеристикаларининг тескари йўналиш таҳлили усули ОТ-Ф-2-41 рақамли «Турли табиатли материаллар (металлар, яримўтказгичлар ва диэлектриклар)га ионларни имплантациялашда сочилиш, атомлар татбиғи, наноўлчамли тузилмалар пайдо бўлиши ва қатламлар кучланиши жараёнларини назарий ва экспериментал тадқиқ этиш» (2012–2016 й.й.) фундаментал лойиҳасида гетероэпитаксиал наноўлчамли тузилмаларнинг фотоэлектрик хусусиятларини таҳлил қилишда қўлланилган (Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2018 йил 19 майдаги 89-03-1926-сон маълумотномаси). Илмий натижалардан фойдаланиш таҳлилнинг экспресс усулини ишлаб чиқиш ва эксплуатация жараёнида гетероэпитаксиал наноўлчамли тузилмаларнинг ишлаш самарадорлигини башоратлаш имконини берган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish