Sayt test rejimida ishlamoqda

Холикова Адлия Омонуллаевнанинг
фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган тармоғи номи): «Соматотропиномалар: клиник-эпидемиологик жиҳатлари, асоратларнинг учраш даражаси, Ўзбекистон Республикаси бўйича даволаш самарадорлигини баҳолаш», 14.00.03–Эндокринология (тиббиёт фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2019.3.DSc/Tib388.
Илмий маслаҳатчи: Халимова Замира Юсуфовна, тиббиёт фанлари доктори.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Я.Х.Тўрақулов номидаги Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи: Тошкент тиббиёт академияси, DSc.27.06.2017.Tib.30.02.
Расмий оппонентлар: Шагазатова Барно Хабибуллаевна, тиббиёт фанлари доктори, профессор; Акбаров Зоирхужа Собирович, тиббиёт фанлари доктори, профессор; Махкамов Козим Эргашевич, тиббиёт фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: А.И.Евдокимов номидаги Москва давлат тиббиёт стоматология университети.
II. Тадқиқотнинг мақсади: акромегалияда касаллик ва унинг асоратларининг клиник-эпидемиологик қирраларини назарда тутган ҳолда Ўзбекистон Республикаси доирасида касалликни даволаш ва беморларни кузатиш ҳамда узоқ келажакда назорат олиб боришни мукаммаллаштиришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
Акромегалиянинг гендер, ёш бўйича ўзига хос кечуви ва замонавий ташхислаш ҳамда даволаш усулларининг қулайлиги ва адекватлиги исботланган ва акромегалияли беморларни самарали даволаш мониторинги, асоратларини эрта аниқлаш, уларнинг касаллик оқибатида тутган ўрнини баҳолаш мақсадида «Акромегалия беморларини регистри» базаси яратилган ва Ўзбекистонда гипофиз соматроп аденомали беморларнинг эпидемиологик, клиник, гормонал, визуализацион, иммуногистокимёвий кўрсаткичлари 12 йил олдинги ҳолат билан таққослама комлекс анализ олиб борилган;
соғлиқни сақлаш тизимининг турли босқичларида акромегалияли беморларни ташхислаш, даволаш самарадорлигини яқин ва узоқ келажакдаги натижалари ва кузатишда қўлланиладиган рационал усуллари такомиллаштирилган;
акромегалия асоратларининг мониторинги йўл харитаси яратилган ва бемор жинси ва ёши, гиперсоматотропинемия давомийлиги, касаллик ёмон тугашига олиб келувчи хавф омилларини ўрганиш ҳисобига республикада акромегалия асоратларининг учраши ва ўзига хос кечиши аниқланган;
илк бор республикада гипофиз соматотроп аденомасини иммуногистокимёвий усули билан касаллик оқибатининг прогностик омили ҳамда ўсманинг агрессив инвазив ўсишини кўрсатувчи Ki 67 маркери аниқланган;
акромегалияда ўсма қайта ривожланишининг олдини олиш ва даволашнинг турли усулларини тўғри танлашга имкон берувчи математик модель яратилган;
кўплаб мултифактор анализлар юрак-қон томир асоратлари келиб чиқишида ўсиш гормони кунлик ритмига боғлиқлиги кўрсатилган ва глюкозага толерантлик тести ўтказилганда ўсиш гормонининг камайиши акромегалиянинг фаоллиги ҳамда оқибатинининг орасида боғлиқлик борлиги аниқланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Ўзбекистон Республикасида акромегалия ва унинг асоратлари ташхиси, даволаш ва кузатуви, касалликни қайта ривожланишининг олдини олиш бўйича олиб борилган тадқиқот натижалари асосида:
«Акромегалияни ташхислаш ва даволаш алгоритми» номли услубий тавсиянома тасдиқланган (Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2019 йил 9 апрелдаги 8н-р/120-сон маълумотномаси). Мазкур услубий тавсиянома республикамизда акромегалияли беморларни ўз вақтида аниқлаш, даволаш, беморлар мониторингини олиб бориш, эпидемиологик кўрсаткичларини аниқлаштириш имконини берган;
«Гипофиз соматотроп аденомали касаллар мониторинг йўл харитаси» номли услубий тавсиянома тасдиқланган (Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2019 йил 9 апрелдаги 8н-р/119-сон маълумотномаси). Мазкур услубий тавсиянома акромегалияли беморларнинг мониторингида соғлиқни сақлаш тизимининг турли даволаш ва ташхислаш муассасаларида босқичли ёрдам кўрсатиш орқали имкони берган;
акромегалия ташхислаш ва даволаш алгоритми ва беморлар мониторинг йўл харитаси бўйича ишлаб чиқилган таклиф ва тавсиялар соғлиқни сақлаш амалиётига, жумладан Тўрақулов Ё.Х. номидаги РИЭИТМ нейроэндокринология бўлими ва лабораториясига, Бухоро ва Навоий вилоят эндокрин диспансерлари амалиётига жорий қилинган (Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2019 йил 12 ноябрдаги 8н-з/190-сон маълумотномаси). Илмий тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши акромегалияли беморлар саломатлигини кузатиш, оғир асоратларни ўз вақтида аниқлаш, касалликдан ўлим ва ногиронлик ҳолатларининг камайишига эришилган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish