Саидов Муродилло Сайфуллоевичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Аноректал нуқсонлар билан туғилган болаларни ташхислаш, даволаш ва реабилитациясини такомиллаштириш усуллари», 14.00.35–Болалар хирургияси (тиббиёт фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2018.1.PhD/Tib531.
Илмий раҳбар: Шамсиев Жамшид Азаматович, тиббиёт фанлари доктори.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Самарқанд давлат тиббиёт институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассасалар номи, ИК рақами: Академик В.Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт маркази ва Тошкент тиббиёт академияси, DSc.27.06.2017.Tib.49.01.
Расмий оппонентлар: Эргашев Насриддин Шамситдинович, тиббиёт фанлари доктори, профессор; Акилов Хабибулло Атауллаевич, тиббиёт фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: «Астана тиббиёт университети» нотижорат акционер жамияти (Қозоғистон Республикаси).
Диссертация йўналиши: амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: хирургик аралашувларнинг диагностик ва тактик-техник жиҳатларини такомиллаштириш, шунингдек реабилитация дастурини оптималлаштириш йўли билан аноректал нуқсонларни даволаш натижаларини яхшилашдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
скрининг диагностикасининг сезгирлиги, ўзига хослиги ва умумий аниқлигини баҳолаш билан ҳомила ривожланишининг аноректал мальформацияни ва у билан бирга келувчи нуқсонларни антенатал текширишнинг сонографик хусусиятлари аниқлаштирилган;
зарарланган аъзонинг нейрогистологик тузилишини, хирургик аралашув ва реабилитация дастурининг тактик ва техник хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда, янги туғилган чақалоқларда аноректал мальформацияни эрта хирургик даволаш натижаларига таъсир кўрсатадиган клиник ва патогенетик жиҳатлар аниқланган;
тўғри ичак сфинктер аппаратининг функционал ҳолатига қараб даволаш натижаларини балли баҳолаш шкаласини такомиллаштириш учун аноректал мальформацияни хирургик бартараф этилганидан сўнг аноректал зонанинг проприоцептив хусусиятларини тавсифловчи асосий клиник ва физиологик омиллар тизимлаштирилган;
нуқсонни хирургик даволашнинг тактик ва техник хусусиятларини ва амалиётдан кейинги реабилитация дастурининг сифатини ҳисобга олган ҳолда аноректал мальформацияни бартараф этилганидан сўнг тўғри ичак сфинктер аппаратининг ишга лаёқатсизлиги ривожланишининг хавф омиллари аниқлаштирилган;
аноректал тешик ҳудудида тўғри ичак шиллиқ қаватнинг сақланиб қолиниши унинг нейрорецептор аппарати зичлиги ҳажминини сақлашга ёрдам бериши ва мушакларнинг тўғри тонусини ва ректоанал зонанинг зарур ҳаракатчанлик даражасини тиклашга ёрдам бериши исботланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Аноректал мальформацияси бўлган болаларда ташхис қўйишни ва хирургик даволашни яхшилаш бўйича илмий тадқиқот натижалари асосида:
“Аноректал мальформацияси бўлган болаларни ташхис қўйиш, даволаш ва реабилитацияси” услубий тавсияномаси тасдиқланган (Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2019 йил 12 ноябрдаги 8н-з/191-сон маълумотномаси). Таклиф этилган тавсиялар аноректал мальформацияни хирургик даволаш тактикасини танлашни оптималлаштириш имконини берган;
аноректал мальформацияси бўлган болаларга ташхис қўйиш, даволаш ва реабилитация сифатини яхшилаш бўйича олинган илмий натижалар соғлиқни сақлаш амалий фаолиятига, хусусан, Самарқанд давлат тиббиёт институти 2-клиникасининг хирургия бўлими, Қашқадарё ва Навоий вилоятлари кўп тармоқли болалар шифохонасига татбиқ этилган (Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2019 йил 12 ноябрдаги 8н-з/191-сон маълумотномаси). Тадқиқот натижаларини жорий қилиш аноректал мальформацияси бўлган болаларга кўрсатиладиган ёрдам сифатини яхшилаш, амалиётдан кейинги асоратлар частотасини 50% дан 25% га, ўлим кўрсаткичини 26,4% дан 11,4% га қисқартиришга ва узоқ муддатларда яхши натижаларни 49,2% дан 77% га ошириш имконини берган.