Sayt test rejimida ishlamoqda

Низамов Собиржон Аълаевичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси  ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Саҳро минтақаси суғориладиган тупроқларида токсикантларнинг тарқалиши ва уларнинг заҳарли таъсирини камайтириш йўллари (Қашқадарё ҳавзаси қуйи қисми тупроқлари мисолида)», 06.01.04 – Агрокимё (қишлоқ хўжалиги фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2018.4.PhD/Qx335.
Илмий раҳбар: Рисқиева Хуршида Турсунова, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Тупроқшунослик ва агрокимё илмий-тадқиқот институти. 
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Тупроқшунослик ва агрокимё илмий-тадқиқот институти, DSc.25/30.12.2019.Qx/B.43.01. 
Расмий оппонентлар: Турсунов Хамза Ҳамдамович, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор; Ураимов Тожиддин, қишлоқ хўжалик фанлари номзоди, доцент.
Етакчи ташкилот: Тошкент давлат аграр университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади Қашқадарё ҳавзасининг саҳро қисмида тарқалган тупроқ-сув-ўсимлик тизимининг токсикантлар билан ифлосланганлик даражасини ҳамда тупроқларнинг экологик ҳолатини аниқлаш, шунингдек, гумус миқдори турли хил бўлган тупроқларда токсикантларнинг тупроқ биотаси, фаунаси, флорасига таъсирини ҳисобга олган ҳолда, тупроқларнинг оғир металлар билан ифлосланишини кўрсатувчи экологик 3D хариталарини ишлаб чиқишдан иборат. 
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
оғир металларнинг хавфлилик синфи бўйича биринчи қаторда турувчи қўрғошин элементи учун ифлосланиш градацияси ишлаб чиқилган;
оғир металларнинг тупроқ таркибида рухсат этилган меъёрларидан 0,5-1-2-4 баробар кўп бўлганда уларни камайтиришга қаратилган фиторемедиация агротадбири такомиллаштирилган;
суғориладиган тупроқларда оғир металларнинг тўпланиши саноат корхоналаридан 10 км ва ундан ортиқ масофаларда шамол йўналишларига боғлиқлиги исботланган;
Касби, Нишон ва Муборак туманларида тарқалган турли инсон касалликларнинг атмосфера ҳавосига ажралаётган чиқинди газлар ҳамда ҳудуд тупроқларининг ифлосланишига боғлиқлиги асосланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Қашқадарё ҳавзаси қуйи қисми суғориладиган тупроқларида токсикантларнинг тарқалиши ва уларнинг заҳарли таъсирини камайтириш йўлларини ишлаб чиқиш бўйича олиб борилган тадқиқотларнинг илмий натижалар асосида:
чўл минтақаси суғориладиган тупроқларида қўрғошин токсик элементи билан ифлосланиш даражаси бўйича градация ишлаб чиқилган ва амалиётга жорий этилган (Қишлоқ хўжалиги вазирлиги 2019 йил 13 ноябрдаги 02/027-3640-сон маълумотномаси). Натижада, ушбу градация «Гулистон» ва «Хитой» массивларининг тупроқ экологик хариталарини тузишда асос бўлиб хизмат қилган; 
тупроқ таркибида ҳаракатчан шаклдаги хром, никель, кадмий ва қўрғошин элементларининг тарқалиши ўрганилган бўлиб, ифлосланиш даражасига таянган ҳолда, оғир металлар билан ифлосланишининг тупроқ экологик 3D хариталари ишлаб чиқилган ва «Хитой» массивининг 3393 гектар, «Гулистон» массивининг 4926 гектар майдонларида амалиётга жорий этилган (Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2019 йил 13 ноябрдаги 02/027-3640-сон маълумотномаси). Натижада, ушбу тупроқ экологик 3D хариталари суғориладиган тупроқларда заҳарли элементларнинг камайтиришга қаратилган экологик тадбирларни белгилаш имконини берган;
оғир металлар тупроқ таркибида рухсат этилган меъёрлардан 0,5-1-2-4 баробар кўп бўлганда уларни камайтиришга қаратилган фиторемедиация тадбири такомиллаштирилган ва амалиётга жорий этилган (Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2019 йил 13 ноябрдаги 02/027-3640-сон маълумотномаси). Натижада, токсикантлар билан ифлосланган майдонларда майда уруғли ўсимликларни 4 марта такрорий экиб олиниши 1 грамм тупроқда микроорганизмлардан актиномицетлар сони 1200 мингта, олигонитрофилларни 2360 мингта, актиномицетларнинг назоратга нисбатан 2,5 баробарга ошишига ҳамда зоофаунанинг қайта тикланишига эришилган. оғир металлар билан ифлосланган майдонларда уларнинг ҳаракатчан шаклларини камайтиришга қаратилган фиторемедиация усули такомиллаштирилган ҳамда Қашқадарё вилояти Муборак тумани «Гулистон» массивининг «Абдуваҳоб Абдуҳалимов» фермер хўжалигида 2 гектар, «Ихтиёр Қўйлиев» фермер хўжаликнинг 3 гектар ер майдонида амалиётга жорий этилган (Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2019 йил 13 ноябрдаги 02/027-3640-сон маълумотномаси). Натижада, ўсимликлар аккумуляцияси орқали тупроқ таркибида ортиқча бўлган хром элементи 2,85 мг/кг, никель элементи 3,16 мг/кг миқдорда камайишига эришилган.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish