Рузибоев Санжар Абдусаломовичнинг
фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Портосистем шунтлаш операциясидан кейинги узоқ муддатда жигар циррози билан беморларда реабилитация дастури ва асоратлар профилактикасининг замонавий тамойиллари», 14.00.27–Хирургия (тиббиёт фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2019.1.DSc/Tib349.
Илмий маслаҳатчи: Девятов Андрей Васильевич, тиббиёт фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Академик В.Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт маркази.
ИК фаолият кўрсатаётган муассасалар номи, ИК рақами: Академик В.Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт маркази ва Тошкент тиббиёт академияси, DSc.27.06.2017.Tib.49.01.
Расмий оппонентлар: Исмоилзода Саймахмуд, тиббиёт фанлари доктори, профессор; Акилов Хабибулла Атауллаевич, тиббиёт фанлари доктори, профессор; Хакимов Мурод Шавкатович, тиббиёт фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: А.В. Вишневский номидаги Миллий хирургия тиббий-текшириш маркази» Федерал давлат бюджет муассасаси (Россия Федерацияси).
Диссертация йўналиши: амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: жигар циррозида реабилитацион дастурни ишлаб чиқиш ва шунтдан кейинги махсус ва бошқа асоратларни даволашни оптималлаштириш йўли билан портосистем шунтлаш натижаларини яхшилашдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
жигар циррози ва портал гипертензия билан беморларда портосистем шунтлашнинг селектив ва марказий вариантларидан кейинги узоқ даврда махсус асоратларнинг структураси, унинг ўзига хос ривожланиши ва ўлим кўрсаткичлари аниқланган;
портосистем шунтлашдан кейин этиологик омилларга (HBV, HBV+HDV, HCV, алкоголли ва идиопатик) боғлиқ ҳолда жигардаги патологик жараён кечишининг хусусиятлари ҳамда жигар етишмовчилиги ва геморрагик синдром ривожланиш хавфи омиллари аниқлаштирилган;
беморларда портосистем шунтлаш учун шароитнинг йўқлиги ёки анастомоз тромбозида, қизилўнгач ва ошқозоннинг варикоз кенгайган веналаридан қон кетиш ривожланишини даволаш ва профилактикаси учун гастроэзофагеал веноз коллекторини ажратиш усули ишлаб чиқилган;
портосистем шунтлашнинг селектив ва марказий вариантларидан кейин жигар циррози билан беморларнинг ҳаёт сифатига таъсир қилувчи устувор омиллар, шунингдек геморрагик синдромнинг хирургик профилактикасида уларнинг аҳамияти аниқланган;
портосистем шунтлашдан олдин ва кейинги даврда жигар циррози билан беморларда жигар энцефалопатияси частотаси ва оғирлик даражасини тасдиқлаш учун «HEPAtonormTM-Analyzer» аппарати ёрдамида милтиллашнинг критик частотасини баҳолашнинг диагностик самарадорлиги аниқланган;
портосистем шунтлашдан кейинги узоқ даврда қизилўнгач ва ошқозоннинг варикоз кенгайган веналаридан қон кетиш ва жигар етишмовчилигининг ўзига хослиги ва сабаб-оқибат муносабатининг ривожланиши аниқланган ва бунинг асосида патогенетик асосланган реабилитацион дастур ишлаб чиқилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Жигар циррози билан беморларга кўрсатиладиган юқори технологик хирургик ёрдам сифатини яхшилашга бағишланган тадқиқот натижалари асосида:
«Қизилўнгач ва ошқозон варикоз кенгайган веналари билан беморларда гастроэзофагеал веноз коллекторни ажратиш усули»га Интеллектуал мулк агентлигининг ихтирога патенти олинган (№ IAP 05390, 28.04.2017 й.). Таклиф қилинган усул портосистем шунтлашга шароит бўлмаган тақдирда ёки анастомоз тромбози ривожланган беморларда хирургик технологиялар спектрини кенгайтириш имконини берган;
«Портосистемли шунтлашдан кейинги узоқ даврда жигар циррози билан беморларда даволаш-диагностик тактика ва реабилитация алгоритми» услубий тавсияномаси тасдиқланган (Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2019 йил 8 ноябрдаги 8н-з/183-сон маълумотномаси). Жигар циррози билан беморлар реабилитацияси мақсадида ишлаб чиқилган алгоритмлар портосистем шунтлашдан кейинги беморларда сабаб-оқибат муносабатини ҳисобга олган ҳолда фатал асорат бўлмиш қизилўнгачдан қон кетиш ва гепатоцеллюляр етишмовчилик каби асоратларда даволаш-диагностик тактикани оптималлаштириш имконини берган;
портосистем шунтлашдан кейин жигар циррози билан беморларга кўсатиладиган хирургик ёрдам сифатини яхшилаш бўйича олинган илмий натижалар соғлиқни сақлаш амалий фаолиятига, жумладан, Академик В.Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт маркази, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Самарқанд ва Қашқадарё вилоят филиаллари амалиётига (Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2019 йил 8 ноябрдаги 8н-з/183-сон маълумотномаси) татбиқ этилган. Жигар циррози билан беморларни даволашда таклиф этилган комплекс ёндашувни қўллаш портосистем шунтлашдан кейинги узоқ натижаларни яхшилашга ва ҳаёт сифатини соғлом кишиларга нисбатан жисмоний ҳолат шкаласи бўйича 57,4±5,3% дан 76,9±4,9% гача ва психологик ҳолат шкаласи бўйича 49,2±5,1% дан 67,3±4,7% гача оширишга, шунингдек HBV-цирроз билан 56,3% беморларда, HCV-этиологиялида эса 85,7% гача вирусга қарши этиотроп давонинг самарадорлигини оширишга эришилган ва булар эвазига патологик жараён кечишининг стабиллашуви кўрсаткичларини 20,5% дан 60,6% гача яхшилашга эришилган.