Sayt test rejimida ishlamoqda

Эгамова Интизор Нормухаммадовнанинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «HCV инфекцияда Чайлд-Пью бўйича А синф жигар циррозининг диагностик, прогностик ва терапевтик жиҳатлари», 14.00.10–Юқумли касалликлар (тиббиёт фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2017.1.PhD/Tib63.
Илмий раҳбар: Мусабаев Эркин Исакович, тиббиёт фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент врачлар малакасини ошириш институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: Тошкент тиббиёт академияси, DSc.27.06.2017.Tib.30.01.
Расмий оппонентлар: Ахмедова Мубарахон Джалиловна, тиббиёт фанлари доктори, профессор; Таджиев Ботир Мирхашимович, тиббиёт фанлари доктори, доцент.
Етакчи ташкилот: Самарқанд  давлат тиббиёт институти.
Диссертация йўналиши: амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: HCV инфекцияда Чайлд-Пью бўйича А синф жигар циррозининг диагностик, прогностик ва терапевтик жиҳатларини аниқлашдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
илк бор жигар фиброзида транзитор эластография ва WFА+-M2BP маркёри кўрсаткичлари миқдорининг ортиши жигар фибрози зўрайишининг диагностик мезони эканлиги исботланган;
HCV этиологияли Чайлд-Пью бўйича А синф жигар циррозида билирубин, цитолитик кўрсаткичлар миқдорининг ортиши ҳамда оқсиллар миқдорининг камайиши фиброз зўрайишининг диагностик мезони эканлиги  аниқланган;
илк бор ОИВ билан касалланган беморларда HCV этиологияли Чайлд-Пью бўйича А синф жигар циррози зўрайиши ва шаклланиши хавфининг етакчи маркёри IL28В ген полиморфизми эканлиги исботланган;
илк бор ОИВ билан касалланган беморларда HCV этиологияли Чайлд-Пью бўйича А синф жигар циррози ривожланишида rs12979860 полиморфизмининг СС-бўлмаган генотипининг учраши жигардаги фиброз жараёни тезлашувига сабаб бўлиши исботланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
HCV инфекцияда Чайлд-Пью бўйича А синф жигар циррози эрта босқичларининг диагностик, прогностик ва терапевтик жиҳатларини ташхислаш ва даволашни такомиллаштириш бўйича олинган илмий натижалар асосида:
«Сурункали гепатит ва жигар циррозида жигар фиброзини аниқлашнинг прогностик ва диагностик усуллари» услубий тавсияномаси тасдиқланган (Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2018 йил 10 октябрдаги 8н-д/226-сон маълумотномаси). Мазкур услубий тавсиянома сурункали гепатит ва жигар циррозининг эрта босқичларида ташхислаш, касаллик кечишини башорат қилиш ва ўз вақтида даволаш чора-тадбирларини қўллашга хизмат қилган;
HCV инфекцияда Чайлд-Пью бўйича А синф жигар циррози эрта босқичларининг диагностик, прогностик ва терапевтик жиҳатларини ташхислаш ва даволашни такомиллаштириш бўйича олинган илмий натижалар соғлиқни сақлаш амалиётига, жумладан, Навоий ва Фарғона вилоят юқумли касалликлар шифохоналари амалиётига татбиқ этилган (Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2019 йил 10 сентябрдаги 8н-з/149-сон маълумотномаси). Жорий қилинган натижалар сурункали гепатит ва жигар циррозининг эрта босқичларини ташхислаш ва даволашни такомиллаштириш, оғир асоратлар ривожланиш эҳтимолини камайтириш ҳамда уларни стационарда даволаниш муддатини қисқартириш орқали  иқтисодий самарадорликка эришишга имконият яратган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish