Sayt test rejimida ishlamoqda

Давронов Қахрамонжон Анваржоновичнинг
фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Агротехник омиллар орқали ғўзада ҳосил элементлари тўкилишининг олдини олиш чораларини такомиллаштириш”,  06.01.08–Ўсимликшунослик (қишлоқ хўжалиги фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2018.4.DSc/Qx5.
Илмий раҳбар: Ибрагимов Одилжон Олимжонович, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Фарғона политехника институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Пахта селекцияси, уруғчилиги ва етиштириш агротехнологиялари илмий-тадқиқот институти, DSc.27.06.2017.Qx.42.01.
Расмий оппонентлар: Элмуродов Абдуғани Актамович, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, доцент; Раҳмонқулов Саидакбар Раҳмонқулович, биология фанлари доктори, профессор; Бобоев Сайидмурот Кимсанбоевич, биология фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: Тошкент давлат аграр университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: республикамизнинг ўтлоқи соз ва типик бўз тупроқлари шароитида чигитга экиш олдидан ва ғўзанинг ўсув даврида стимуляторлар, биоўғит ва суюқ ҳолдаги ўғитлар билан ишлов беришнинг ҳамда ғўзани чилпишда ретардант қўллашнинг мақбул меъёр ва муддатларини ишлаб чиқиш орқали ғўза ҳосил элементлари тўкилишининг олдини олиш чораларини такомиллаштиришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
илк бор республикамизнинг ўтлоқи соз ва типик бўз тупроқлари шароитида ғўза навлари парваришида чигитга экиш олдидан  Витавакс 200 ФФ, Унум стимуляторларини ва Биоэнергия биоўғити билан ишлов беришнинг мақбул меъёрлари аниқланган;
чигитга экиш олдидан Витавакс 200 ФФ билан 5,0 л/т, Унум билан 2,0 мл/т ва Биоэнергия биоўғити 5,0 л/т меъёрларда ишлов бериш ҳамда ғўзанинг ўсув даврларида Биоэнергия биоўғити билан 5,0 л/т ва 6 л/га меъёрларида ҳамда ғўзани баргидан суюқ азотли ўғитлар билан озиқлантиришда янги САКЎ (суюқ азот-кальцийли ўғити)нинг 5 л/га ва 10 л/га меъёрлари билан ишлов берилганда ниҳолларнинг униб чиқиши 10-15% тезлашгани, ўсиш ривожланиши яхшиланиб, гоммоз ва илдизчириш билан зарарланиши камайгани аниқланган;
ғўза парваришида ўсимликнинг ҳосил элементлари тўкилишининг олдини олишда кимёвий усулда чилпиш учун Далпикс ретардантини қўллаш меъёрлари ишлаб чиқилган;
ғўза парваришида физиологик фаол моддалар ҳамда суюқ азотли ўғитлардан самарали фойдаланишнинг ғўза ҳосил элементлари тўкилишининг олдини олиш агротехнологик тадбирлари такомиллаштирилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Фарғона вилояти ўтлоқи соз тупроқлари шароитида ғўза навларидан  юқори ва сифатли пахта ҳосили етиштириш агротехнологияларини ишлаб чиқиш бўйича олиб борилган илмий тадқиқот натижалари асосида:
фермер хўжаликлари дала майдонларида ғўза парваришида дастлаб чигитни экиш олдидан Витавакс 200 ФФ, Унум, Биоэнергия каби физиологик фаол моддалар билан ишлов бериш, кимёвий чилпишда Далпикс ретардантини қўллаш ва суюқ ўғитлардан САКЎ ва Биоэнергия биоўғити билан ўсимликни ўсув даврларида баргидан озиқлантириш бўйича қўлланма сифатида фойдаланиш учун “Пахта ҳосилини етиштиришда муҳим агротехник тадбирлар” тавсияномаси тасдиқланган (Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2019 йил 4 октябрдаги 02/020-2804-сон маълумотномаси). Ушбу тавсиянома пахта етиштирувчи фермер хўжаликлари учун қўлланма сифатида хизмат қилган;
Фарғона вилоятининг ўтлоқи соз тупроқлари шароитида пахта етиштиришда чигитга экиш олдидан Биоэнергия биоўғити билан 5 л/т меъёрида ишлов бериб, Бешариқ туманида 150 гектар, Данғара туманида 1255 гектар жами 1405 гектар майдонларда жорий этилган (Қишлоқ хўжалик вазирлигининг 2019 йил 4 октябрдаги 02/020-2804-сон маълумотномаси). Ушбу агротехнология жорий этилиши эвазига ўсимликнинг ривожланиши, илдиз тизимининг яхши шаклланиши, ҳосил тўплаши яхшиланиши ҳисобига гектаридан 3,2–3,1 центнер қўшимча пахта ҳосили олинишига эришилган;
ғўзани ўсув даврларида САКЎ суюқ азот-кальцийли ўғити билан 15–20 л/га меъёри билан шоналаш ва гуллаш даврларида ишлов берилиши бўйича жами 1145 гектар майдонларда қўлланилиб,  Фарғона вилояти бўйича жами 2550 гектар ғўза майдонларида мақбул парваришлаш агротехнологиялари жорий этилган (Қишлоқ хўжалик вазирлигининг 2019 йил 4 октябрдаги 02/020-2804-сон маълумотномаси). Бунинг натижасида бир гектар майдондан 33,0–36,0 центнердан ҳосил олиниб, режага нисбатан 4–5 центнер қўшимча пахта ҳосил олишга ва рентабеллик даражасининг ошишига эришилган;
ўтлоқи соз тупроқлар шароитида ғўзани 3-4 чин барг, шоналаш ва гуллаш даврларида Биоэнергия биоўғитини гектарига 5 литр, САКЎ ўғитини 5 л/га ва 10 л/га меъёрида Данғара туманида 405 гектар майдонда қўлланилган (Қишлоқ хўжалик вазирлигининг 2019 йил 4 октябрдаги 02/020-2804-сон маълумотномаси). Натижада ҳосил элементларининг тўкилиши 48,5–48,6% ни ташкил этиб, назоратга нисбатан 11,0–11,5% га камроқ бўлгани ҳолда ўртача 3,2–3,1 ц/га қўшимча пахта ҳосили олишга эришилган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish