Sayt test rejimida ishlamoqda

Курбонов Аброржон Ёркиновичнинг
фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Ғўзани G.hirsutum L. турини зарарловчи Fusarium ва Verticillium авлоди патогенларига чидамли бўлган селекцион ашёларни яратиш», 06.01.05–Селекция ва уруғчилик (қишлоқ хўжалиги фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2018.2.DSc/Qx97.
Илмий маслаҳатчи: Автономов Виктор Александрович, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Пахта селекцияси, уруғчилиги ва етиштириш агротехнологиялари илмий-тадқиқот институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассасалар номи, ИК рақами: Тошкент давлат аграр университети, DSc.27.06.2017.Qх.13.01.
Расмий оппонентлар: Эргашев Ибрагим Ташкентович, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор; Ризаева Сафия Мамедовна, биология фанлари доктори, профессор; Рахманкулов Мурод Саид-Акбарович, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори.
Етакчи ташкилот: М.Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: бошланғич ашёни танлаш ва ўрганиш, уни дурагайлашга жалб этиш, унинг асосида анъанавий селекцияда биокимё ва фитопатологиянинг замонавий услубларидан фойдаланган ҳолда асосий морфохўжалик белгиларининг юқори кўрсаткичлари мажмуига эга ҳамда V.dahliaе Klebhan ва Fusarium авлоди замбуруғларига чидамли бўлган ғўзанинг G.hirsutum турига мансуб дурагай ва селекцион ашёларини яратишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
илк бор Бухоро вилояти шароитида турли илдиз чиришини келтириб чиқарадиган Fusarium авлоди патогенлари турлари изолятлари аниқланган;  
бошланғич ашё ҳамда G.hirsutum турига мансуб тизмалар ва навлар иштирокида яратилган дурагай ашёларни V.dahliae (табиий) ва Fusarium авлоди патогени билан сунъий зарарлантирилган муҳитларда баҳолаш ўтказилган;
чигит унувчанлигига замбуруғ изолятларининг таъсири ҳамда ғўзанинг тизмалараро дурагайларида Fusarium авлоди изолятларининг патогенлик даражаси аниқланган;
ғўзада юқори целлюлоза миқдорига ва ферментларнинг паст целлюлоза фаоллигига эга бўлган, тола сифати бўйича истиқболли бошланғич ва селекцион ашёлар танлови ўтказилган;
мураккаб тизмалараро ва навлараро дурагайлаш асосида яратилган дурагайларда белгиларнинг ўзгарувчанлиги, ирсийланиши ва наслдан-наслга берилишининг айрим генетик қонуниятлари аниқланган;
айрим F1 дурагайларида асосий белгиларнинг устунлик ва ўта устунлик ҳолатида ирсийланганлиги қайд этилган;
тадқиқотларда маҳаллий селекцияга мансуб тизмалар, мураккаб тизмалараро дурагайлар ва навлардан фойдаланиш орқали тезпишарлик, юқори пахта хом ашёси ва тола сифати каби белгиларнинг шаклланишига имкон яратиши аниқланган;
селекция жараёнига маҳаллий селекцияга мансуб тизмалар, тизмалараро F4 дурагайлари ва навларни жалб этиш, тезпишарлик, битта ўсимликдаги пахта хом ашёси маҳсулдорлиги, тола сифати ва миқдори ҳамда V.dahliae ва Fusarium авлоди замбуруғларига чидамлилиги юқори бўлган селекцион ашёларни яратиш имкониятини бериши аниқланган;
истиқболли селекцион ашёларни яратишда мураккаб тизмалараро ва навлараро дурагайлашнинг самарадорлиги юқори эканлиги исботланган;
жуфт навлараро дурагайлаш асосида истиқболли Л-1077 ва Л-212 тизмалари, мураккаб тизмалараро ва навлараро дурагайлаш асосида эса янги С-6570 ва С-6577 ғўза навлари яратилган.  
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
G.hirsutum L. турига мансуб ғўза навлар селекциясида мураккаб тизмалараро ва навлараро дурагайлашнинг самарадорлиги бўйича олинган натижалар асосида:
мураккаб тизмалараро дурагайлаш услуби асосида яратилган янги C-6570 ғўза навига (№NAP 00156) ва навлараро дурагайлаш услуби асосида яратилган янги C-6577 ғўза навига (№NAP 00239) селекция ютуғига патент олинган;
янги яратилган «С-6570» ғўза нави Фарғона вилояти Қува туманида 27,4 га майдонга жорий этилган. (Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2019 йил 19 июлдаги 02/020-1280-сон маълумотномаси). Натижада мазкур ғўза навидан андоза навга нисбатан гектаридан 4-5 центнер қўшимча пахта ҳосили олинган ва рентабеллик даражаси 71,4 фоизни ташкил этган;
«С-6577» ғўза нави Сурхондарё вилояти Жарқўрғон туманида жойлашган янги ғўза навларини дастлабки кўпайтириш элита уруғчилик хўжаликларида 27,6 га майдонда кўпайтирилган (Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2019 йил 19 июлдаги 02/020-1280-сон маълумотномаси). Натижада мазкур ғўза навидан андоза навга нисбатан гектаридан 5,2–5,8 центнер қўшимча пахта ҳосили олинган ва рентабеллик даражаси 77,4 фоизни ташкил этган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish