Кульмуратов Нурилло Рахимовичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Деформацияланувчи муҳитда жойлашган бўлакли бир жинсли суюқликли цилиндрик жисмларга тўлқинлар таъсирининг хусусиятлари», 01.02.04–Деформацияланувчан қаттиқ жисм механикаси (техника фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2018.4.PhD/T514.
Илмий раҳбар: Сафаров Исмоил Ибрагимович, физика-математика фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Навоий давлат кончилик институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассасалар номи, ИК рақами: Самарқанд давлат университети, DSc.30.08.2018.FM/T.02.09.
Расмий оппонентлар: Мавланов Тўлқин, техника фанлари доктори, профессор; Бердиев Шавкат Давронович, техника фанлари номзоди, доцент.
Етакчи ташкилот номи: Наманган муҳандислик-қурилиш институти.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: қовушоқ-эластик муҳитда жойлашган бўлакли бир жинсли суюқликли цилиндрик қобиқларга тўлқинлар (гармоник ва турғун бўлмаган) таъсирининг такомиллаштирилган математик моделини қуриш ва тенгламаларни сонли ечиш усуллари ва алгоритмларини ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
қовушоқ-эластик муҳитда жойлашган бўлакли бир жинсли суюқликли цилиндрик қобиқларда (гармоник ёки нотурғун) тўлқинларнинг таъсири масаласи материаллар реологик хоссаларини ҳисобга олган ҳолда масаланинг математик қўйилиши, уни ечиш методи ва алгоритми ишлаб чиқилган;
қовушоқ-эластик муҳитда жойлашган бўлакли бир жинсли суюқликли цилиндрик қобиқларнинг хос тебранишлари масаласи материал реологик хоссаларини ҳисобга олган ҳолда масаланинг математик қўйилиши, уни ечиш методи ва алгоритми ишлаб чиқилган;
қовушоқ-эластик муҳитда жойлашган бўлакли бир жинсли суюқликли фазовий цилиндрик қобиқда гармоник тўлқин юкланиши натижасида динамик кучланишлар ва деформация ҳолатининг ўзгаришига солиштирма баҳо берилган;
деформацияланувчи муҳитда жойлашган бўлакли бир жинсли суюқликли цилиндрик қобиқдаги контур кучланишлари қийматининг тўлқин тушиши бурчагига боғлиқлиги сонли ҳисоблашлар натижасида асослаб берилиб, юмшоқ грунтда бўлган бетон қобиқда SH тўлқин, бошқа SV ва P тўлқинларга қараганда катта контур кучланишлари ҳосил қилиши топилган ва қобиқда турғун бўлмаган тўлқин юкланиши натижасида максимал динамик кучланишлар қиймати вақтнинг бошланғич ҳолатида ҳосил бўлиши аниқланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Қовушоқ-эластик муҳитда жойлашган бўлакли бир жинсли суюқликли цилиндрик қобиқларга цилиндрик бўйлама ва кўндаланг тўлқинлар ёки юкланишлар таъсири масалаларини материалнинг реологик хоссаларини ҳисобга олган ҳолда математик моделлаштириш назариясини ривожлантириш учун ишлаб чиқилган ҳисоблаш методи, алгоритми ва дастурлари бўйича олинган натижалар асосида:
материаллар реологик хоссаларини ҳисобга олган ҳолда қовушоқ-эластик муҳитда жойлашган бўлакли бир жинсли суюқликли цилиндрик қобиқларда (гармоник ёки нотурғун) тўлқинларнинг таъсири масаласининг математик модели Ф4-14 рақамли «Суюқлик оқувчи ер ости эгри чизиқли қувурнинг ташқи кучлари таъсиридаги кучланиш-деформациялар ҳолатини тадқиқ қилиш назариясини ривожлантириш ва ҳисоблаш усулларини ишлаб чиқиш» (2012-2016) мавзуидаги фундаментал лойиҳа доирасида олиб борилган суюқлик оқувчи цилиндрик ва сферик қобиқларнинг эркин тебранишлари назариясини ривожлантиришда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2018 йил 15 ноябрдаги 89-03-3928-сон маълумотномаси). Натижада суюқлик оқувчи цилиндрик ва сферик қобиқлардаги максимал кучланишларни 20% гача камайтириш имконини берган;
ер ости портлаши ва сейсмик юкланиш таъсиридан ер ости қувурларида пайдо бўладиган қисқа частотали тўлқинлар таҳлилини берувчи ишлаб чиқилган сонли алгоритм ва дастур Навоий кон-металлургия комбинати таркибидаги корхоналарнинг ишлаб чиқариш объектларида масофада бўлган тўлқинларнинг резонанс ҳолатларини аниқлашда фойдаланилган (НКМКнинг 2019 йил 30 майдаги 02-06-07/6924-сон маълумотномаси). Натижада бу цилиндрик қувурлардаги қисқа тўлқинлар соҳасида тебраниш частоталарини 15–17 фоизга камайтириш, унинг ҳисобидан мустаҳкамликни 20 фоизга ошириш имконини берган.