Sayt test rejimida ishlamoqda

Жўраева Бибиш Муҳсиновнанинг
фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Ўзбек халқ мақоллари шаклланишининг лингвистик асослари ва прагматик хусусиятлари», 10.00.01–Ўзбек тили (филология фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2019.2.DSc/Fil127.
Илмий маслаҳатчи: Маматов Абдуғафур Эшонқулович, филология фанлари доктори 
Диссертация бажарилган муассаса номи: Бухоро давлат университети. 
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Самарқанд давлат университети, DSс.27.06.2017.Fil.02.03.
Расмий оппонентлар: Элтазаров Жўлибой, филология фанлари доктори, профессор; Дадабоев Ҳамидулла, филология фанлари доктори; Искандарова Шарифа, филология фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: Ўзбекистон республикаси Фанлар академияси Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: мақолнинг ёндош ҳодисаларга муносабатини аниқлаш, шу асосда унинг лисоний мавқеини белгилаш, мақол пайдо бўлишининг интралингвистик ва экстралингвистик омиллари ҳамда прагматик хусусиятларини тизимли ўрганишдан иборат. 
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
ўзбек тилида паремик ва идиоматик бирликлардан мақол ва идиома, мақол ва ибора, мақол ва матал муносабати, уларнинг интеграциялашув ва дифференциялашув ҳолатлари аниқланган; 
тилда типик, барқарор категориялар билан бир қаторда оралиқ ҳодисалар ҳам учраши, мақол ва матал ўртасида мақол-матал типидаги паремаларнинг мавжудлиги асосланган;
ўзбек халқ мақолларининг ёндош ҳодисаларга муносабати асосида уларнинг лисон/нутқ дихотомиясидаги ўрни лингвистик нуқтаи назардан очиб берилган;
мақоллар шаклланишининг интралингвистик асосларида лисоний (ибора), фольклористик (матал, ривоят, латифа, афсона, топишмоқ), этнографик (эътиқодий тушунча, халқ удумлари, халқ ўйинлари), диний (ҳадис) манбалар парадигмаси етакчи омил бўлганлиги исботланган;
мақоллар пайдо бўлишининг экстралингвистик омиллари ҳайвон номлари, касб-кор, диний, уй-рўзғор тушунчалари, вақт, ўсимлик, табиат ҳодисалари номлари, ўзбек халқи турмуши воқелиги асосида шаклланган мақоллар таснифи асосида иерархик далилланган;
ўзбек халқ мақолларидаги фаол ҳайвон номларининг ижтимоий шартланган маънолари, яъни прагматик хусусиятлари градуонимик, семантик, функционал жиҳатдан ишлаб чиқилиб, бадиий-эстетик қиймати ёритилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. 
Ўзбек халқ мақоллари шаклланишининг лингвистик асослари ва прагматик хусусиятлари бўйича олинган илмий натижалар асосида:
ясама сўзларнинг диахрон ҳолатини ўрганишда мақоллар таркибидаги айрим сўзларнинг диахрон ҳолати ўрганилиши билан боғлиқ назарий қарашлардан, айрим иборалар пайдо бўлишининг материал томони эркин сўз бирикмаси бўлганлиги ва уларнинг таркибидаги айрим сўзларнинг тарихан ясама эканлиги ҳақидаги фикрлардан Қорақалпоқ гуманитар фанлар илмий-тадқиқот институтида 2012–2016 йилларда бажарилган ФА-Ф1-Г003 рақамли “Ҳозирги қорақалпоқ тилида функционал сўз ясалиши” мавзусидаги фундаментал тадқиқот лойиҳасида фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Қорақалпоғистон бўлимининг 2019 йил 27 августдаги 182/1-сон маълумотномаси). Натижада сўзларнинг синхрон ва диахрон шаклланишига доир масалаларни мукаммаллаштириш имконияти яратилган;
мақол ва маталлар ҳақида атрофлича маълумот бериш, ибора ва мақолларни ўзаро фарқлаш, топишмоқ ва мақол, ривоят ва мақол, афсона ва мақол муносабатларини ёритиш, мақолларда кўп маънолилик ҳодисасини изоҳлаш, мақолларда иштирок этган ҳайвон номларининг маъноларини очиб бериш хусусидаги назарий қарашлардан 2007–2011 йилларда бажарилган ОТ-Ф8-062 рақамли “Тил тараққиётининг деривацион қонуниятлари” номли фундаментал илмий тадқиқот лойиҳасида фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2019 йил 11 октябрдаги 89-03-3873-сон маълумотномаси). Айни илмий натижанинг қўлланиши сўз маъноларини ойдинлаштиришга, бу борадаги таҳлилларни такомиллаштиришга хизмат қилган;
идиома, ибора, мақол, маталлар таҳлили, шунингдек, мақолларнинг ижтимоий шартланган маънолари, уларнинг бадиий асар тилини бойитишдаги, персонажлар нутқини индивидуаллаштиришдаги хусусиятларидан 2007–2011 йилларда бажарилган ОТ-Ф8-090 рақамли “Жадид адабиёти – жаҳон илғор адабиётининг синтези сифатида” мавзусидаги фундаментал лойиҳада фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2019 йил 11 октябрдаги 89-03-3873-сон маълумотномаси). Натижаларнинг қўлланиши барқарор бирликларларга хос хусусиятларни аниқроқ фарқлашга замин яратган;
ўзбек романларида мақолларнинг ижтимоий шартланган маъноларини аниқлаш; мақол, идиома, матал, иборага хос хусусиятларни белгилаш; мавжуд бирликларнинг бадиий асар тилини бойитишдаги ўрнини кўрсатиш; мақолларнинг персонажлар характерини очишдаги ўрни ҳақидаги хулоса-умумлашмалардан 2012–2016 йилларда бажарилган Ф-1-06 рақамли “Истиқлол даври ўзбек адабиётида Шарқу Ғарб адабий анъаналари синтези” мавзусидаги фундаментал лойиҳада (Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2019 йил 11 октябрдаги 89-03-3873-сон маълумотномаси) фойдаланилган. Илмий хулосаларнинг татбиғи бадиий асарларда қўлланган мақолларнинг маъноларини осонликча изоҳлашга йўл очган;
халқ ўйинлари асосида шаклланган ўзбек халқ мақолларининг мазмуний боғлиқлигини асослаш орқали уларда поэтик структура ёки композиция шаклланишининг асосий тамойилларини белгилаш, афсоналар асосида шаклланган халқ мақоллари масаласини ўрганиш, бундай мақолларнинг ўзига хос жиҳатларини очиб бериш ҳақидаги хулосалардан 2012–2016 йилларда бажарилган Ф-1-ХТ-0-19919 рақамли “Ўзбек мифологияси ва унинг бадиий тафаккур тараққиётида тутган ўрни” мавзусидаги фундаментал лойиҳада фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2019 йил 11 октябрдаги 89-03-3873-сон маълумотномаси). Илмий қарашлар халқ ўйинлари ва афсоналарнинг мақолларга муносабати бўйича мукаммал билимга эга бўлишга хизмат қилган;
ўзбек халқ мақолларининг ўзига хос хусусиятлари, мақоллардаги маъноларнинг шаклланиш манбалари ҳақидаги мулоҳазалардан Бухоро телеканали орқали 2018 йил 4, 18 ноябрь; 9, 16 декабрь кунлари эфирга узатилган “Ассалом, Бухоро” кўрсатуви сценарийларида фойдаланилган (Бухоро вилоят телерадиокомпаниясининг 2019 йил 15 январдаги 1/22-сон маълумотномаси). Натижада ушбу телекўрсатув ва эшиттиришлар учун тайёрланган материалларнинг мазмуни мукаммаллашган, илмий далилларга бой бўлиши таъминланган;
тадқиқот натижалари асосида яратилган “Ўзбек халқ мақолларининг қисқача синонимик луғати” (изоҳли луғат: 5-648-03473-3) тил таълимида мақолларнинг маъноларини атрофлича тушунишга имконият яратган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish