Sayt test rejimida ishlamoqda

Базаров Отабек Хасанбоевичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Талаба-ёшлар маънавий-ахлоқий онгини шакллантиришнинг ижтимоий-фалсафий асослари», 09.00.04–Ижтимоий фалсафа (фалсафа фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2018.4.PhD/Fаl37.
Илмий раҳбар: Қуронов Муҳаммад, педагогика фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Ўзбекистон Миллий университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: Ўзбекистон Миллий университети, DSc.27.06.2017.Ғ.01.05.
Расмий оппонентлар: Раматов Жуманиёз Султонович, фалсафа фанлари доктори, профессор; Алиев Бекдавлат, фалсафа фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: Тошкент давлат педагогика университети.
Диссертация йўналиши: назарий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: талаба-ёшлар маънавий-ахлоқий онгини шакллантириш жараёнини ижтимоий-фалсафий ва илмий-назарий жиҳатдан асослашдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
Ўзбекистонда талаба-ёшларнинг маънавий-ахлоқий онгини шакллантиришда анъанавийлик ва замонавийлик диалектикасининг ижтимоий-фалсафий асослари, умумтамаддун ва миллий маънавий барқарорликни таъминлашдаги объектив ва субъектив қонуниятлари очиб берилган; 
муаллифлик ёндашуви асосида бегона ғоялар, зарарли иллатлар ва радикал қарашлар (оқимлар)га қарши курашнинг замонавий механизмлари ишлаб чиқилиб, ёшларда прагматик тафаккурни қарор топтириш ва мафкуравий иммунитетни мустаҳкамлаш воситалари яратилган; 
ёшлар маънавиятини юксалтиришнинг илмий асосланган мезонлари ҳамда креатив тафаккур, ностандарт қарор қабул қилиш, мустаҳкам фуқаролик позицияси фазилатларини шакллантириш принциплари ишлаб чиқилган; 
талабаларни юксак маънавиятли шахс сифатида шакллантиришнинг ички ва ташқи динамикаси тамойиллари, миллий маънавий-ахлоқий тарбия парадигмасини юксалтириш йўллари ва усуллари (табақалаштириш, психологик таҳлил қилиш, ижтимоий муҳитга асосланиш, когнитив ёндашув)  асосланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Талаба-ёшлар маънавий-ахлоқий онгини шакллантириш бўйича олинган илмий натижалар асосида:
Ўзбекистонда талаба-ёшларнинг маънавий-ахлоқий онгини шакллантиришда анъанавийлик ва замонавийлик диалектикасининг ижтимоий-фалсафий асослари, умумтамаддун ва миллий маънавий барқарорликни таъминлашдаги объектив ва субъектив қонуниятларидан 11 та услубий тавсияни ишлаб чиқишда фойдаланилган (Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2019 йил 30 апрелдаги 89-03-1696-сон маълумотномаси). Мазкур тавсиялар талаба-ёшларнинг мафкуравий иммунитетини ва ғоявий бардошлилигини мустаҳкамлаш, уларнинг онгига қаратилган ахборот хуружларининг олдини олиш, уларда маълумотлар, интернет ва бошқа ахборот ресурсларидан ўринли фойдаланиш маданиятини шакллантириш, талабаларнинг ўқишдан бўш вақтларини мазмунли ўтказишни ташкиллаштириш, уларда миллий ўзликни англаш, миллий қадриятлар ва анъаналар ҳамда умуминсоний қадриятларга нисбатан чуқур эҳтиромда бўлиш туйғуларини, шунингдек, китобга бўлган ҳурмат ва муҳаббат, мутолаа маданиятини ривожлантиришга хизмат қилмоқда;
бегона ғоялар, зарарли иллатлар ва радикал қарашлар (оқимлар)га қарши курашнинг замонавий механизмлари ва ёшларда прагматик тафаккурни қарор топтириш ва мафкуравий иммунитетни мустаҳкамлаш воситаларидан Республика маънавият ва маърифат маркази иш режалари ва унинг фаолиятига доир дастурларни ишлаб чиқишда фойдаланилган (Республика маънавият ва маърифат марказининг 2019 йил 19 апрелдаги 01/02-572-сон маълумотномаси). Режа ва дастурлар мамлакатимиз ёшларида прагматик тафаккурни қарор топтириш ва мафкуравий иммунитетни мустаҳкамлашга хизмат қилган;
ёшлар маънавиятини юксалтиришнинг илмий асосланган мезонлари ҳамда креатив тафаккур, ностандарт қарор қабул қилиш, мустаҳкам фуқаролик позицияси фазилатларини шакллантириш принципларидан Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг Низом ва Дастурини тайёрлашда фойдаланилган (Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгашининг 2019 йил 21 октябрдаги 02-06/241-сон маълумотномаси). Бу мамлакатимизда талаба-ёшларнинг маънавий-ахлоқий онгини юксалтиришдаги фаолият самарадорлигини оширишга хизмат қилган;
талабаларни юксак маънавиятли шахс сифатида шакллантиришнинг ички ва ташқи динамикаси тамойиллари, миллий маънавий-ахлоқий тарбия парадигмасини юксалтириш йўллари ва усуллари тўғрисидаги илмий хулосалардан Ўзбекистон Республикаси «Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида»ги Қонунининг 10-моддаси 5-7-хатбошиларини тайёрлашда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитасининг 2019 йил 24 майдаги 05/01-10-230-сон маълумотномаси). Қонун ёшлар маънавий-ахлоқий онгини шакллантириш ва юксалтириш билан боғлиқ барча ишларни амалга оширишга ҳуқуқий ва методологик асос бўлиб хизмат қилмоқда.

Yangiliklarga obuna bo‘lish