Хайдаров Асқарбекнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Ўзбекистонда фуқаролар давлат пенсия таъминоти тизимини такомиллаштириш”, 08.00.07–Молия, пул муомаласи ва кредит (иқтисодиёт фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2018.2.PhD/Iqt1504.
Илмий раҳбар: Алимардонов Мухаммадали Ибрагимович, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент молия институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Тошкент молия институти, DSc.27.06.2017.I.17.01.
Расмий оппонентлар: Жумаев Нодир Хосиятович, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор; Исломқулов Алимназар Худжамуротович, иқтисодиёт фанлари номзоди, доцент.
Етакчи ташкилот: Ўзбекистон Миллий университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: фуқаролар давлат пенсия таъминоти тизимини такомиллаштириш бўйича таклиф ва амалий тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
пенсия таъминотида ижтимоий адолат принципларини кучайтириш, рағбатлантирувчи механизмларни жорий қилиш, пенсия миқдори ва ходимнинг меҳнат ҳиссаси ўртасидаги ўзаро боғлиқликни оширишда пенсияларни ҳисоб-китоб қилиш учун олинадиган иш ҳақининг максимал миқдорини ошириш таклиф этилган;
аҳолининг эҳтиёжманд қатламлари ижтимоий ҳимоясини ҳамда кексалар ва имконияти чекланган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашни кучайтиришда болаликдан ногиронлиги бўлган фарзанди бор оналарга ижтимоий нафақа тайинлаш услуби такомиллаштирилган;
фуқаролар давлат пенсия таъминоти тизимида ёшга доир пенсия тайинлаш учун талаб этиладиган минимал меҳнат стажини ошириш, фуқароларнинг меҳнат стажи давомийлигини ва пенсия миқдори ўртасидаги боғлиқликни таъминлаш такомиллаштирилган;
меҳнат дафтарчаларини рақамлаштириш билан биргаликда пенсия ажратмалари ва бандликни ҳисобга олиш тизимларини модернизация қилиш ҳамда пенсия тизими барқарорлигининг ўрта ва узоқ муддатли прогнозини ишлаб чиқиш механизми такомиллаштирилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Ўзбекистонда фуқаролар давлат пенсия таъминоти тизимини такомиллаштириш бўйича олинган илмий натижалар асосида:
пенсияларни ҳисоблаб чиқариш учун ҳисобга олинадиган ўртача ойлик иш ҳақи миқдорига қўйиладиган чегара (чеклов)ни амалдаги 8 баробаридан 10 баробарига ошириш, истиқболда эса уни 12 баробарга етказиш ҳақидаги таклифи Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 12 декабрдаги ПФ-5597-сонли “Фуқароларнинг пенсия таъминоти тизими самарадорлигини ошириш ва пенсионерларни ижтимоий қўллаб-қувватлашни кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонида ўз аксини топган (Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг 2018 йил 21 ноябрдаги ШД/30-01-32-1297-сон маълумотномаси). Ушбу таклифнинг амалиётга жорий этилиши фуқароларнинг пенсия таъминоти тизимидаги иштирокига, жумладан, уларнинг меҳнат фаолияти давомийлигини таъминлаш ва юқорироқ миқдорда иш ҳақи олувчиларни рағбатлантиришга ижобий таъсир кўрсатган;
болаликдан ногиронлиги бўлган фарзанди бор оналарга улар 55 ёшга етганларида ёшга доир нафақа тайинлаш зарурлиги бўйича берилган таклифи Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 17 январдаги ПФ-5635-сонли “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури тўғрисида”ги фармонида ўз аксини топган (Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг 2018 йил 21 ноябрдаги ШД/30-01-32-1297-сон маълумотномаси). Мазкур таклифнинг амалиётга жорий этилиши аҳолининг эҳтиёжманд қатламлари ижтимоий ҳимоясини ҳамда кексалар ва имконияти чекланган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашни кучайтиришга хизмат қилган;
ёшга доир пенсия тайинлаш учун талаб этиладиган минимал меҳнат стажини (ҳозирда 7 йил) 2020 йилдан бошлаб босқичма-босқич бир йилдан ошириб, уни 10 йилга етказиш бўйича берилган таклиф Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси томонидан амалиётга жорий этилган (Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг 2018 йил 21 ноябрдаги ШД/30-01-32-1297-сон маълумотномаси). Мазкур таклиф фуқароларнинг меҳнат стажи давомийлиги ва келажакдаги пенсия миқдори ўртасидаги ўзаро боғлиқликни таъминлаган ҳамда Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси харажатларининг бир йилда ўрта ҳисобда 66,4 млрд. сўмга тежалишига олиб келган;
меҳнат дафтарчаларини рақамлаштириш билан биргаликда пенсия ажратмалари ва бандликни ҳисобга олиш тизимларини модернизация қилиш, пенсия тизими барқарорлигининг ўрта ва узоқ муддатли прогнозини ишлаб чиқишга доир таклифи Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 8 январдаги ПФ-5614-сонли “Иқтисодиётни янада ривожлантириш ва иқтисодий сиёсат самарадорлигини оширишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига илова қилинган 2019-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасида таркибий ислоҳотлар асосий йўналишларининг “Йўл харитаси”да ўз ифодасини топган (Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг 2018 йил 21 ноябрдаги ШД/30-01-32-1297-сон маълумотномаси). Ушбу таклиф фуқароларнинг пенсия ажратмалари ва бандликни ҳисобга олиш тизимларини модернизация қилиш ҳисобига пенсия таъминоти тизимининг молиявий барқарорлигини ошириш имконини берган.