Sayt test rejimida ishlamoqda

Хамраева Сайёра Насимовнанинг
фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Қишлоқ хўжалигига хизмат кўрсатувчи инфратузилмани инновацион ривожлантириш йўналишлари», 08.00.04–Қишлоқ хўжалиги иқтисодиёти (иқтисодиёт фанлари). 
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2019.4.DSc/Iqt147.
Илмий раҳбар: Эргашев Рахматулла Хидирович, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассасалар номи, ИК рақами: Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти, Қишлоқ хўжалиги иқтисодиёти илмий-тадқиқот институти, DSc.27.06.2017.I.10.03.
Расмий оппонентлар: Муртазаев Олим, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор; Мирзаев Қулмамат Джанзакович, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор; Қодиров Абдусатторхўжа, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот:  Тошкент давлат аграр университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: қишлоқ хўжалигига хизмат кўрсатувчи инфратузилмани инновацион ривожлантириш бўйича илмий-назарий, услубий ҳамда амалий йўналишдаги таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
анъанавий талқиндан фарқли улароқ, биологик, техник, технологик ва ташкилий инновациялар самарадорлигини оширишга олиб келувчи  модернизациялашнинг устувор йўналишини эътиборга олиб, “қишлоқ хўжалигига хизмат кўрсатувчи инфратузилма” ҳамда “қишлоқ хўжалигига хизмат кўрсатувчи инфратузилмани инновацион ривожлантириш” тушунчаларнинг иқтисодий мазмуни аниқлаштирилган;
қишлоқ хўжалиги ва унга хизмат кўрсатувчи инфратузилмани инновацион ривожлантириш даражасини баҳолашнинг умумий индексини тавсифловчи инновацион имконият индекси (Ii), инновацияга талаб даражаси индекси (Itd) ва таркибий индексни (It) аниқлаш усули  ишлаб чиқилган ҳамда биологик, техник-технологик ва ташкилий инновацияларнинг самарадорлигига таъсирини баҳолаш услуби таклиф этилган;
қишлоқ хўжалиги субъектларига моддий-техник таъминот хизматларини мажмуавий амалга оширувчи интеграллашган, кўп тармоқли технологик марказларни ташкил этиш асосланган;
ҳудудларда чорвачилик тармоғининг ривожланганлик даражаси бўйича ветеринария марказларини мақбул жойлаштириш ҳамда “Кўчма тез ёрдам”, “Онлайн” сингари инновацион хизматларни  ташкил этиш асосланган;
қишлоқ хўжалигига хизмат кўрсатувчи инфратузилмани инновацион ривожлантириш салоҳиятидан самарали фойдаланишга қаратилган 2024 йилгача мулжалланган прогноз параметрлари аниқланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Қишлоқ хўжалигига хизмат кўрсатувчи инфратузилмани инновацион ривожлантириш бўйича олинган илмий натижалар асосида: 
қишлоқ хўжалигига хизмат кўрсатувчи инфратузилмани инновацион ривожлантиришнинг илмий, назарий ва услубий асосларини такомиллаштиришга оид масалалар 5230100-Иқтисодиёт (қишлоқ хўжалиги) таълим йўналиши талабалари учун мўлжалланган “Қишлоқ хўжалиги иқтисодиёти” дарслигига киритилган (Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2018 йил 24 августдаги 603-сон буйруғи, 603-329 гувоҳнома). Натижада қишлоқ хўжалигига хизмат кўрсатувчи инфратузилманинг ижтимоий-иқтисодий мазмунини тизимли ва кенгроқ тушуниш орқали уни инновацион ривожлантиришнинг истиқболли йўналишлари бўйича талабаларда назарий билим ва амалий кўникмаларни ҳосил қилишга эришилган;
қишлоқ хўжалигига хизмат кўрсатувчи инфратузилмани инновацион ривожлантириш натижасида қишлоқ хўжалигида олинадиган самара турлари ва унинг иқтисодий самарадорлигини аниқлаш услубиётини хўжалик юритувчи субъектларнинг фаолияти мониторингини ўтказишда қўллаш бўйича таклифи Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан амалиётга жорий этилган (Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2018 йил 19 апрелдаги 03/16-3-сон маълумотномаси). Ушбу таклифнинг амалга оширилиши тармоқда инновацион жараёнларнинг жадаллашуви, олинадиган инновацион маҳсулот ҳажми ошиши ва пировардида тармоқнинг барқарорлашуви таъминланган;
қишлоқ хўжалигига хизмат кўрсатувчи ихтисослашган технологик марказларни шакллантириш бўйича амалий тавсиялар Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги фаолиятида жорий этилган (Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2018 йил 19 апрелдаги 03/16-3-сон маълумотномаси). Таклифнинг жорий этилиши инфратузилма соҳасида рақобат муҳитини шакллантириш, қишлоқ хўжалиги техникаларининг оптимал таркибини белгилаш, потенциал мижозлар ва технологик марказлар ўртасида ўзаро манфаатга асосланган иқтисодий муносабатларни йўлга қўйиш имконини берган;
ҳудудларда чорвачиликнинг ижтимоий ва иқтисодий аҳамияти, ривожланганлик даражаларини ҳисобга олган ҳолда ихтисослаштирилган зооветеринария марказларини ташкил этиш бўйича амалий тавсиялар Ўзбекистон Республикаси Давлат ветеринария қўмитаси томонидан амалиётга жорий этилган (Ўзбекистон Республикаси Давлат ветеринария қўмитасининг 2018 йил 16 майдаги 02/14-137-сон маълумотномаси). Таклифларнинг жорий этилиши чорвачиликда профилактика ишларини самарали ташкил этиш, зооветеринария хизматларининг сифатини ва чорва молларининг маҳсулдорлигини ошириб бориш ҳамда чорвачиликнинг самарали фаолият юритишини таъминланган;
эконометрик модель асосида қишлоқ хўжалигини ривожлантиришга сарфланаётган инновацион маблағлардан самарали фойдаланиш орқали ялпи маҳсулотни кўпайтиришга қаратилган таклифлар Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигида жорий этилган (Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2018 йил 19 апрелдаги 03/16-3-сон маълумотномаси). Прогноз натижаларига кўра қишлоқ хўжалигида 2024 йилга қадар инновацион харажатлар киритилиши натижасида қишлоқ хўжалигига хизмат кўрсатувчи инфратузилма хизматлар ҳажми 2018 йилга нисбатан 26,6 фоизга кўпайиши асосланган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish