Sayt test rejimida ishlamoqda

Рамазонов Нодир Нормуродовичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Алишер Навоий ижодида фақр талқини ва фақир образи», 10.00.02–Ўзбек адабиёти (филология фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2019.2.PhD/Fil804
Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент вилояти Чирчиқ давлат педагогика институти.
Илмий раҳбар: Ҳаққулов Иброҳим Чориевич, филология фанлари доктори.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: ЎзР ФА Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти, DSc.27.06.2017.Fil.46.01.
Расмий оппонентлар: Болтабоев Ҳамидулла Убайдуллаевич, филология фанлари доктори, профессор; Абдуқодиров Абдусалом, филология фанлари доктори. 
Етакчи ташкилот: Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети/ 
Диссертация йўналиши: назарий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: Алишер Навоий ижодида фақр маслаги ва фақир образи масалаларини миллий истиқлол мафкураси ва бугунги адабиётшуносликдаги янгича қарашлар нуқтаи назаридан яхлит монографик аспектда тадқиқ этиш ва унинг аҳамиятини кўрсатиб беришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
тасаввуф таълимотида фақр – Ҳаққа етишга монелик қиладиган барча тўсиқлар (ўзлик, кибру ҳаво, манманлик, нафс талаблари, мол-мулк ва мансаб-жоҳ орзуси ва ҳок.)дан кечиб, кўнгилни Ҳақ назаргоҳига айлантириш эканлиги далилланган;
тасаввуф тариқатларида фақр мақомларидан бири сифатида камолотнинг асосий йўли, соликни тарбиялашдаги асосий восита, ундан кўзланган асосий мақсад эса “урваи вусқо” (“мустаҳкам тутқич”) – Қуръон кўрсатмаларига амал қилиш, мутобиъат – пайғамбар суннатига боғланиш эканлиги далилланган, фақр шариат ва тариқатни ўзаро боғлашга хизмат қилганлиги исботланган; 
фақр лирик асар мавзуси, мотиви, образлари шаклланишида иштирок этувчи муҳим таркибий компонент сифатида бадиий матнда ўзлик, шукр, ризо, таваккул, сабр, қаноат, ирфон, фано сингари тасаввуфий тушунчаларни ифодалайдиган истилоҳлар билан, айниқса фаол муносабатга киришиши асосланган; 
Навоий лирикасида фақир образи подшоҳ (шоҳ), дунё ва зоҳид образлари билан контраст алоқадорликда тасвирланганлиги, фақир образи яратилган байтлар мақтаъ ёки мақтаъдан битта олдин келган байтларга тўғри келиши шоир лирикасида услуб ва бадиий метод билан боғлиқлиги далилланган;
“Садди Искандарий” достонида фақрнинг шоҳлик билан боғлиқликда талқин этилиши, “Лисон ут-тайр”даги Шайх Санъон образи тасвирида камолотнинг фақр орқали асосланиши ушбу достонларда фақр функционал жиҳатдан асар концепцияси, бадиий ғоясини шакллантирувчи, унга йўналиш берувчи масала сифатида қаралганлигини кўрсатиши исботланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. 
Алишер Навоий ижодида фақр талқини ва фақир образи бўйича олинган натижалар асосида: 
ўзбек адабиёти тарихи тараққиёти ва тасаввуф масалаларига доир илмий-назарий қарашлар ва хулосалардан Давлат илмий-техника дастури доирасида Фанлар академияси Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институтида бажарилган ФА–Ф8 15 рақамли “Ўзбек фольклори ва адабиёти тарихи” (2007–2011) мавзусидаги фундаментал лойиҳасини бажаришда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг 2019 йил 19 июлдаги 3/1255-2005-сон маълумотномаси). Натижада тасаввуф ва бадиий адабиётнинг ўзаро муносабатлари қонуниятлари аниқланган, тасаввуфий тушунча ва қарашларнинг ўзбек мумтоз адабиёти тарихидаги ўрни масалаларига ойдинлик киритилган;
тадқиқотда фақрнинг Навоий ижоди бадиий-эстетик концепцияси ўлароқ яхлит масала сифатида ўрганилганлиги, фақир образи шоир лирикасининг марказий образларидан бири сифатида қаралганлигидан келиб чиқадиган илмий-назарий қарашлар ва хулосалардан Давлат илмий-техника дастури доирасида Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетида бажарилган А–1–118 рақамли “Алишер Навоий образининг тасвир ва талқинларига оид ўқув қўлланмасини тайёрлаш ва нашр этиш” (2015–2017) мавзусидаги амалий лойиҳасини бажаришда фойдаланилган (Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2019 йил 15 августдаги 89-03-3028-сон маълумотномаси). Натижада фақир образининг шоир лирикаси бошқа образлари (шоҳ, дунё, зоҳид) билан боғлиқликдаги поэтик талқини масаласига ойдинлик киритилган, фақр бадиий талқинида Навоийнинг ўзлик, шукр, ризо, таваккул, сабр, қаноат, маърифат сингари тушунчаларга алоҳида эътибор қаратганлиги масаласи ёритилганлиги мазкур амалий лойиҳанинг методологик асосларини шакллантиришга хизмат қилган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish