Sayt test rejimida ishlamoqda

Йўлдошев Салимжон Валиевичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар: 
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража берадиган фан тармоғи номи): “Фарғона водийси аҳолисининг халқ ўйинлари”, 07.00.07–Этнография, этнология ва антропология (тарих фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2018.1.PhD/Tar259.
Илмий раҳбар: Абдуллаев Шерзод Мажидович, тарих фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Фарғона давлат университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса, ИК рақами: Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Тарих институти, DSc.06.01.2018.Tar.56.01.
Расмий оппонентлар: Абдуллаев Улуғбек Сайданович, тарих фанлари доктори, профессор; Қорабоев Усмон Хосилович, фалсафа фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот:  Наманган давлат университети.
Диссертация йўналиши: назарий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: Фарғона водийсида халқ ўйинларининг шаклланиш тарихи, уларнинг этник, табиий-географик, хўжалик-маданий омиллари ҳамда у билан боғлиқ этник-маданий анъаналар, урф-одатлар, халқ ўйинларининг бугунги кундаги трансформацияси ва тарбиявий аҳамиятини очиб беришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:  
халқ ўйинлари генезиси ва такомили водий аҳолисининг ижтимоий-иқтисодий тараққиёти жараёнида шаклланганлиги тарихий-этнографик материаллар асосида очиб берилган;
халқ ўйинларининг тарихий илдизларининг келиб чиқиши жараёни водий аҳолисининг қадимги диний ва мифологик тасаввурлари билан узвий равишда боғлиқлиги аниқланган;
Фарғона водийси халқ ўйинларини ташкил этиш ва ўтказиш халқона қатъий қоидалар ҳамда меъёрларга асосланган бўлиб, ёшларда чаққонлик, ҳушёрлик, устамонлик, ҳалоллик, рақибни ҳурмат қилиш, меҳмондўстлик, толерантлик каби фазилатларни шакллантирганлиги этнографик материаллар асосида далилланган;
ижтимоий модернизация жараёнларида халқ ўйинларининг ривожланиш тенденциялари, трансформацияси, унинг тарихий-маданий ва этногенетик ҳамда локал хусусиятларини сақлаб қолиш омиллари этнографик аспектда асослаб берилган;
аҳолининг, айниқса, ёшларни соғлом турмуш тарзи, жисмоний ва маънавий баркамоллик хусусиятларини ривожлантиришда халқ ўйинларининг ўрни ҳамда тарбиявий аҳамияти кўрсатиб берилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. 
Фарғона водийси аҳолисининг халқ ўйинлари бўйича ишлаб чиқилган илмий хулоса ва таклифлар асосида: 
болалар ўйинларини ташкил этиш, ёш тоифалар ўртасида таснифланиши ва ҳаракатли ҳамда ҳаракатсиз ўйинлар, предмет орқали ўйналадиган ўйинларни жорий этишда боланинг жисмоний имкониятларини ҳисобга олишга оид ьаклифлардан ОТ–Ф-1-100 рақамли “Имконияти чекланган болалар ижтимоий-маданий фаолиятининг бадиий-ижодиёт воситалари асосида назарий ва амалий такомиллашуви” фундаментал лойиҳанинг “Имконияти чекланган болалар ўртасида жисмоний тарбия ва спортни тарғиб этиш” қисмини ёзишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2019 йил 29 мартдаги 89-03-1198-сон маълумотномаси). Бу имконияти чекланган ёшлар ўртасида ҳаракатли, ҳаракатсиз, предметли болалалар ўйинлари орқали уларни урф-одат ва миллий қадриятларга садоқат руҳида тарбиялаш, ҳаракат имкониятларини ривожлантиришга хизмат қилган;
“Улоқ, кўпкари” атамасининг келиб чиқиш тарихи, улоқнинг минтақавий кўринишлари, турлари ва ўйин билан боғлиқ қоидаларга оид тавсиялардан “Ўзбекистон миллий энциклопедияси”нинг 9-жилдида “улоқ” мақоласини ёзишда фойдаланилган (“Ўзбекистон миллий энциклопедияси” давлат илмий нашриётининг 2019 йил 12 мартдаги 01-90-сон маълумотномаси). Ушбу илмий тавсиялар спортнинг миллий турлари ва халқ ўйинларини, улоқ ўйинини оммавийлаштиришга, унинг тарихини ўрганишга хизмат қилган;
От билан боғлиқ миллий ўйин – “улоқ-кўпкари”, “оммавий улоқ ўйини”, “пойга”, “оломон пойга”, “қиз қувмоқ”, “ердан рўмол олиш”, “от устида кураш” каби ўйинларнинг жамиятда мавқеини юксалтириш ва амалий аҳамиятига оид таклифлардан Ўзбекистон улоқ-кўпкари федерацияси томонидан ишлаб чиқилган от ўйинлари мусобақаларини ўтказиш қоидаларини ишлаб чиқишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Улоқ-кўпкари федерациясининг 2018 йил 19 декабрдаги 15-01-94-сон маълумотномаси). Таклиф этилган хулосалар миллий ўйинларимиз орқали ёшларни мардлик, жасурлик, ватанга садоқат руҳида тарбиялашга, уларни жисмонан ва маънан баркамол этиб вояга етказишда, уларда миллий ўзликни мустаҳкамлашга хизмат қилган; 
халқ ўйинларининг тарихи, шаклланиш босқичлари ва от билан боғлиқ ўйинларнинг минтақавий жиҳатларига доир илмий хулосалардан Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси “Dunyo bo‘ylab” телеканали Маърифий-ўлкашунослик муҳарриятининг “Қадимги дунё отлари”, “Довон отлари” кўрсатувларида ҳамда Фарғона вилоят телеканали билан ҳамкорликда “От минмаган эркаклар”, “Довон отлари тарихи ва тақдири” каби кўрсатувларни тайёрлашда фойдаланилган (Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси “Dunyo bo‘ylab” телеканали ДУКнинг 2019 йил 15 мартдаги 08-14-119-сон ва Фарғона давлат телерадиокомпаниясининг 2018 йил 18 декабрдаги 12/01-144-сон маълумотномалари). Таклиф этилган фикр ва мулоҳазалар миллий халқ ўйинлари билан боғлиқ урф-одатлар ва қадриятларни тарғиб этиш ҳамда халқ ўйинлари мисолида миллатлараро тотувлик, яхши қўшничилик ғояларини жамоатчиликка етказишда хизмат қилган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish