Sayt test rejimida ishlamoqda

Ахмедов Бурхон Абдурахмоновичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Абу Бакр Жассос “Аҳком ал-Қуръон” тафсирининг ҳанафий мазҳаби ривожидаги аҳамияти”, 24.00.02–Қуръоншунослик. Ҳадисшунослик (исломшунослик фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2019.2.PhD/Isl31.
Илмий раҳбар: Исламов Захид Маҳмудович, филология фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Ўзбекистон халқаро ислом академияси.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Ўзбекистон халқаро ислом академияси, DSc.27.04.2018.Isl./Tar.57.01. 
Расмий оппонентлар: Уватов Убайдулла Муродович, тарих фанлари доктори, профессор, Юлдашходжаев Хайдар Хашимханович, тарих фанлари номзоди.
Етакчи ташкилот: Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: Абу Бакр Жассос “Аҳком ал-Қуръон” тафсирининг ҳанафий мазҳаби ривожидаги аҳамиятини ёритишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги: 
X–XI аср суннийлар ва шиалар ўртасидаги низо, қарматийлар “Дор ал-ҳижра” номли ўз марказларига асос солиши каби ҳудудда пайдо бўлган нотўғри тушунчалар ва қарматийлар, мўътазилийлар сингари адашган фирқалар ҳамда ақидавий кураш жараёнлари Абу Бакр Жассосда ўзига хос эътиқодий қарашлар шаклланишига сабаб бўлгани, аммо олимнинг ҳанафийлик таълимоти тамойилларидан ташқарига чиқмагани очиб берилган;
Абу Бакр Жассоснинг ақидавий қарашлари борасида кечган сеҳрнинг моҳияти, Аллоҳни кўриш каби баъзи баҳслар алломанинг “Аҳком ал-Қуръон” асарида келтирган фикрлари орқали унинг “аҳлу-с-сунна ва-л-жамоа” вакили эканлиги исботланган;
Абу Бакр Жассос “Аҳком ал-Қуръон” асарини ҳанафийлик мазҳабига асосланиб “раддия” услубида ёзиши унинг ислом оламида “Имом”, “Ҳужжатул ислом”, “Муфассир”, “Ҳофиз”, “Муҳаддис”, “Фозил”, “Фақиҳ”, “Мужтаҳид”, “Муфтий” каби илмий унвонларни олишига хизмат қилганлиги илмий асосланган;
илк бор “Аҳком ал-Қуръон” асаридаги ҳанафий мазҳабига доир ақида, ахлоқ ва фиқҳий масалалар бугунги кунда долзарб ҳисобланган порахўрлик, қотиллик, ўзга дин вакиллари билан муносабат, тижорат каби долзарб масалаларнинг ўзига хос услубда ёритилиши аниқланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Абу Бакр Жассос “Аҳком ал-Қуръон” тафсирининг ҳанафий мазҳаби ривожидаги аҳамияти мавзуси бўйича олинган илмий натижалар асосида: 
ҳанафий фиқҳи тарихи, “Аҳком ал-Қуръон” асари, муфассир ва фақиҳларнинг ҳаёти ва фаолиятига оид маълумот ҳамда хулосалардан Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги мадраса ва олий ўқув муассасалари талабаларига «Тафсир» фанини ўқитишда, исломшунослик илмлари бўйича малака ошираётган тингловчилар учун «Тафсир илмига бағишланган манбалар», «Мовароуннаҳрда ёзилган фиқҳий асарлар» номли махсус курсларда фойдаланилган (Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг 2019 йил 2 августдаги 2108-сон маълумотномаси). Натижада ёш авлод, хусусан, талабаларни Ватанимизнинг улуғ сиймолари билан яқиндан таништиришга, уларни ватанпарварлик, инсонпарварлик, миллий ва умуминсоний қадриятлар узвийлиги руҳида тарбиялашга хизмат қилган;
ҳанафий мазҳаби тафсирлари орасидаги фарқлар, ақидавий масалаларга оид маълумотлардан Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказининг илмий-маданий жамоатчиликни кенг хабардор этиш ҳамда уларнинг касбий маҳоратини ошириш бўйича методик ўқишларида, каталоглар, альбомлар, илмий-амалий материаллар базасини яратишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказининг 2019 йил 2 августдаги 02/271-сон маълумотномаси). Натижада ўсиб келаётган ёш авлодда ислом дини ва фиқҳи тўғрисида, айниқса, ислом дини ниқоби остида фаолият кўрсатаётган бузғунчи экстремистик оқимларнинг соф исломдан йироқ эканлиги борасида тўғри тасаввур ва кўникмалар шакллантирилган;
Аббосийлар халифалиги даврида етишиб чиқиб, Шарқ мамлакатларида фаолият юритган алломалар ҳаёти, мероси ҳақидаги маълумотлардан «Зиё» студиясининг туркум кўрсатувлари, «Ўзбекистон» телеканалининг «Ассалом Ўзбекистон» кўрсатуви сценарийларини тайёрлашда фойдаланилган (Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг 2019 йил 2 августдаги 01-13-1520-сон маълумотномаси). Натижада ёшларда ватанпарварлик ҳиссини уйғотишда, юртимиз тарихини, алломаларнинг бой меросини ўрганишда ёрдам берган; 
ҳанафийлик мазҳаби қоидаларининг талқини, тафсир ва ақидавий масалаларга доир хулосалардан Ўзбекистон ислом цивилизацияси маркази таркибидаги кутубхона ва архив, қўлёзмалар фондларини бугунги Ўзбекистон заминидан етишиб чиққан буюк аллома ва мутафаккирлар, азиз-авлиёлар, улар томонидан асос солинган илмий ва диний мактабларга доир юртимизда ва чет элларда сақланаётган қадимий қўлёзма ва тошбосма китоблар, шу йўналишдаги замонавий илмий тадқиқот ишлари, китоб ва тўпламларни ёзишда фойдаланилган (Ўзбекистон ислом цивилизацияси марказининг 2019 йил 1 августдаги 286/19-сон маълумотномаси). Натижалар ёшларда ўз халқи тарихини холисона ўрганиш, миллий ўзликни англаш, уларда миллий ғурур ва ифтихор туйғуларини уйғотишга хизмат қилган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish