Sayt test rejimida ishlamoqda

Қаландаров Назимхон Назировичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Марказий Фарғона шимолий қисми гидроморф тупроқларининг ҳолати ва уларнинг антропоген омил таъсирида ўзгариши», 03.00.13–Тупроқшунослик (биология фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2018.4.PhD/В257. 
Илмий раҳбар: Исмонов Абдуваҳоб Жўраевич, биология фанлари номзоди, катта илмий ходим.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Тупроқшунослик ва агрокимё илмий-тадқиқот институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: Тупроқшунослик ва агрокимё илмий-тадқиқот институти, DSc.27.06.2017.Qx/B.43.01. 
Расмий оппонентлар: Юлдашев Ғулом, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор; Раупова Нодира Бахрамовна, биология фанлари номзоди, доцент.
Етакчи ташкилот: Гулистон давлат университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: Марказий Фарғона шимолий қисми гидроморф тупроқлари хосса-хусусиятларининг антропоген омил таъсирида ўзгаришини аниқлаш орқали уларда кечаётган салбий жараёнларнинг олдини олиш, тупроқлар унумдорлигини сақлаш ва оширишга доир тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
ўзлаштириш ва суғориш таъсирида кейинги 40–45 йил давомида тупроқ қопламларида гидроморф режимнинг жадаллашиши ҳисобига тупроқларнинг экологик-мелиоратив ҳолати ўзгарганлиги аниқланган;
ҳудуд суғориладиган гидроморф тупроқларидаги шўрланиш-шўрсизланиш жараёнлари очиб берилган;
антропоген омил таъсирида тупроқларнинг хосса-хусусиятларидаги агрокимёвий ва кимёвий ўзгаришлар натижасида янги генетик тупроқ гуруҳлари шаклланганлиги асосланган;
Марказий Фарғона шимолий қисми таянч массивлар суғориладиган гидроморф тупроқлари сифат жиҳатидан баҳоланган ва ҳар бир тупроқ айирмаси учун бонитет баллари аниқланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Марказий Фарғона шимолий қисми гидроморф тупроқларининг ҳолати ва уларнинг антропоген омил таъсирида ўзгариши бўйича олинган илмий натижалар асосида:
«Мингбулоқ тумани суғориладиган гидроморф тупроқларининг ҳолати ва улар унумдорлигини сақлаш ва оширишга доир тавсиялар» суғориладиган ер майдонларида амалиётга жорий этилган (Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитасининг 2019 йил 1 июлдаги 
03-05-4859-сон маълумотномаси). Натижада суғориладиган гидроморф тупроқларининг ҳолатини яхшилаш, экинларни тўғри жойлаштириш, унумдорлигини сақлаш ва ошириш бўйича тадбирлар ишлаб чиқишда қўлланма сифатида хизмат қилган;
Наманган вилояти Мингбулоқ туманининг 1:25000 масштабли тупроқ картаси 41760,2 гектар суғориладиган ер майдонларида амалиётга жорий этилган (Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитасининг 2019 йил 1 июлдаги 03-05-4859-сон маълумотномаси). Натижада тумандаги суғориладиган ерлардан самарали фойдаланиш, органо-минерал ўғитларни тежамли қўллаш, мелиоратив тадбирларни муддатида амалга ошириш орқали қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосилдорлигини ва тупроқ унумдорлигини оширишга қаратилган чора-тадбирларни ишлаб чиқиш имконини берган;
Поп туманининг Марказий Фарғона ҳудудларига кирувчи Навбаҳор, Наврўз, Поп 2-участка, Найман 2-участка ва Балиқчилик массивларидаги жами 6142,5 гектар суғориладиган ер майдонларининг 1:10000 масштабли тупроқ сифатини баҳолаш карталари фермер хўжаликларида амалиётга жорий этилган (Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитасининг 2019 йил 1 июлдаги 03-05-4859-сон маълумотномаси). Натижада массивлардаги гидроморф тупроқларнинг хосса-хусусиятлари ва унумдорлик даражасига кўра, ерларнинг меъёрий қийматини ҳисоблаш, қишлоқ хўжалиги ҳосилини режалаштириш, унумдорлиги паст бўлган ерларда давлат эҳтиёжлари учун пахта хомашёси етиштирувчи қишлоқ хўжалиги корхоналарини молиявий қўллаб-қувватлаш имконини берган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish