Sayt test rejimida ishlamoqda

Мансуров Шерали Сиддиқовичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Шарқий Фарғона гидроморф тупроқлари ва уларнинг унумдорлигини деҳқончилик таъсирида ўзгариши», 03.00.13–Тупроқшунослик (биология фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2019.2.PhD/В48. 
Илмий раҳбар: Абдурахмонов Нодиржон Юлчиевич, биология фанлари доктори, катта илмий ходим.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Тупроқшунослик ва агрокимё илмий-тадқиқот институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: Фарғона давлат университети, PhD.29.12.2018.B.05.03. 
Расмий оппонентлар: Турсунов Хамза Ҳамдамович, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор; Холдаров Давронбек Мадаминович, биология фанлари номзоди, доцент.
Етакчи ташкилот: Тошкент давлат аграр университети Андижон филиали.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: Фарғона водийсини шарқий қисми гидроморф тупроқларининг хосса-хусусиятлари, экологик-мелиоратив ҳолати ва унумдорлигини суғорма деҳқончилик таъсирида ўзгаришини аниқлаш ҳамда улардан самарали фойдаланиш, сердаромад қишлоқ хўжалиги экинларини жойлаштиришга қаратилган илмий-амалий тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
суғорма деҳқончилик шароитида ҳудуд тупроқлари профилида табиий ва антропоген омиллар таъсирида гидроморфизм жараёнлар юзага келиши механизми асосланган;
Фарғона водийсининг шарқий қисми ҳудудларида тарқалган ўтлоқи, ўтлоқи саз ҳамда ўтлоқи аллювиал тупроқларнинг механик, умумфизикавий, физик-кимёвий ва агрокимёвий хоссаларининг деҳқончилик таъсирида ўзгариши исботланган;
ҳудуд тупроқларидаги кўп йиллик маълумотларни солиштириш асосида гидроморф тупроқларда содир бўлган эволюцион ўзгаришлар динамикаси очиб берилган;
суғорма деҳқончилик таъсирида ҳудуд гидроморф тупроқлари унумдорлигини чегараловчи хоссаларидаги ўзгаришларни ҳисобга олган ҳолда сифат жиҳатдан баҳоланган ва унумдорлик даражаси аниқланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Шарқий Фарғона гидроморф тупроқлари ва уларнинг унумдорлигини деҳқончилик таъсирида ўзгариши бўйича олинган илмий натижалар асосида:
«Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятлари тупроқлари ҳолати ҳамда унумдорлиги паст ерларда қишлоқ хўжалиги экинларини жойлаштириш ва етиштириш агротехнологиялари бўйича тавсиялар» тасдиқланган ва амалиётга жорий этилган (Ер ресурслари геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитасининг 2019 йил 1 апрелдаги 02-05-2548-сон маълумотномаси). Натижада Фарғона водийси, жумладан Фарғона водийсининг шарқий қисми ҳудудларидаги турли тупроқ-иқлим шароитлари шаклланган мелиоратив ҳолати ёмон, ер ости сувлари кўтарилган, шўрланган ва эрозияланган суғориладиган тупроқлар унумдорлигини қайта тиклаш ва ошириш ҳамда сердаромад қишлоқ хўжалик экинларини жойлаштиришда қўлланма сифатида хизмат қилган;
Жалақудуқ тумани «Дўстлик», Қўрғонтепа тумани «Деҳқончек», Шаҳрихон тумани «Янги ваҳм» массивларидаги жами 3226,0 га суғориладиган ерларнинг 1:10000 миқёсли тупроқ хариталари қишлоқ хўжалигида амалиётга жорий этилган (Ер ресурслари геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитасининг 2019 йил 1 апрелдаги 02-05-2548-сон маълумотномаси). Натижада ушбу ҳудудлардаги мавжуд ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, тупроқ унумдорлигини сақлаш ва қайта тиклаш ҳамда ер ресурсларини бошқариш бўйича тадбирларни бегилаш имконини берган;
Шаҳрихон тумани «Янги ваҳм» массивидаги 1357,2 гектар суғориладиган ерларнинг 1:10000 масштабли тупроқ сифатини баҳолаш харитаси массив ҳудудидаги фермер хўжаликларида амалиётга жорий этилган (Ер ресурслари геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитасининг 2019 йил 1 апрелдаги 02-05-2548-сон маълумотномаси). Натижада массивдаги гидроморф ва ярим гидроморф тупроқларнинг хосса-хусусиятлари ва унумдорлик даражасига қараб ерларни меъёрий қийматини ҳисоблаш ва ягона ер солиғини белгилаш, унумдорлиги паст бўлган ерларда давлат эҳтиёжлари учун пахта хомашёси етиштирувчи фермер хўжаликларини молиявий қўллаб-қувватлаш, ерларни ноқишлоқ хўжалиги мақсадлари учун ажратиш имконини берган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish