Sayt test rejimida ishlamoqda

Мирзаахмедов Анваржон Турсуновичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар. 
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Ғўзапояли далаларга буғдой экадиган ёйсимон пичоқли эккичнинг параметрларини асослаш», 05.07.01–Қишлоқ хўжалиги ва мелиорация машиналари. Қишлоқ хўжалиги ва мелиорация ишларини механизациялаш (техника фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2019.2.PhD/T1204.
Илмий раҳбар: Худойбердиев Толибжон Солиевич, техника фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти, DSс.27.06.2017.Т.10.01.
Расмий оппонентлар: Тўхтақўзиев Абдусалим, техника фанлари доктори, профессор; Толибаев Алписбай Эржанбаевич, техника фанлари номзоди. 
Етакчи ташкилот: “BMKB-Agromash” АЖ.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: ғўзапояли далаларга буғдой экадиган ёйсимон пичоқли эккичнинг конструкциясини яратиш ва унинг агротехника талаблари даражасидаги иш сифатини ва кам энергия сарфини таъминлайдиган параметрларни асослашдан иборат. 
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги: 
ғўзапояли далаларга кузги буғдой уруғини белгиланган чуқурликда сифатли экилишини таъминлайдиган ёйсимон пичоқли эккичнинг конструкцияси ишлаб чиқилган;
ғўзапояли далаларга буғдой экадиган сеялка ёйсимон пичоқли эккичининг параметрлари эккичнинг тупроқ ва ўсимлик колдиқлари билан таъсирлашиш жараёнини ифодаловчи аналитик боғланишлар асосида аниқланган;
ёйсимон пичоқли эккичлар секциясининг белгиланган чуқурликда бир текис ҳаракатланиши унинг параллелограмм механизм оғирлик кучига боғлиқлигини ҳисобга олган ҳолда асосланган;
ғўзапояли далаларга буғдой экиш учун ёйсимон эккичнинг мақбул параметрлари унинг агротехник ва энергетик кўрсаткичларини ифодаловчи регрессия тенгламаларини ечиш орқали аниқланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Ғўзапояли далаларга буғдой экадиган ёйсимон пичоқли эккичнинг параметрларини асослаш бўйича олинган натижалар асосида:
ғўзапояли далаларга буғдой уруғини экадиган ёйсимон пичоқли эккичга Интеллектуал мулк агентлигининг фойдали моделга патенти олинган («Эккич», №FAP 00702-2012 й.). Натижада ғўзапояли далаларга буғдой уруғини экадиган сеялка конструкциясини ишлаб чиқиш имконияти яратилган;
ёйсимон пичоқли эккичлар билан жиҳозланган сеялка Тошкент вилоятининг Ўртачирчиқ туманидаги фермер хўжаликлари ва Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти тажриба хўжалигида жорий этилган (Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2019 йил 26 апрелдаги 02/23-262-сон маълумотномаси). Натижада ғўзапояли далаларга буғдой экишда мавжуд экиш воситаларига нисбатан ёнилғи сарфини 9,0 фоизгача ва фойдаланишдаги харажатларни 7,3 фоизгача камайтириш имкони яратилган;
ғўзапояли далаларга буғдой уруғини белгиланган чуқурликда сифатли экадиган ёйсимон пичоқли эккич Андижон вилоятининг Балиқчи туманидаги фермер хўжаликларида жорий этилган (Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2019 йил 26 апрелдаги 02/23-262-сон маълумотномаси). Натижада уруғнинг унувчанлигини 13 фоизга ва буғдойнинг ҳосилдорлигини 10 ц/га оширишга эришилган;
ёйсимон пичоқли эккичлар билан жиҳозланган сеялкани ишлаб чиқаришни ўзлаштириш учун лойиҳа-конструкторлик ҳужжатлари (техникавий шартлар ва чизмалар) “BMKB-Agromash” АЖда лойиҳалаш жараёнига жорий этилган (Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2019 йил 26 апрелдаги 02/23-262-сон маълумотномаси). Натижада ғўзапояли далаларга буғдой уруғи экадиган ёйсимон пичоқли эккичлар билан жиҳозланган сеялканинг иш унумини ошириш ва уруғлар сарфини камайтириш имкони яратилган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish