Sayt test rejimida ishlamoqda

Туксанова Дилбар Исматовнанинг
фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар. 
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Преэклампсияни ташхислашда юрак ичи, марказий ва регионар қон айланишининг замонавий жиҳатлари», 14.00.01–Акушерлик ва гинекология ва 14.00.37–Анестезиология ва реаниматология (тиббиёт фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2017.3.DSc/Тib187.
Илмий маслаҳатчилар: Нажмутдинова Дилбар Камаритдиновна, тиббиёт фанлари доктори, профессор; Аваков Вячеслав Ервандович, тиббиёт фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Бухоро давлат тиббиёт институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: Тошкент педиатрия тиббиёт институти ҳузуридаги DSc.27.06.2017.Tib.29.01 рақамли илмий кенгаш асосидаги бир марталик илмий кенгаш.
Расмий оппонентлар: Каттаходжаева Махмуда Хамдамовна тиббиёт фанлари доктори, профессор; Шарифканова Магрифа Нематкановна, тиббиёт фанлари доктори, профессор; Атаханов Шухрат Эргашевич, тиббиёт фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: Москва акушерлик ва гинекология илмий-текшириш институти (Россия Федерацияси).
Диссертациянинг йўналиши: амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: ҳомиладор аёлларда преэклампсия билан асоратланишни эрта ташхислаш, перинатал йўқотишларни камайтиришда юрак ичи, марказий ва регионар гемодинамика мониторингининг замонавий мезонларини аниқлашдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги: 
преэклампсия билан асоратланган ҳомиладор аёлларда гомеостаз, кардио ва марказий гемодинамика, орган ва регионар қон оқими кўрсаткичларининг комплекс мониторинги ҳамда гестация даврида ҳомиладорлиги физиологик кечаётган аёлларда юрак ичи гемодинамикаси қон айланиш тизимининг фаоллашганлиги исботланган; 
преэклампсиянинг ўзига хос хавф омилларини аниқлашда, юрак ичи гемодинамика хусусиятларини тавсифловчи (чап қоринча миокард массаси, чап қоринча орқа девори қалинлиги, қоринчалараро тўсиқ қалинлиги, охирги систолик ўлчам, охирги диастолик ўлчам, диспропорционаллик коэффициенти), умумий периферик томир қаршилигининг ошиши ва ҳайдалиш фракциясининг камайиши орқали намоён бўладиган клиник белгилар ва метаболик маркерлар (микроалбимунурия)нинг лаборатор кўрсаткичлари аниқланган; 
енгил преэклампсия билан асоратланган ҳомиладор аёлларда, нормал кечадиган ҳомиладорликка хос физиологик гиперволемия бўлмаганда юрак мушаклари ремодуляцияси асосан патологик омилларга вазоспазм, артериал гипертензияга боғлиқ бўлиши, оғир ПЭда умумийлашган вазоспазм онанинг барча органлари ва тизимларида қон оқими ёмонлашуви аретериал гипертензия орқали намоён бўлиши асослаб берилган;
преэклампсия билан асоратланган ҳомиладор аёлларда марказий, кардио ва регионар гемодинамикадаги ўзгаришлар замирида ҳомиланинг она ичида ривожланмай қолиши ҳамда перинатал патологияларни келтириб чиқариши аниқланган;
преэклампсия билан асоратланган ҳомиладор аёлларда зарб индексининг камайиши, жигар, буйрак артерияларининг резистентлик индексининг ортиши, бачадон ва ҳомила –йўлдош қон оқимининг ёмонлашуви юрак геометриясининг концентрик тури эканлиги ва тезкор туғруқ учун кўрсатма бўла олиши исботланган; 
юрак геометриясининг концентрик ва эксцентрик турининг шаклланиши чап қоринча миокард массаси (ЧҚММ), деворнинг нисбий қалинлиги (ДНҚ) ва қонда микроалбимунурия (МАУ)нинг ортиши кардиогемодинамиканинг бузилишига, ҳомиладорлик ва туғруқнинг салбий оқибатларига олиб келишига имкон бериши исботланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Преэклампсияни ташхислашда юрак ичи марказий ва регионар қон айланишнинг замонавий жиҳатлари бўйича олинган илмий натижалар асосида:
«Преэклампсия ва ҳомиладорларда гипертензив бузилишлар» услубий тавсияномаси тасдиқланган (Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2011 йил 1 декабрдаги 8м/189-сон маълумотномаси). Мазкур услубий тавсиянома преэклампсия ва ҳомиладорлик даврида юзага келадиган гипертензив бузилишларни эрта ташхислаш ва туғруқ режасини тўғри танлаш имконини берган;
«Преэклампсия ташхисот алгоритми» услубий тавсияномаси тасдиқланган (Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2019 йил 4 апрелдаги 8н-д/154-сон маълумотномаси). Мазкур услубий тавсиянома преэклампсия ташхисланган бемор аёлларда касалликни эрта ташхислаш алгоритмининг кетма-кетлиги мезонлар асосида ташхислаш имконини берган;
«Марказий ва юрак ичи гемодинамикаси кўрсаткичларидан фойдаланиб, преэклампсиянинг эрта алгоритми» услубий тавсияномаси тасдиқланган (Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2019 йил 4 апрелдаги 8н-д/155-сон маълумотномаси). Мазкур услубий тавсиянома преэклампсияни ташхислашда марказий ва юрак ичи гемодинамик параметрлар асосида преэклампсиянинг клиник белгилари юзага келишидан олдин ташхислаш, ҳомиладорликни ижобий кечиши имконини берган;
преэклампсияни ташхислашда юрак ичи марказий ва регионар қон айланишнинг замонавий жиҳатларини такомиллаштиришга қаратилган тадқиқот натижалари соғлиқни сақлаш амалиётига, жумладан, Бухоро шаҳар туғруқ мажмуаси ва Бухоро шаҳар тиббиёт бирлашмасининг акушерлик бўлими клиник амалиётига татбиқ этилган (Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2019 йил 7 майдаги 8н-з/66-сон маълумотномаси). Олинган натижаларнинг амалиётга жорий қилиниши преэклампсия билан асоратланган ҳомиладорларни ташхислаш ва даволаш, даволашга бўлган иқтисодий зарарларни қисқартириш ва беморлар ҳаёт сифатини ошириш, перинатал асоратлар ва оналар ўлимини қисқартириш имконини берган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish