Sayt test rejimida ishlamoqda

Талипова Юлдуз Шавкатовнанинг
фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Турли ёшдаги аёлларда артериал гипертониянинг кечиш хусусиятлари ва даволаш режасини такомиллаштириш», 14.00.06–Кардиология (тиббиёт фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2018.1.DSc/Tib274.
Илмий маслаҳатчи: Тулабоева Гавхар Миракбаровна, тиббиёт фанлари доктори.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент врачлар малакасини ошириш институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий маркази, DSc.26.04.2018.Tib.64.01.
Расмий оппонентлар: Хамидуллаева Гулноз Абдусаттаровна, тиббиёт фанлари доктори, профессор; Джаббарова Юлдуз Касимовна, тиббиёт фанлари доктори, профессор; Мамедов Мехман Ниязович, тиббиёт фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: Андижон давлат тиббиёт институти.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: турли ёшдаги аёлларда артериал гипертония кечишининг ўзига хос хусусиятларини, жумладан, ҳомиладорлик фонида юрак-қон томир тизимида клиник ва тизимли-функционал ўзгаришларни баҳолаш асосида эрта ташхис қўйиш, даволаш ва асоратларнинг олдини олиш ёндашувларини такомиллаштириш учун таклифлар ва тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
репродуктив ёшдаги ва постменопауза даврдаги аёлларда артериал гипертония шаклланишида гестацион гипертониянинг патогенетик роли аниқланган;
преэклампсия/ эклампсия ривожланишида гестациянинг биринчи ҳафтасидан АБнинг юқори вариабеллиги, III триместрида эса чап қоринча миокард массасининг ошиши ва унинг концентрик ремоделлашуви ҳамда чап қоринча диастолик дисфункциясининг патогенетик аҳамияти аниқланган;
репродуктив ёшдаги ва постменопауза даврдаги аёлларда нишон аъзоларнинг жароҳатланишига гестацион гипертониянинг ассоциациялашган клиник ҳолатларнинг келтириб чиқариш хавфини ошириши исботланган;
АГли ҳомиладор аёлларда гестациянинг илк ҳафталаридан АБнинг ошиши, унинг суткалик вариабеллиги, ҳомиладорликнинг иккинчи ярмидан эса нишон аъзоларнинг (юрак чап қоринча концентрик гипертрофияси, қон томирлар эндотелий дисфункцияси, коптокча фильтрациясининг тезлигини пасайиши) жароҳатланиши преэклампсия ва ҳомиланинг гипоксия, гипотрофия ҳолатларига олиб келадиган мезонлари сифатида исботланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Турли ёшдаги аёлларда артериал гипертониянинг кечишини ва даволашни оптималлаштириш бўйича олинган илмий натижалар асосида:
«Аёллар климактериясида ўрин босувчи гормонал терапияси: оптимал препаратни танлаш назарияси ва амалиёти» номли услубий тавсиянома тасдиқланган (Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2019 йил 30 январдаги 8н-д/15-сон маълумотномаси). Мазкур услубий тавсиянома АГ эрта ташхисотини оптималлаштириш, аёлларнинг турли ёш гуруҳларида ҳаёт учун хавф солувчи асоратларни камайтириш имконини берган;
«Ҳомиладор аёлларнинг юрак ритмининг бузилишлари» номли услубий тавсиянома тасдиқланган (Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2019 йил 30 январдаги 8н-д/15-сон маълумотномаси). Мазкур услубий тавсиянома АГ эрта ташхисотини оптималлаштириш, аёлларнинг турли ёш гуруҳларида ҳаёт учун хавф солувчи асоратларни камайтириш имконини берган;
АГнинг турли ёшдаги аёлларда клиник-прогноз мезонларни ва турли оқибатлар даражасини баҳолаш бўйича олинган натижалар соғлиқни сақлаш амалиётига, жумладан, Қибрай туманининг кўп тармоқли тиббиёт маркази, Қибрай тиббиёт бирлашмасининг 26-қишлоқ оилавий поликлиникаси, Хоразм вилояти Қўшкўпир тумани тиббиёт бирлашмаси; Тошкент шаҳри 5-сон туғруқ мажмуаси ҳамда 5-сон клиник касалхонаси, Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий марказининг Андижон филиали, 2-сон Республика клиник шифохонасида татбиқ этилган (Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2019 йил 30 январдаги 8н-д/15-сон маълумотномаси). Жорий қилинган натижалар АГэрта ташхислаш, касалликнинг клиник кечишини, ҳаёт учун хавфли асоратлар ривожланиш хавфини камайтириш, қўлланиладиган самарали даволаш ва профилактика усулларни оптималлаштириш, ҳаёт сифатини яхшилаш имконини берган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish