Sayt test rejimida ishlamoqda

Умаров Зафар Абдишукуровичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Интенсив олма боғларида замбуруғ қўзғатадиган касалликлар ва уларга қарши кураш чораларини ишлаб чиқиш», 06.01.09–Ўсимликларни ҳимоя қилиш (қишлоқ хўжалиги фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2019.2.PhD/Qх309.
Илмий раҳбар: Бойжигитов Фозил Мухаммадиевич, қишлоқ хўжалиги номзоди, катта илмий ходим.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Ўсимликларни ҳимоя қилиш илмий-тадқиқот институти. 
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Тошкент давлат аграр университети, DSc.27.06.2017.Qx.13.01.
Расмий оппонентлар: Аманов Шуҳрат Бахтиёрович, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, катта илмий ходим; Ибодов Комил, биология фанлари номзоди, доцент.
Етакчи ташкилот: Ўрмон хўжалик илмий-тадқиқот институти.
Диссертация йўналиши: амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: интенсив олма боғларида касаллик қўзғатувчи замбуруғларнинг тур таркиби, ривожланиши ва биоэкологик хусусиятлари асосида уларга қарши кураш чораларини ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
илк бор интенсив олма боғларида касалликларни қўзғатувчи Fusicladium dendriticum ва Monilia fructigena замбуруғлари лаборатория шароитида тоза муҳитга ажратиб олиниб, уларнинг тур таркиби, айрим биоэкологик хусусиятлари ва ривожланиши аниқланган;
касалликларни қўзғатувчи F. dendriticum (16 - 24°С) ва M. fructigena (18 - 22°С) замбуруғлари спораларининг ўсиши ва ривожланиши учун қулай ҳароратлар аниқланган;
олма дарахтининг касалланган аъзолари 35 смтупроқ остида 100 кун муддатгача сақланганда, калмараз ва монилиоз касалликларини қўзғатувчи замбуруғларнинг ривожланмасдан нобуд бўлиши исботланган;
лаборатория шароитида касаллик қўзғатувчи замбуруғларга қарши Панч 40% эм.к. (0,005-0,0075% ли суспензия), Топсин-М 70% н.кук. (0,07-0,1% ли), Дифен супер 55% н.кук.(0,015-0,025% ли), Крезоксин 50% с.д.г. (0,01-0,02% ли), Ампакт 250 эм.к. (0,007-0,01% ли), Фалькон 46% эм.к. (0,03-0,05% ли) ва Курзат Р н.кук. (0,25-0,3% ли) фунгицидларининг таъсири аниқланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. 
Интенсив олма боғларида замбуруғ қўзғатадиган касалликларни тарқалиши, ривожланиши ва зарарини аниқлаш, районлаштирилган олма навларини касалликларга чидамлилиги ҳамда касалликларга қарши кураш чораларини ишлаб чиқиш бўйича олиб борилган илмий изланиш натижалари асосида:
интенсив олма боғларида учрайдиган калмараз, ун шудринг ва монилиоз касалликларига қарши Панч 40% эм.к. (0,0075% ли суспензия), Топсин-М 70% н.кук. (0,1% ли), Дифен супер 55% н.кук. (0,025% ли), Крезоксин 50% с.д.г. (0,02% ли), Ампакт 250 эм.к. (0,01% ли), Фалькон 46% эм.к. (0,05% ли) ва Скор 25% эм.к. (0,02% ли) препаратлари Қашқадарё вилояти Шахрисабз ва Китоб туманларида жами 48 гектар майдонда жорий этилган (Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2018 йил 17 ноябрдаги 02/029-298-сон маълумотномаси). Натижада қўлланилган кимёвий препаратларнинг биологик самарадорлиги 73,3-94,6 фоизни ташкил этган;
2015–2017 йилларда Қашқадарё вилоятида интенсив олма боғларда учрайдиган калмараз, ун шудринг ва монилиоз касалликларига қарши Арт 25% эм.к. (0,01% ли суспензия), Медея, м.э. 80 г/л (0,12% ли), Сигнун 38% с.д.г. (0,07% ли), Кантор к.э.к. (0,15% ли) ва Пирус 40% сус.к. (0,14% ли) препаратларини ишлатиш сарф меъёрлари ишлаб чиқилган ва амалиётга жорий этилган («Ўзагрокимёҳимоя» АЖнинг 2018 йил 26 декабрдаги 03-13/1969-сон маълумотномаси). Натижада фунгицидлар 1000 л/га ишчи эритма ҳисобида қўлланилганда 85,7 фоиздан 93,1 фоизгача биологик самарадорликка эришилган; 
2016–2017 йилларда олма боғларида замбуруғ қўзғатадиган касалликларга қарши 20 дан ортиқ турдаги кимёвий гуруҳларга мансуб фунгицидлар синовдан ўтказилиб, олма касалликларига қарши қўллашнинг мақбул муддат ва меъёрлари ишлаб чиқилган ва амалиётга жорий этилган («Ўзагрокимёҳимоя» АЖнинг 2018 йил 26 декабрдаги 03-13/1969-сон маълумотномаси). Натижада ушбу фунгицидларни илк маротаба республиканинг интенсив олма боғларида учрайдиган калмараз, ун шудринг ва монилиоз касалликларига қарши қўллаш асосида уларни ишлатиш регламентлари белгилаб берилган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish