Sayt test rejimida ishlamoqda

Хожамбергенов Насим Маменовичнинг
диссертация ҳимоясисиз селекция ютуғи (ихтиро патенти) асосида фан доктори (DSc) илмий даражасини бериш бўйича эълон матни

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Юқори қимматли хўжалик белгиларига эга бўлган ўрта толали ғўза навларини яратиш ва жорий этиш», 06.01.05–Селекция ва уруғчилик (қишлоқ хўжалиги фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2018.2.DSc/Qx99.
Илмий маслаҳатчи: Намазов Шадман Эргашович, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор.
Илмий-тадқиқот иши бажарилган муассаса номи: Пахта селекцияси, уруғчилиги ва етиштириш агротехнологиялари илмий-тадқиқот институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Тошкент давлат аграр университети, DSc.27.06.2017.Qx.13.01.
Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлигининг ихтирога патенти олинган: ғўзанинг «С-6550» нави (№NAP 00108), ғўзанинг «С-9085» нави (№NAP 00126), ғўзанинг «С-6545» нави (№NAP 00099) ва ғўзанинг «Жарқўрғон» нави (№NAP 00152).
Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлигининг 2018 йил 30 мартдаги 02-11/704, 02-11/705 ва 02-11/707-сон ва 2018 йил 1 ноябрдаги 02-11/2811-сон хулосалари.
II. Тадқиқотнинг мақсади: турли чатиштириш услублари орқали яратилган дурагайларда хўжалик учун қимматли белгилар ва айрим биокимёвий кўрсактичларнинг ирсийланиши, ўзгарувчанлиги ва корреляциясини аниқлаш асосида тезпишар, ҳосилдор, тола чиқими ва сифати жаҳон андозалари талабларига жавоб берадиган, вилтга, сув танқислиги ҳамда шўрланишга бардошли ғўза навларини яратишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги: 
илк бор янги яратилган ўрта толали ғўза тизмалари ва навларини политестер тизимида ўзаро чатиштириш орқали тезпишарлик бўйича Т-1858 ва Т-158 тизмалари, тола узунлиги бўйича эса Т-597, Т-1858 ва Т-257 тизмалари юқори даражадаги умумий чатишиш қобилиятига эгалиги аниқланган; 
ғўза тизмалари ва навларини политестер тизимида тур ичида ўзаро чатиштириш орқали яратилган F2 дурагайларини тезпишарлик ва тола узунлиги бўйича вариацион қаторларининг таҳлили натижасида кенг даражадаги ижобий ва салбий трансгрессия юз бериши ҳамда ушбу белгиларнинг генетик жиҳатдан мураккаблиги ва полиген тарзда бошқарилиши аниқланган;
дурагайларда тезпишарлик ва айрим қимматли хўжалик белгилари ўртасидаги корреляциялар пастлиги, ғўзапоядаги оқсил миқдори билан тезпишарлик ва тола чиқими орасида ишончли корреляцияга эгалиги, лекин 1-ҳосил шохи баландлиги, ҳосилдорлик ва тола узунлиги билан ўзаро боғлиқ эмаслиги аниқланган;
тур ичида ва турлараро дурагайлаш юзасидан ўтказилган тадқиқотлар асосида ўрта толали ғўзанинг “Жарқўрғон”, “С-9085”, “С-6545” ва “С-6550” навлари яратилган, давлат нав синови ва кенг ишлаб чиқариш синовларидан ўтказилган ҳамда республиканинг турли вилоятларида ишлаб чиқаришда экиш учун мослиги аниқланган; 
қўлланилган турлараро ва тур ичида тизмалараро ҳамда навлараро дурагайлаш услубларининг сув танқислигига, иссиқликка ва шўрга бардошли ҳамда тола чиқими ва сифати юқори ғўза навларини яратишда юқори самарадор усуллар эканлиги исботланган; 
турлараро ва тур ичида тизмалараро ҳамда навлараро чатиштириш услубларини таққослаш орқали хўжалик учун қимматли белгиларнинг ижобий мажмуасига эга генетик-селекцион ашёларни яратишдаги самарадорлиги аниқланган;
турлараро ҳамда тур ичида тизмалараро ва навлараро дурагайлаш усулубларини  қўллаш орқали тезпишар, ҳосилдор, тола чиқими ва сифати юқори ҳамда бошқа хўжалик учун қимматли белгиларнинг ижобий мажмуасига эга ғўза навлари яратилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Юқори қимматли хўжалик белгиларига эга бўлган ўрта толали ғўза навларини яратиш бўйича олиб борилган илмий изланиш натижалари асосида:
республиканинг турли тупроқ иқлим шароитларида экиш учун ташқи муҳитнинг ноқулай омилларига, сув танқислигига ҳамда касалллик ва зараркунандаларга чидамли, серҳосил, эртапишар, юқори тола сифатига эга бўлган ўрта толали ғўзанинг «С-6550» навига (№NAP 00108), «С-9085» навига (“NAP 00126), «С-6545» навига (“NAP 00099) ва «Жарқўрғон» навига (“NAP 00152) селекция ютуғларига патентлар олинган. Натижада “С-9085” нави 2016–2018 йилларда республикамизда 10600 гектар майдонда жорий этилган ва гектаридан 1077269.9 сўм соф фойда олиш имкони яратилган;
 янгидан яратилган интенсив типдаги “Жарқўрғон”, “С-9085”, “С-6545” ва “С-6550” навлари 2014 йилдан бошлаб Қорқалпоғистон Республикаси, Хоразм, Самарқанд, Сурхондарё ва Тошкент вилоятларининг турли тупроқ-иқлим шароитларида истиқболли ва районлашган нав сифатида қишлоқ хўжалик экинлари давлат реестрига киритилган (Қишлоқ хўжалик вазирлигининг 2019 йил 4 мартдаги 02/020-126-сон маълумотномаси). Бунинг натижасида “Жарқўрғон” нави 2016–2018 йилларда республикамизда 21685 гектар майдонда экилган ва гектаридан 2629344 сўм соф фойда олишга эришилган;
ўрта толали ғўзанинг янгидан яратилган “Жарқўрғон” нави Самарқанд, Сурхондарё ва Тошкент вилоятларида 2016–2018 йилларда жами 18700 гектар, “С-9085” нави Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида  10610 гектар ва истиқболли “С-6545” ва “С-6550” навлари янги нав сифатида 100 гектардан ортиқ майдонларга жорий этилган (Қишлоқ хўжалик вазирлигининг 2019 йил 4 мартдаги 02/020-126-сон маълумотномаси). Натижада 2018 йилда “Жарқўрғон” навидан Самарқанд ва Сурхондарё вилоятларида гектаридан ўртача 22–39,6 центнер ва “С-9085” навидан Қорақалпоғистон Республикаси шароитида 26,0 центнер пахта ҳосили олишга эришилган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish