Sayt test rejimida ishlamoqda

Ирисқулов Олимжон Жаҳонгировичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар. 
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “XIX аср иккинчи ярми – XX аср бошларида Самарқанд шаҳрида ижтимоий-иқтисодий ва маданий жараёнлар”, 07.00.01–Ўзбекистон тарихи (тарих фанлари). 
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2017.2.PhD/Tar123.
Илмий раҳбар: Ғаффоров Шокир Сафарович тарих фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Самарқанд давлат университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Самарқанд давлат университети, PhD.31.01.2019.Tar.02.10.
Расмий оппонентлар: Хайитов Шодмон Аҳмадович, тарих фанлари доктори, профессор; Тиллабоев Соипжон Боқижонович, тарих фанлари номзоди, доцент.
Етакчи ташкилот: Қарши давлат университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: Самарқанд шаҳрининг XIX асрнинг иккинчи ярми – XX аср бошларидаги ижтимоий-иқтисодий ва маданий жараёнлари хусусиятларини очиб беришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги: 
XIX асрнинг иккинчи ярми XX аср бошларида Самарқанд шаҳри Туркистон генерал-губернаторлигининг сиёсий бошқарув тизимида муҳим ўрин тутган ҳолда, марказ сифатида қулай географик ҳудудда жойлашуви орқали метрополиянинг ундан ўлкaни ҳaр тoмoнлaмa нaзoрaт қилишда ўзига хос фoрпoст сифатида фойдалангани, “Янги шаҳар” қисми эса мустамлака маъмурият учун Самарқанд вилояти ва унинг марказини бошқаришда маъмурий-ҳарбий, ижтимоий-хўжалик вазифасини ўтаганлиги очиб берилган;
Самарқанд шаҳрида юз берган ижтимоий-иқтисодий трансформациялар ижтимоий ҳаётга сезиларли таъсир кўрсатгани, хусусан, иқтисодий, миграция сингари омиллар аҳоли миллий таркибида ўзгаришларга сабаб бўлгани, жамият ҳаётига Европа турмуш-тарзига хос янги жиҳатларнинг кириб келиши (маиший хизмат, ҳаёт, кийиниш услуби ва б.) ҳамда  “Эски шаҳар” ва “Янги шаҳар” аҳолисининг ўзаро интеграциялашуви (ғоявий, касбий, маданий) аломатларининг пайдо бўлиши аниқланган;
Самарқанд шаҳри губернаторликнинг муҳим иқтисодий марказларидан бири сифатида, ўлкани иқтисодий жиҳатдан метрополия билан боғлаган транспорт ва коммуникация (темир йўл, телеграф, почта ва ҳ.з.) маркази сифатида роли ҳамда савдо, саноат ва товар-пул муносабатларини ривожлантирган давлат ва хусусий капиталларнинг етакчи маркази бўлганлиги жиҳатлари кўрсатиб берилган;
XIX аср иккинчи ярми – XX аср бошларида Самарқанд Туркистон илм-фани, маориф тизимида ўзига хос ўрин тутган ҳолда, тарихий шаҳар мавқеига эга бўлиши орқали бу ерда илм-фан жамиятлари ташкил топиб, фаолият олиб боришининг аҳамияти, рус ва маҳаллий таълимдаги янгиланиш ва анъанавий ҳолатлар (таълим шакллари, янги ва эски ўқитиш услублари ва б.) аниқланган, шунингдек театр, санъат соҳасидаги ўзгаришларнинг аҳоли ҳаётига кўрсатган таъсир омиллари (маънавий, маданий ва б.) очиб берилган.    
IV. Тадқиқот натижаларнинг жорий қилиниши. 
XIX аср иккинчи ярми – XX аср бошларида Самарқанд шаҳридаги ижтимоий-иқтисодий ва маданий жараёнлар бўйича олинган илмий натижалар асосида:
Самарқанд шаҳрининг XIX аср иккинчи ярми – XX аср бошларига оид ишлаб чиқариш, ҳунармандчилик тармоқлари ҳамда шаҳарсозликда янги услубдаги меъморчиликнинг шаклланишига доир тадқиқот материаллари Самарқанд давлат музей-қўриқхонасининг “Ҳунармандчилик ва шаҳарсозлик” экспозициясини шакллантиришда фойдаланилган (Маданият вазирлигининг 2019 йил 14 майдаги 01-12-10-2258-сон  маълумотномаси). Тадқиқотнинг илмий хулосалари XIX аср охири – XX аср бошларига оид анъанавий ишлаб чиқариш муносабатлари ҳамда шаҳарсозликда юз берган ўзгаришларни очиб беришга хизмат қилган;
Самарқанд шаҳрида юз берган ижтимоий-иқтисодий трансформацияларнинг ижтимоий ҳаётга сезиларли таъсири, жамият ҳаётига Европа турмуш-тарзига хос янги жиҳатларнинг кириб келиши тўғрисидаги илмий янгиликлардан “Бухоро мероси” илмий- тадқиқот марказининг “Самарқанднинг Бухоро амирлиги ва мустамлака даври тарихи” мавзусидаги илмий лойиҳада фойдаланилган (Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциациясининг 2019 йил 19 июлдаги 04-06/200-01-сон ва “Бухоро мероси” марказининг 2019 йил 20 апрелдаги 3-сон маълумотномалари). Тақдим этилган материаллар XIX аср охири – XX аср бошларида Самарқанддаги ижимоий-иқтисодий трансформациялар тарихини янги материаллар асосида кенг жамоатчиликка тарғиб қилишга асос бўлган;
Самарқанд вилоят телевидениесида тадқиқотнинг XIX аср иккинчи ярми – XX аср бошларида Самарқанднинг сиёсий бошқарув тизимида тутган ўрни, маориф тизимида давлат сиёсатининг моҳияти билан маҳаллий таълимдаги трансформацион ҳолатлар ҳамда шаҳар маданий ҳаётида юз берган ўзгаришлар билан боғлиқ хулосалардан “Мерос”, “Мозийга саёҳат” кўрсатувларини тайёрлашда фойдаланилган (Самарқанд вилоят телерадиокомпаниясининг 2019 йил 4 апрелдаги 0902/14-сон маълумотномаси). Тадқиқот натижалари XIX аср иккинчи ярми – XX аср бошларида Самарқанд маданий ҳаётидаги анъанавий ва трансформацион жараёнларни ёритиб беришга хизмат қилган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish