Sayt test rejimida ishlamoqda

Аманов Отабек Аманкуловичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I.    Умумий маълумотлар. 
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Қишлоқ меҳнат бозорини самарали ривожлантириш асосида аҳолини иш билан бандлигини ошириш», 08.00.10–Демография. Меҳнат иқтисодиёти (иқтисодиёт фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2018.3.PhD/Iqt170.
Илмий раҳбар:  Абдураҳманов Қаландар Ходжаевич, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор, академик.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Г.В.Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт университетининг Тошкент шаҳридаги филиали.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Тошкент давлат иқтисодиёт университети, DSc.28.12.2017.I.16.02.
Расмий оппонентлар: Худойбердиев Зайниддин Явқочевич, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор; Насимов Дилмурод Абдуллоевич, иқтисодиёт фанлари номзоди, профессор.
Етакчи ташкилот: Тошкент давлат аграр университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: қишлоқ меҳнат бозорининг самарали ривожланишини назарий-услубий тадқиқ этиш асосида қишлоқ аҳолисини иш билан бандлигини ошириш ва ишсизликни камайтириш бўйича илмий асосланган хулоса ва таклифлар ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
қишлоқ аҳолисининг иш билан бандлиги даражасини меҳнат бозорида иш билан бандликнинг эгилувчан, ўз-ўзини иш билан бандлигини таъминлаш ва масофавий иш билан бандлик шаклларини ривожлантириш асосида ошириш таклиф этилган;
кичик саноат зоналарини ташкил этиш асосида ишлаб чиқариш соҳасида янги иш ўринларини яратиш ҳамда қишлоқ аҳолисининг иш билан бандлик даражасини ошириш асосланган;
аҳоли бандлигини қишлоқ жойларида таъминлаш механизми қишлоқ туристик махсус йўналишларини ташкил этиш асосида такомиллаштирилган;
2019–2025 йилларга мўлжалланган меҳнат бозори тенденцияси ва аҳоли ўсишининг демографик прогнози ишлаб чиқилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
 Қишлоқ меҳнат бозорини самарали ривожлантириш асосида аҳолининг иш билан бандлигини ошириш юзасидан ишлаб чиқилган илмий таклиф ва амалий тавсиялар асосида:
қишлоқ аҳолисининг иш билан бандлиги даражасини меҳнат бозорида иш билан бандликнинг эгилувчан, ўз-ўзини иш билан бандлигини таъминлаш ва масофавий иш билан бандлик шаклларини ривожлантириш бўйича таклифлар Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан аҳолини иш билан таъминлашнинг ҳудудий дастурларини ишлаб чиқишда фойдаланилган (Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг 2019 йил  1 июлдаги 01/00-04/07-4822-сон маълумотномаси). Ушбу таклифдан фойдаланиш иш билан бандликнинг ноанъанавий турлари кўламини кенгайтириш ва аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини иш ўринлари билан таъминлаш имконини берган;
кичик саноат зоналарини ташкил этиш асосида ишлаб чиқариш соҳасида янги иш ўринларини яратиш ҳамда қишлоқ аҳолисининг иш билан бандлик даражасини оширишга йўналтирилган таклиф Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 29 мартдаги ПҚ-3635-сон “Қашқадарё вилоятида кичик саноат зоналарини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳасини ишлаб чиқишда фойдаланилган (Қашқадарё вилояти ҳокимлигининг 2019 йил 19  июндаги 03/1235-сон маълумотномаси). Мазкур таклифнинг амалиётга татбиқ этилиши вилоятда давлат мулки бўлган ва давлат улуши мавжуд хўжалик юритувчи жамиятларнинг фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш майдонлари ва объектлари негизида ташкил этилаётган кичик саноат зоналарининг рўйхатини шакллантириш ҳамда кичик саноат зоналари ҳудудида 5 мингдан ортиқ иш ўрнини ташкил этиш имконини берган;
аҳоли бандлигини қишлоқ жойларида таъминлашда қишлоқ туристик махсус йўналишларини ташкил этиш бўйича таклифлар Қашқадарё вилояти ҳокимлиги томонидан янги туризм йўналишлари асосида иш ўринларини яратиш дастурини ишлаб чиқишда фойдаланилган (Қашқадарё вилояти ҳокимлигининг 2019 йил 19  июндаги 03/1235-сон маълумотномаси). Вилоятда қишлоқ янги туристик махсус йўналишларининг татбиқ этилиши натижасида қишлоқ жойларида агротуризм соҳасига 38 та фермер ва деҳқон хўжалигини,  2 мингдан ортиқ маҳаллий аҳолини кенг жалб қилиш имконини берган;
вилоятда 2019–2025 йилларда меҳнат бозори тенденцияси ва аҳоли ўсишининг демографик прогнозидан Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан меҳнат бозоридаги вазият ва аҳоли ўсишининг демографик прогнозини ишлаб чиқишда фойдаланилган (Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг 2019 йил  1 июлдаги 01/00-04/07-4822-сон маълумотномаси). Вилоятда меҳнат бозори тенденцияси ва аҳоли ўсишининг демографик прогнози янги иш ўринларини яратиш ва аҳоли бандлиги даражасини ошириш дастур ва чора-тадбирларининг сифатини оширишга хизмат қилган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish