Sayt test rejimida ishlamoqda

Аминжонова Матлуба Ахмедовнанинг
фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража берадиган фан тармоғи номи): «Суғурта шартномасида тарафларнинг мажбурияти ва жавобгарлиги масалалари», 12.00.03–Фуқаролик ҳуқуқи. Тадбиркорлик ҳуқуқи. Оила ҳуқуқи. Халқаро хусусий ҳуқуқ  (юридик фанлар).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2019.1.DSc/Yu96.  
Илмий маслаҳатчи: Усмонова Муборак Акмалжоновна, юридик фанлар доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Ҳарбий-техник институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Ўзбекистон Республикаси Миллий Гвардияси Ҳарбий-техник институти, DSc.30.08.2018.Yu.74.01.
Расмий оппонентлар: Насриев Илхом Исмоилович, юридик фанлар доктори, профессор; Камалов Ойбек Ахматович, юридик фанлар доктори, профессор; Рустамбеков Исломбек Рустамбекович, юридик фанлар доктори, доцент.
Етакчи ташкилот: Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси Божхона институти.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик. 
II. Тадқиқотнинг мақсади: суғурта шартномасида тарафларнинг мажбурияти ва жавобгарлиги масалаларини таъминлаш билан боғлиқ ҳуқуқий муносабатларни комплекс таҳлил қилиш асосида фуқаролик-ҳуқуқий муносабатлар соҳасидаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш ва ҳуқуқни қўллаш амалиётининг самарадорлигини таъминлаш бўйича илмий-амалий таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
суғурта товони йўловчиларнинг ҳаёти, соғлиғи ва (ёки) мол-мулкига етказилган зарар миқдорида, лекин суғурта пули миқдоридан кўп бўлмаган миқдорда тўланиши, шунингдек, суғурталовчи йўловчиларнинг ҳаёти, соғлиғи ва (ёки) мол-мулкига етказилган зарарни бартараф қилиш ва (ёки) камайтириш юзасидан ташувчининг ташаббусига ёки суғурталовчининг талабига кўра кечиктириб бўлмайдиган чоралар кўрилиши муносабати билан ташувчининг юзага келган барча билдирилган ва исботланадиган харажатлари ўрнини ҳатто бу чоралар муваффақиятсиз бўлган ҳолларда ҳам қоплаб бериши, бунда суғурта товонининг ва ташувчи мазкур харажатларининг умумий суммаси суғурта пули миқдоридан ортиқ бўлиши мумкин эмаслиги асосланган; 
суғурталовчининг суғурта товонини тўлаш ҳақидаги ёки тўлашни рад этиш тўғрисидаги қарори ташувчига у суғурта товонини тўлаш талаби кўрсатилган ёзма шаклдаги ариза билан мурожаат этганидан кейин ўн беш кундан кечиктирмай хабар қилиниши, суғурталовчининг суғурта товонини тўлашни рад этиш тўғрисидаги қарорида рад этишнинг асослантирилган сабаблари кўрсатилган бўлиши, суғурта товони суғурталовчи суғурта товонини тўлаш тўғрисида қарор қабул қилган кундан эътиборан беш иш кунидан кечиктирмай бевосита жабрланувчига ёки наф олувчига тўланиши ҳақидаги таклиф асослаб берилган; 
суғурталовчи жабрланувчининг ёки наф олувчининг талабномасини ташувчи томонидан кўриб чиқишда иштирок этиш, зарур бўлган ҳолларда эса тегишли экспертларни жалб этиш, суғурта ҳодисалари юзага келишининг олдини олиш бўйича тавсиялар бериш, ташувчига регресс талаби қўйиш ҳуқуқига эга бўлиши ҳамда ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш шартномаси шартлари билан ташувчини таништириши, шу жумладан унинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини тушунтириши, ўз фаолиятини амалга ошириш натижасида олинган ташувчи ва жабрланувчи ёки наф олувчи тўғрисидаги маълумотларнинг махфийлигини таъминлаши каби мажбуриятларни белгилаш асослаб берилган; 
суғурта ҳодисаси келиб чиқиши эҳтимоли мавжудлиги сабабли суғурта қилинган воқеа шартнома амалда бўлган даврда содир бўлса-да, етказилган зарар шартноманинг амал қилиш муддати тугаганидан сўнг аниқланса, фойдасига суғурта шартномаси тузилган шахс (суғурта қилдирувчи, наф олувчи), агар зарар шартнома амалда бўлган даврида етказилган ёки етказилиши бошланган бўлса, суғурта товонини талаб қилишга ҳақлилиги, ушбу ҳолатда зарар суғурта шартномаси амалда бўлган даврда етказилган ёки етказилиши бошланганлигини исботлаш мажбурияти суғурта қилдирувчи (наф олувчи) зиммасига юклатилиши ҳақидаги таклиф асослантирилган;
суғурта қилдирувчи (наф олувчи) суғурта ҳодисаси юз берганлиги ҳақида суғурталовчи ўз вақтида билганлигини ёхуд суғурталовчида бундай маълумот мавжуд эмаслиги унинг суғурта товонини тўлаш мажбуриятига таъсир қилмаслигини, яъни бундай маълумотларнинг мавжуд эмаслиги унинг (суғурталовчининг) суғурта ҳодисасининг ҳақиқатда содир бўлганлиги ва етказилган зарар миқдорини аниқлаш имкониятига таъсир қилмаслиги ҳақидаги далилларни тақдим қилиб, суғурталовчининг суғурта товонини тўлашни рад этганлиги юзасидан низолашиш имкониятига эга эканлиги асослаб берилган. 
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Суғурта шартномасида тарафларнинг  мажбурияти ва жавобгарлиги масалаларига оид тадқиқот иши бўйича олинган илмий натижалар асосида:
ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш шартномаси бўйича суғурта товонини тўлашга оид таклифлар Ўзбекистон Республикасининг «Ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида»ги Қонуни 12-моддасида ўз ифодасини топган (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитасининг 2019 йил 16 майдаги 06/1-05/1806вк-сон маълумотномаси). Ушбу таклифнинг жорий этилиши суғурта товони суғурта ҳодисаси натижасида кўрилган зарар учун тўлов эканлиги ва бу тўловни тўлаш мажбурияти суғурталовчининг зиммасида бўлишини таъминлашга, шунингдек, амалиётда суғурта товони ўрнига суғурта бадали тушунчасини ишлатилиши каби хатоликни бартараф этишга хизмат қилган;
суғурта товонини тўлаш тартибига оид яъни суғурталовчининг суғурта товони тўлаш мажбуриятини ижро этиш муддати чегарасини белгилаш билан боғлиқ таклифлар Ўзбекистон Республикасининг «Ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида»ги Қонуннинг 14-моддасида ўз ифодасини топган (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитасининг 2019 йил 16 майдаги 06/1-05/1806вк-сон маълумотномаси). Ушбу таклифнинг жорий этилиши ташувчи корхоналар томонидан йўловчиларга суғурта ҳодисаси натижасида етказилган зарарни, яъни суғурта товонини ўз вақтида тўлашни кафолатлашга хизмат қилган;
суғурталовчининг мажбуриятларини белгилашга оид таклифлар Ўзбекистон Республикасининг «Ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида»ги Қонуни 17-моддасида ўз ифодасини топган (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитасининг 2019 йил 16 майдаги 06/1-05/1806вк-сон маълумотномаси). Ушбу таклифнинг жорий этилиши суғурталовчи ташкилотларнинг ташувчи корхоналарга суғурта хизмати кўрсатиш бўйича мажбуриятини лозим даражада бажарилишини таъминлашга хизмат қилмоқда;
суғурта ҳодисаси келиб чиқиши тасодифий бўлганлиги сабабли суғурта қилинган воқеа шартнома амалда бўлган даврда содир бўлса-да, етказилган зарар шартноманинг амал қилиш муддати тугаганидан сўнг аниқланган ҳолларда ҳам агар зарар шартнома амалда бўлган даврида етказилган ёки етказилиши бошланган бўлса, суғурта товонини талаб қилиши мумкинлиги ҳақидаги таклиф Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг «Судлар томонидан суғурта шартномасидан келиб чиқадиган низоларни ҳал этишда қонун ҳужжатларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида»ги 2017 йил 29 ноябрдаги 45-сонли қарорининг 11.1-бандида ўз ифодасини топган (Ўзбекистон Республикаси Олий судининг 2019 йил  20 августдаги ПЛ-46-19-сон маълумотномаси). Ушбу таклифнинг жорий этилиши суғурта шартномаси амалда бўлган вақтда содир этилган, лекин суғурта шартномаси муддати тугаган ҳолларда ҳам содир этилган ҳодисанинг натижасида етказилган зарарларни тўланишини таъминлашга хизмат қилган;
суғурта ҳодисаси ҳақида ўз вақтида хабар бермаганлик ҳолатида, агар суғурта ҳодисаси натижасида зарар етказилганликни исботлаш имконияти мавжуд бўлса, суғурта товонини тўлаш бўйича низолашиш ҳуқуқини белгилашга оид таклиф Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг «Судлар томонидан суғурта шартномасидан келиб чиқадиган низоларни ҳал этишда қонун ҳужжатларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида»ги 2017 йил 29 ноябрдаги 45-сонли қарорининг 12-бандида ўз ифодасини топган (Ўзбекистон Республикаси Олий судининг 2019 йил  20 августдаги ПЛ-46-19-сон маълумотномаси). Ушбу таклифнинг жорий этилиши суғурталовчи ташкилотлар томонидан суғурта товонини тўлашни ассосиз рад этилишининг олдини олишга хизмат қилган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish