Sayt test rejimida ishlamoqda

Қўшоқова Барнохон Йўлдошевнанинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Тил функционал ривожланишининг социолингвистик таҳлили (ўзбек тили мисолида)», 10.00.11–Тил назарияси. Амалий ва компьютер лингвистикаси.
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2019.2.PhD/Fil637/
Илмий раҳбар: Маджидова Раъно Уришевна, филология фанлари номзоди, доцент.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Фарғона давлат университети, DSc.27.06.2017.Fil.05.02.
Расмий оппонентлар: Бердалиев Абдували, филология фанлари доктори, профессор; Худойберганова Дурдона Сиддиқовна, филология фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот номи: Наманган давлат университети
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқот мақсади: тил ижтимоий функцияларининг кенгайиши ва унинг луғат таркиби тараққиётига таъсирини ўзбек тили мисолида ёритиб беришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
ижтимоий-коммуникатив тизим ривожланиши билан бевосита боғлиқ бўлган ижтимоий-сиёсий, тарихий, иқтисодий, маданий, мафкуравий шароитлар тилнинг ички структураси ва унинг функцияларидаги ўзгаришлар ҳамда тил мавқеи кўтарилишининг асосий омили бўлганлиги далилланган;
тилнинг ижтимоий функциялари кенгайиши сўзларда маъно кўчиши, маъно ҳажми кенгайиши/торайиши, архаизмларнинг қайта фаоллашуви, грамматик, семантик ва сўз ўзлаштириш усуллари орқали неологизмлар ҳосил қилинишига олиб келганлиги миқдорий кўрсаткичлар асосида исботланган;
ўзбек тилининг луғат таркибида тилнинг ижтимоий функциялари кенгайиши натижасида юзага келган сўз маъносининг тараққиётидаги ҳамда сўзларнинг услубий қўлланилиш доирасидаги ўзгаришлар изоҳли луғатнинг янги авлодини яратиш тадрижи жадаллашувини тақозо қилиши аниқланган;
тилда пайдо бўлган кўплаб неологизмлар ҳамда луғат таркибидаги сўзларнинг қайта услубий тақсимланиши бевосита тилнинг коммуникатив, когнитив, аккумулятив, экспрессив каби ижтимоий функциялари кенгайишининг инъикоси эканлиги асосланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Тил, хусусан, ўзбек тили функционал ривожланишининг социолингвистик тадқиқи бўйича олинган илмий натижалар ва амалий таклифлар асосида:
тил луғат таркибининг жамиятнинг турли соҳаларида ривожланиши сўзларнинг услубий қўлланилиш доирасида ижтимоий функциялар кенгайишини акс эттирувчи луғат таркибидаги ўзгаришлар тўғрисидаги илмий асосланган таклиф ва тавсиялардан, хулосалардан ОТ-Ф8-062-рақамли “Тил тараққиётининг деривацион қонуниятлари” мавзусидаги фундаментал тадқиқот лойиҳасида фойдаланилган (Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2018 йил 1714/30.02.01-сон маълумотномаси). Натижада луғат таркибининг тараққий этиши тил ижтимоий функциялари кенгайиши натижасида тилда пайдо бўлган неологизмлар ва мавжуд сўзларнинг қайта услубий чегараланиши масалаларига ойдинлик киритилган;
сўз маъно ҳажми кенгайишининг миқдорий кўрсаткичи юқори эканлиги, ижтимоий функциялар кенгайиши натижасида тилда кўплаб неологизмлар пайдо бўлиши, луғат таркибидаги сўзлар қайта услубий тақсимланишига оид илмий хулосалардан Тошкент давлат педагогика университетида бажарилган ИТД-1-07-рақамли “Тилшунослик асослари фанидан дарслик, ўқув-услубий мажмуа ва уларнинг электрон нусхаларини яратиш” номли амалий лойиҳасида фойдаланилган (Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2018 йил 29 ноябрдаги 89-03-4127-сон маълумотномаси). Натижада ушбу амалий лойиҳа доирасида яратилган дарслик ва ўқув-услубий мажмуа янги илмий далиллар билан бойитилган; 
ўзбек тилига давлат тили мақомининг берилиши, ўзбек тилининг ижтимоий мақоми ва функциялари кенгайишининг илмий асослари, яъни сўз маъноси тараққиёти ва сўзларнинг услубий қўлланилиши, шунингдек, ижтимоий функцияларнинг кенгайишини акс эттирувчи ўзбек тилининг луғат таркибидаги ўзгаришлар тўғрисидаги таҳлилий фикрлар асосида Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг “O`zbekiston” телерадиоканали ДУК “Маданий-маърифий ва бадиий эшиттиришлар” муҳарририяти томонидан “Бедорлик” дастурининг 2018 йил май-октябрь ойларидаги сонлари сценарийсини тайёрлашда фойдаланилган (Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси “O’zbekiston” телерадиоканалининг 2018 йил 25 октябрдаги O’z/R-1-176-сон маълумотномаси). Натижада мазкур эшиттиришлар маънавий-маърифий ҳамда бадиий жиҳатдан бойиган, оммабоплиги, илмийлиги таъминланган. 

Yangiliklarga obuna bo‘lish