Sayt test rejimida ishlamoqda

Бегматова Дилноза Мухтаровнанинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар. 
Диссертация мавзуси ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Оилада ёшларнинг касбий ижтимоийлашувини таъминлашнинг педагогик шарт-шароитлари», 13.00.01–Педагогика назарияси. Педагогик таълимотлар тарихи (педагогика фанлари).    
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2018.1.PhD/Ped398.
Илмий раҳбар: Махмудова Муяссар Махмудовна, педагогика фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Самарқанд давлат чет тиллар институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Самарқанд давлат университети, PhD.28.03.2018.Ped.02.05.
    Расмий оппонентлар: Эгамбердиева Нодира Мелибаевна, педагогика фанлари доктори, профессор; Ҳасанова Кибриё Ҳасановна, педагогика фанлари номзоди, профессор. 
Етакчи ташкилот: Тошкент давлат педагогика университети.
Диссертация йўналиши: амалий ва назарий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: оилада ёшларнинг касбий ижтимоийлашувини таъминлашнинг шарт-шароитларини ўрганиш асосида оилавий тарбиянинг педагогик механизмларини такомиллаштиришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
оилавий миллий тарбиянинг ташаббускорлик функцияси мазмуни оилада ёшларни касбий ижтимоийлаштиришнинг анъанавий (меҳнат тарбияси, ижтимоий-фойдали меҳнат) ва замонавий (оилавий тадбиркорлик, бизнесга ўргатиш) кўринишларини ментал-этнопедагогик хусусиятларга (устувор йўналишлари, шакллари, маросимлар, қадриятлар) кўра уйғунлаштириш асосида аниқлаштирилган;
касбий етукликка эришишнинг акмеологик тузилмаси касбий ижтимоийлаштириш омилларига (мега, макро, мезо, микро) таъсир этувчи  ўзбек оилаларининг фактор таҳлили босқичларини белгилаш асосида такомиллаштирилган;
ёшларни касбни онгли танлаш, касбий қизиқиш ва эҳтиёжларни барқарорлаштиришга хизмат қилувчи витаген ёндашув элементлари (шахсий қобилиятлари, ҳаётий тажриба, воқеликни реал баҳолашга ўргатиш) оилада касбий ижтимоийлаштиришнинг экзистенциал босим  механизмини коррекциялаш асосида такомиллаштирилган;
оилада ёшлар касбий ижтимоийлашувини таъминлашнинг педагогик имкониятлари тузилмаси ўқувчи-ёшлар билан ишлашнинг педагогик таъсирчанлигини оширишга йўналтирилган микроҳудуд мониторингини юритиш (“StreetWork”), ижтимоий ишни ташкил этиш (“FamilyWork”) технологиялари лойиҳаларини ишлаб чиқиш асосида такомиллаштирилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Оилада ёшларнинг касбий ижтимоийлашувини таъминлашнинг педагогик шарт-шароитлари бўйича  олинган илмий натижалар асосида:  
оилавий миллий тарбиянинг ташаббускорлик функцияси мазмуни, оилада ёшларни касбий ижтимоийлаштиришнинг анъанавий ва замонавий кўринишларини ментал-этнопедагогик хусусиятларига доир таклифлардан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 2 февралдаги “Хотин-қизларни қўллаб қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5325-сон Фармони ижроси доирасида умумий ўрта таълим мактабларининг VIII¬ –X синфларида ўқитиладиган “Оила этикаси ва психологияси” ўқув предмети мазмунини такомиллаштиришда фойдаланилган (Халқ таълими вазирлигининг 2018 йил 29 майдаги 01-02/2-2-159-сон маълумотномаси). Мазкур ўқув предмети мазмуни ёшларни замонавий касбларни танлашга йўналтириш бўйича шахсий қарорларининг мақсадли, англанган ва турғун характерга айланиши, замонавий янги ёндашувлар негизига қурилишига хизмат қилган;
касбий етукликка эришишнинг акмеологик тузилмаси, касбий ижтимоийлаштириш омилларига таъсир этувчи  ўзбек оилаларининг фактор таҳлили босқичлари, витаген ёндашув элементлари, оилада касбий ижтимоийлаштиришнинг экзистенциал босим  механизмини коррекциялашга доир таклифлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази Самарқанд вилоят бошқармасининг 2018 йил 21 августдаги 8-сонли йиғилишида тасдиқланган “Оила-миллат ифтихори, эл-юрт таянчи, келажак пойдевори” мавзусидаги чора-тадбирлар режасининг  2-, 9-бандларини ишлаб чиқишда фойдаланилган (“Оила” илмий-амалий тадқиқот марказининг 2018 йил 13 сентябрдаги 562-сон маълумотномаси). Чора-тадбирлар доирасида ўтказилган махсус ўқув семинарлари ва тренинг дастурлари ота-оналарнинг педагогик маданиятини ривожлантириш, ўқувчиларда касбий таълим, унинг структураси ва касб танлашга оид шахсий-эмоционал муносабатни шакллантириш имкон берган;
оилада ёшлар касбий ижтимоийлашувини таъминлашнинг педагогик имкониятлари тузилмаси ўқувчи-ёшлар билан ишлашнинг педагогик таъсирчанлигини оширишга йўналтирилган микроҳудуд мониторингини юритиш (“StreetWork”), ижтимоий ишни ташкил этиш (“FamilyWork”) технологиялари лойиҳаларига оид таклифлари Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгашининг 2018 йил 18 августдаги 95-сон қарорини  ишлаб чиқишда фойдаланилган (Ўзбекистон “Маҳалла” ҳайрия жамоат фондининг 2018 йил 14 сентябрдаги 02-06/75-сон маълумотномаси). Натижада, Самарқанд вилоятининг “Найман” “Каттақўрғон”, “Беклар” ва “Фароғат” маҳаллаларида мақсадли тадбирлар, давра суҳбатлари, индивидуал иш, семинар-тренинглар ташкил этилиб, ота-оналар замонавий касблар, улар хусусиятлари, мамлакатимизда касбий таълим доирасидаги ўзгаришлар билан таништирилган ва уларнинг касбий ижтимоийлашув масаласидаги фаоллиги ва ташаббускорлиги оширилган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish