Sayt test rejimida ishlamoqda

Дусимбетов Баҳодир Олимбаевичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Жанубий Оролбўйи шароитида кемирувчилар (Rodentia) жамоаларини экологик баҳолаш (Қорақалпоғистон жанубий туманлари мисолида)», 03.00.10–Экология (биология).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2019.1.PhD/B108.
Илмий раҳбар: Мамбетуллаева Светлана Мирзамуратовна, биология фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Қорақалпоқ табиий фанлар илмий-тадқиқот институти. 
ИК фаолият кўрсатаётган муассасалар номи, ИК рақами: Қорақалпоқ табиий фанлар илмий-тадқиқот институти, PhD.29.12.2018.B.79.01.
Расмий оппонентлар: Абдуллаев Икром Искандарович, биология фанлари доктори, профессор; Сейтназаров Сулайман Қутлимуратович, биология фанлари номзоди, доцент.
Етакчи ташкилот: Бухоро давлат университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: Қорақалпоғистон Республикасининг жанубий туманларидаги кемирувчилар (Rodentia) жамоаларини экологик баҳолаш ҳамда уларни Жанубий Оролбўйи экотизими биоиндикациясида фойдаланиш эҳтимоллигини аниқлашдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
Жанубий Оролбўйи минтақаси табиий муҳитининг динамик ўзгариши остида кемирувчилар жамоаларининг специфик қайта гурухланишлари шаклланиши аниқланган;
кемирувчилар жамоаларининг сифат ва миқдор кўрсаткичларидан биоиндикация мақсадида, экологик омиллар таъсири остидаги биоценозлар динамик даражаларини мониторинг тадқиқ қилиш учун фойдаланишга тавсия қилинган методик ёндашувлар асосланган;
кемирувчиларнинг ўрганалаётган тури Ondatra zibethica популяциясининг Амударё гидрологик режими, ерларни ўзлаштириш ҳамда қайта тикланувчи сукцессияларга адаптив реакция даражаси аниқланган; 
жой рельефини ҳисобга олган ҳолда антропоген омиллар таъсиридаги кемирувчилар жамоалари таркиб ва структураси сукцессион ўзгаришларининг йўналганлик даражалари аниқланган. 
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. 
Жанубий Оролбўйи шароитларида кемирувчилар (Rodentia) жамоаларини экологик баҳолаш бўйича олинган илмий натижалар асосида:
Жанубий Оролбўйининг антропоген ва техноген омиллар таъсири остидаги ҳозирги ҳолатини баҳолаш методлари Ф.12-14 рақамли “Орол денгизининг постаквал қуришида тузларнинг тўпланиш динамикасини математик моделлаштириш усули билан тадқиқ қилиш” фундаментал лойиҳасида Жанубий Оролбўйи минтақаси атроф-муҳитини муҳофаза қилиш ва майда сутэмизувчилар фаунасининг экологик мониторингида фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Қорақалпоғистон бўлимининг 2019 йил 23 августдаги 17.01/121а-сон маълумотномаси). Натижада Қорақалпоғистон Республикаси жанубий туманлари мисолида экотизимларнинг сукцессион жараёнларини прогнозлаш мақсадида кемирувчилар популяцияларининг интеграл характеристикаларидан биотестлаш сифатида фойдаланиш имконини берган;
кемирувчиларнинг вақт оралиғидаги худудий тарқалиши бўйича энг сўнги маълумотлар Қорақалпоғистон Республикаси Ўрмон хўжалиги қўмитасида Жанубий Оролбўйи табиий экотизими ҳолатини баҳолаш ва мониторинг ўтказишга жорий қилинган (Қорақалпоғистон Республикаси Ўрмон хўжалиги қўмитасининг 2019 йил 15 февралдаги 191-сон маълумотномаси). Натижада минтақа ҳайвонот дунёсининг кадастрини тузиш, кемирувчилар яшаш жойларини экологик паспортлаш имконини берган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish