Sayt test rejimida ishlamoqda

Исаков Хаятулланинг
фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Формальдегид ва фурфурол асосида кўп функционал таъсирга эга бўлган биологик фаол моддалар синтези, синфланиши ва олиш технологиясини ишлаб чиқиш», 02.00.13–Ноорганик моддалар ва улар асосидаги материаллар технологияси; 02.00.09–Товарлар кимёси (техника фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2019.3.DSc/T235.
Илмий маслаҳатчилар: Асқаров Ибрагим Рахмонович, кимё фанлари доктори, профессор; Усмонов Султон Усмонович, техника фанлари доктори, профессор. 
Диссертация бажарилган муассасалар номи: Умумий ва ноорганик кимё институти, Андижон давлат университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: Умумий ва ноорганик кимё институти, Тошкент кимё-технология институти ҳузуридаги DSc.27.06.2017.K/T.35.01 рақамли илмий кенгаш асосидаги бир марталик илмий кенгаш. 
Расмий оппонентлар: Намазов Шафаат Саттарович, техника фанлари доктори, профессор, академик; Каримкулов Қурбонқул Мавлонқулович, техника фанлари доктори, профессор; Шамшиддинов Исроилжон Тургунович, техника фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: Фарғона политехника институти.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: мочевина ва тиомочевиналарнинг формальдегидли, фурфуролли бирикмалар ва биоген металлар асосида кам заҳарли ва юқори самарали янги уруғдорилагич ва стимуляторлар олиш технологиясини яратишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
диметилолмочевина, триметилолмочевина, монометилолтиомочевина, диметилолтиомочевина, метилендитиомочевина, триметилолтиомочевина, диметилентритиомочевина, триметилентетратиомочевина ҳамда мис, рух ва кобальт ацетат тузларини 20 та уч компонентли сувли системалардаги эрувчанлик ва кимёвий таъсирлашиши исботланган;
фурфурол, мочевина, фурфурамид ҳамда мис, рух ва кобальт ацетатлари тутган 9 та янги модда ҳосил бўлиши аниқланган;
мочевина- ва тиомочевинаформальдегид, мочевина-фурфурол бирикмаларини олиш ва уларни қуритишнинг мақбул шароитлари топилган, мочевина- ва тиомочевинаформальдегид, мочевинафурфурол бирикмалари ҳамда мис, рух ва кобальт ацетатлари асосида препаратлар олишнинг мақбул таркиблари, компонентлар нисбати ва жараёнларни олиб боришнинг технологик тартиблари аниқланган;
мочевина, тиомочевиналарни формальдегид, фурфурол бирикмалари ва биоген металлар асосида комплекс таъсир этувчи кам заҳарли уруғдорилагич ва ўстириш стимуляторларини олиш технологияси ишлаб чиқилган;
мочевина ва тиомочевинанинг алифатик ва гетероциклик ҳосилаларини синфлаш, ундан ташқари ишлаб чиқилган тегишли код рақамлари асосида ушбу товарларнинг сифат кўрсаткичларини назорат қилиш ва уларга мувофиқлик сертификатини расмийлаштириш қоидалари асосланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. 
Мочевина ва тиомочевинанинг формальдегидли, фурфуролли бирикмалар ва биоген металл ацетатлари асосида кам заҳарли, самарали уруғдорилагич ва ўсимликларни ўстириш учун стимуляторлар олиш технологиясини яратиш бўйича олинган илмий натижалар асосида:
П-4 уруғдорилагичини олиш усулига Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлигининг ихтиро патенти  (№IAP 02236, 2002й.) олинган. Натижада мочевина, тиомочевина, формальдегид, фурфурол ҳамда мис, рух ва кобальт металларининг ацетатлари асосида янги сериядаги уруғдорилагичларни олиш имконини берган;
ғўза ўсимлиги учун стимулятор олиш усулига Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлигининг ихтиро патенти (№IAP 05099, 2015й.) олинган. Натижада тиомочевина, формальдегид ва ферроцен ва унинг ҳосилалари бирикмалари асосида янги сериядаги стимуляторлар олиш имконини берган;
“П-4” уруғдорилагичи Бухоро ва Қашқадарё вилоятлари фермер хўжаликларида пахта чигитини касалликлардан ҳимояловчи восита ҳамда ўсимликлар ўсишини тезлаштирувчи стимулятор сифатида амалиётга жорий этилган (Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг 2018 йил 2 октябрдаги 01/032-1305-сон маълумотномаси). Натижада “П-4” уруғдорилагичи ғўза экинларининг барвақт униб чиқиш, илдизлар чириши ва гоммоз касалликларидан ҳимоя қилиш, экинларни ўсиб ривожлантириш ҳамда уларнинг ҳосилининг пишиб етилишини тезлаштириш имконини берган;
товарлар номенклатураси бўйича мочевина, тиомочевина алифатик ҳосилалари учун 3808949001 ва уларнинг гетероциклик ҳосилалари учун 3808949002 товар кодлари Давлат божхона қўмитаси амалиётига жорий қилинган (Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининнг 2018 йил 6 январдаги 1/16-10-сон маълумотномаси). Натижада Ўзбекистонда импорт ва экспортбоп маҳсулотлардан божхона ва акциз солиқларини ундириш ҳамда маҳаллий хомашёлар асосида олинган маҳсулотларни қишлоқ хўжалигида кенгроқ фойдаланиш имконини берган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish