Sayt test rejimida ishlamoqda

Қучқаров Хамидулло Абдурасуловичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража берадиган фан тармоғи номи): “Фуқаролик процессида ишларни соддалаштирилган тартибда кўришнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш”, 12.00.04–Фуқаролик процессуал ҳуқуқи. Хўжалик процессуал ҳуқуқи. Ҳакамлик жараёни ва медиация ихтисослиги (юридик фанлар).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2019.2.PhD/Yu94.
Илмий раҳбар: Мамасиддиқов Музаффаржон Мусажонович, юридик фанлар доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси ҳарбий-техник институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Ҳарбий-техник институти, DSc.30.08.2018.Yu.74.01.
Расмий оппонентлар: Эсанова Замира Нормуратовна, юридик фанлар доктори, профессор, Ҳазратқулов Одилбек Турсунович, юридик фанлар номзоди.
Етакчи ташкилот: Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги қошидаги Юристлар малакасини ошириш маркази.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик. 
II. Тадқиқотнинг мақсади: фуқаролик процессида ишларни соддалаштирилган тартибда кўришнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш бўйича илмий хулосалар ва қонунчиликни ривожлантиришга қаратилган тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат.
III.  Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
даъво ишини юритишда тарафлар суд процессининг ҳар қандай босқичида ишни келишув битими тузиш ёки биринчи инстанция судида суд алоҳида хонага (маслаҳатхонага) суд ҳужжатини қабул қилиш учун чиққунига қадар медиатив келишув тузиш орқали тугаллашга ҳақли эканлиги асослаб берилган;
касаба уюшмалари ходимларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиб, судга даъво аризаси билан, шунингдек суд буйруғини чиқариш тўғрисидаги ариза билан мурожаат қилишга ҳақли эканлиги асослантириб берилган;
фуқаролик ишларини соддалаштирилган тартиби даъво суммаси кам миқдорда бўлиши, ёзма далилларнинг етарли ва тасдиқланган бўлишлиги ҳамда тарафларнинг ишни соддалаштирилган тартибда кўрилишига қарши эмасли ҳақидаги ёзувнинг бўлиши кабилар асосида асослантириб берилган;
фуқаролик ишларида ёзма далилларга асосий урғу берилишини эътиборга олган ҳолда “Соддалаштирилган тартибда иш юритиш”ни таърифи такомиллаштирилган;
даъво аризаларини қабул қилиш ҳамда уларни кўриб чиқиш борасидаги дастлабки жараёнларни даъво аризасини электрон қайд қилиш, уни электрон тақсимлаш ва жавобгарнинг даъво аризасига нисбатан ёзма фикр билдириш тартибини жорий этиш асослантирилган;
суд муҳокамаси бошланишига қадар тарафлар ўзаро келишувга эришсалар, улар томонидан тўланган давлат божининг ярмини қайтариб бериш таклифи асослантирилган;
судлар томонидан даъво суммаси кам миқдорда бўлган низоли ишларни соддалаштирилган тартибда кўриш тўғрисидаги нормаларни фуқаролик процессуал қонунчиликка киритиш таклиф этилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. 
Фуқаролик процессида ишларни соддалаштирилган тартибда кўришнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш бўйича олинган илмий натижалар асосида:
фуқаролик суд ишларида иштирок этувчи шахсларнинг процессуал ҳуқуқ ва мажбуриятларини таъминлашга оид таклифлар Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 20 мартдаги ЎРҚ-531-сон «Мамлакатда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонуни 17-моддасига асосан Ўзбекистон Республикасининг 2018 йил 22 январда қабул қилинган ЎРҚ-460-сонли Қонуни билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал кодекси 44-моддасининг тўртинчи қисмига киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларда ўз ифодасини топган (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитасининг 2019 йил 29 апрелдаги 147-сон маълумотномаси). Ушбу таклифлар фуқаролик суд ишларини юритишда иштирок этувчи тарафларнинг процессуал ҳуқуқ ва мажбуриятларини таъминлашга хизмат қилган;
касаба уюшмаларининг қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан жамоатчилик назоратини амалга оширишга доир ҳуқуқларини таъминлашга оид таклифлари 2016 йил 28 ноябрдаги Ўзбекистон Республикасининг «Касаба уюшмалари, уларнинг ҳуқуқлари ва фаолиятининг кафолатлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартишлар киритиш ҳақидаги Қонунининг тўққизинчи бандига киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларда ўз ифодасини топган (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитасининг 2017 йил 2 мартдаги 06/02-сон маълумотномаси). Ушбу таклифлар касаба уюшмаларининг қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан жамоатчилик назоратини амалга оширишга доир ҳуқуқларини таъминлашга хизмат қилган;
Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал кодекси 173-моддаси биринчи бандини “давлат божи” деган сўзлардан кейин “ва почта харажатлари” деган сўзлар билан тўлдиришга оид таклифи Ўзбекистон Республикасининг 2018 йил 11 октябрдаги ЎРҚ-486-сонли “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига одил судловни амалга ошириш самарадорлигини янада кучайтиришга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонуни билан Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал кодекси 173-моддасининг биринчи бандида ўз аксини топган (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитасининг 2019 йил 29 апрелдаги 147-сон маълумотномаси). Ушбу таклифларнинг киритилиши фуқаролик процессида буйруқ тартибида иш юритишни такомиллаштиришга хизмат қилган;
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг 44, 49, 51, 69, 166-моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги таклифи Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 20 мартдаги ЎРҚ-531-сонли “Мамлакатда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонуннинг 17-моддаси биринчи бандига ҳамда ўн биринчи бандига киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларда ўз аксини топган (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитасининг 2019 йил 29 апрелдаги 147-сон маълумотномаси). Ушбу таклифларнинг жорий этилиши фуқаролик суд ишларини юритишни соддалаштириш, шахс ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилишни янада мустаҳкамлашга хизмат қилган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish