Sayt test rejimida ishlamoqda

Рахмонов Наврўз Сатторовичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

 
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Ўзбек тили Навоий вилояти шевалари морфологик хусусиятларининг лингвоареал тадқиқи», 10.00.01–Ўзбек тили (филология фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2018.3.PhD/Fil495.
Илмий раҳбар: Муродова Нигора Қулиевна, филология фанлари доктори.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Навоий  давлат педагогика институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Самарқанд давлат университети, DSс.27.06.2017.Fil.02.03.
Расмий оппонентлар: Каримов Суюн Амирович, филология фанлари доктори, профессор; Аширбоев Самихон,  филология фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: Наманган давлат университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: Навоий вилояти ўзбек шевалари бўйича тўпланган фактик материаллар асосида шеванинг ўзига хос морфологик хусусиятларини тавсифлаш, бошқа ўзбек шевалари, қадимги ёзма ёдгорликлар тили материаллари билан қиёслаш, уларни лингвоареал усулда ўрганиб, ҳудудий тарқалишини хариталаштиришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги: ўзбек халқ шеваларининг, жумладан, Навоий вилояти ўзбек шевалари морфологик хусусиятларининг лингвоареал, тавсифий, қиёсий-тарихий ва этнолисоний жиҳатлари очиб берилган;
Навоий вилояти ўзбек шевалари республикамизнинг барча вилоятлари, шунингдек, қўшни республикалардаги ўзбек шевалари материаллари билан қиёслаш орқали морфологик бирликларининг ареаллари асосланган;
Навоий вилояти ўзбек шеваларида 50 дан ортиқ морфологик кўрсаткичнинг 300 дан ортиқ вариантлари мавжудлиги далилланган;
Навоий вилояти ўзбек шевалари морфологияси бўйича тўпланган фактик материаллар асосида мазкур шеваларнинг морфологик изоглоссалари аниқланган;
Навоий вилояти ўзбек шевалари ёзма ёдгорликлар тилида учрайдиган айрим морфологик бирликлар ва бошқа ўзбек шеваларида қайд этилмаган морфологик хусусиятларни ўзида сақлаб келаётганлиги асосланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Навоий вилояти ўзбек шевалари морфологик хусусиятларини ареал тадқиқ қилиш бўйича олинган илмий натижалар асосида:
диалектал морфологик шаклларнинг халқ достонларида учрайдиган кўринишлари, шунингдек, бештош, оқкияр, қорабосипти, гулафшон каби ўнлаб этнографизмларнинг ясалиши ва ҳудудий тарқалишига оид назарий хулосалардан ХТ-Ф-2-004 рақамли “Ўзбек халқ педагогикаси ва фольклор анъаналари” мавзусидаги (2008–2010) фундаментал лойиҳада фойдаланилган (Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2019 йил 1 майдаги 89-03-1706-сон маълумотномаси). Натижада инсониятнинг бадиий тафаккури маҳсули бўлган халқ достонларини ўргатишда диалектал билимлардан фойдаланиш ўқувчиларнинг компетентлигини оширувчи восита эканлиги очиб берилган;
шевалардаги қўшма сўзлар деривацияси масалаларига оид хулосалардан ОТ-Ф8-062 рақамли “Тил тараққиётининг деривацион қонуниятлари” мавзусидаги (2007–2011) фундаментал лойиҳада фойдаланилган (Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги 2019 йил 1 майдаги 89-03-1706-сон маълумотномаси). Илмий натижаларнинг қўлланилиши натижасида диалектал қўшма сўзларнинг ясалишида қисмларнинг, ўзбек адабий тилидагидек, муайян семантик, грамматик муносабатлар доирасида умумтилнинг қисқалик, тежамлилик тамойилларига кўра ўзаро бирикиши, шеваларда айрим лисоний қолиплар асосида сўз ясалишининг сермаҳсуллиги асосланган;
лисоний ҳодисаларнинг ареал тарқалишини белгилашга оид хулосалардан ИОТ–2014-1-41 рақамли “Ёшларда юксак маънавий-ахлоқий фазилатларни миллий қадриятлар негизида шакллантириш йўналишидаги тадқиқотлар илмий натижалари асосида мультимедия ўқув қўлланмасини яратиш” мавзусидаги (2015–2017) инновация лойиҳасида фойдаланилган (Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2019 йил 27 майдаги 89-03-2257-сон маълумотномаси). Тадқиқот натижалари мультимедия ва аудиокитоб шаклидаги ўқув воситаларини яратишга хизмат қилган;
диалектал шароитларда ўқувчилар нутқ маданиятини, мулоқот одобини ва уларнинг тил компетенциясини шакллантириш ва такомиллаштиришга оид хулосалардан 47-09/07-13 рақамли “Китобхонликка янги қадам” номли амалий лойиҳада фойдаланилган (Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2019 йил 27 майдаги 89-03-2257-сон маълумотномаси). Натижада талабалар бадиий асарлар матнида учрайдиган шева бирликларининг таъсирчанликни оширишдаги аҳамияти юзасидан маълумотга эга бўлишган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish