Sayt test rejimida ishlamoqda

Юлдашев Рустам Даниёровичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Таълим фалсафаси – таълим жараёнини ривожлантиришнинг назарий–концептуал асоси”, 09.00.04–Ижтимоий фалсафа (фалсафа фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2017.2.PhD/Fal67.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Самарқанд давлат университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: Самарқанд давлат университети, DSc.27.06.2017.F.02.02.
Илмий раҳбар: Яхшиликов Жўрабой Яхшиликович, фалсафа фанлари доктори, профессор.
Расмий оппонентлар: Хакимов Назар Хакимович, фалсафа фанлари доктори, профессор; Хажиева Мақсуда Султоновна, фалсафа фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: Тошкент тиббиёт академияси.
Диссертация йўналиши: назарий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: таълим фалсафасини таълим жараёни (инновацион таълим)ни ривожлантиришнинг умумназарий концептуал асосларини белгилаб берувчи йўналиши сифатида асослаш ва соҳага оид таклиф-тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
компетентлик шахснинг маълум бир соҳада бирор ишни бажаришга бўлган қодирлилик қобилияти ва шунга қараб расмий ёки норасмий равишда унга бериладиган ваколатлар доираси эканлиги аниқланган;
таълим жараёнини шакллантириш ва ривожлантиришда фалсафий парадигма (гносеологик, культурологик, ижтимоий, технократик, гуманистик ва б.қ.)ларнинг концептуал ва регуляторлик вазифаси асосланган;
жамиятнинг моддий ва маънавий ҳаётини ривожлантириш, ўзгартиришга қаратилган янги ғояларни илгари сурувчи, илмий-амалий ишланмаларни яратувчи, уларни амалиётга татбиқ қилувчи иқтидорли, талантли инсон (инновацион шахс)ни шакллантириш зарурлиги тизимлилик, изчиллилик ва комплекслилик тамойили асосида исботланган;
инновацион шахсни шакллантириш ва ривожлантириш ишларининг миқдорий ва сифатий кўрсаткичларини такомиллаштиришнинг методик, шахсий, креатив, информацион ва  инновацион мезонлари аниқланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши:
Мамлакатимизда таълим фалсафасини ўқув фани сифатида ўқитиш, таълим жараёнининг фалсафий парадигмаларининг потенциал имкониятларидан фойдаланиш, таълим жараёнини ташкил этишнинг янгича фалсафий мазмундаги миллий инновацион концепциясини тадқиқ этиш бўйича олинган илмий натижалар асосида:
компетентлик – бу шахснинг маълум бир соҳада бирор ишни бажаришга бўлган қодирлилик қобилияти ва шунга қараб расмий ёки норасмий равишда унга бериладиган ваколатлар доираси эканлиги хусусидаги илмий хулосалардан “Миллий ғоя: Ўзбекистонни ривожлантириш стратегияси” дарслигида фойдаланилган (Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2019 йил 1 февралдаги 89-03-594-сон маълумотномаси). Ушбу илмий тадқиқот натижалари дарсликдан фойдаланувчилар учун “профессионал компетентлик” тушунчаси юзасидан хулосалар чиқариш имконини берган;
таълим жараёнини шакллантириш ва ривожлантиришда концептуал асос вазифасини ўтайдиган фалсафий парадигмалар назарий ва амалий жиҳатдан таснифланган ҳамда уларнинг потенциал имкониятларидан фойдаланиш зарурлиги тўғрисидаги илмий натижа ва хулосалардан Самарқанд вилояти халқ таълими тизимида инновацион ривожлантириш дастурини ишлаб чиқишда фойдаланилган (Халқ таълим вазирлигининг 2019 йил 15 январдаги 04-35-сон маълумотномаси). Натижада халқ таълими соҳасида хизмат қилаётган педагоглар фаолиятида таълим сифатининг потенциалини кўтаришга хизмат қилган;
“инновацион шахс” тушунчасига таъриф берилиб, уни шакллантириш ва ривожлантириш принциплари, методикаси, усул ва воситалари, инфратузилмасини яратиш ва ишга тушириш борасида ишлаб чиқилган таклиф ва тавсиялардан Самарқанд вилоят телерадиокомпаниясининг “Очиқ мулоқот” ва “Долзарб мавзу” кўрсатувларини тайёрлашда фойдаланилган (Самарқанд вилоят телерадиокомпаниясининг 2019 йил 15 январдаги 0912/4-сон маълумотномаси). Мазкур тадқиқот натижалари нинг эфирга узатилиши ёшларни инновацон шахс сифатида шакллантириш борасида амалга оширилаётган ишларнинг жадаллашувига хизмат қилган;
миллий инновацион таълим тизимида инновацион шахсни шакллантириш ва ривожлантириш талаблари асосида ишларининг миқдорий ва сифатий кўрсаткичларини аниқлаш мезонларини ишлаб чиқиш ва амалда қўллаш бўйича таклиф ва тавсиялардан Самарқанд давлат университети ҳузуридаги Халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ҳудудий маркази тингловчилари учун “Замонавий таълим технологиялари” номли ўқув қўлланмасини тузишда фойдаланилган (Самарқанд давлат университетининг 2019 йил 12 августдаги 10-3594-сон маълумотномаси). Мазкур илмий натижанинг амалиётга татбиқ этилиши таълим олувчиларнинг инновацион тафаккурини янада юксалтиришга хизмат қилган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish