Sayt test rejimida ishlamoqda

Хошимов Хикматулла Боқижоновичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Оёқоғитма макони – илк неолит даври тош индустрияси», 07.00.06–Археология (тарих фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2019.2.PhD/Tar505.
Илмий раҳбар: Сайфуллаев Бахтиёр Қурбонович, тарих фанлари номзоди.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Археологик тадқиқотлар институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Археологик тадқиқотлар институти, DSC.27.06.2017.Tar.45.01.
Расмий оппонентлар: Асқаров Аҳмадали Асқарович тарих фанлари доктори, профессор, академик; Хушвақтов Наби Олимович, тарих фанлари номзоди.
Етакчи ташкилот: Самарқанд давлат университети.
Диссертация йўналиши: назарий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: Ўзбекистоннинг янги тош даврига оид Оёқоғитма макони илк неолитга доир комплекслари тош индустрияларини илмий муомалага киритиш, уларни техник-типологик тадқиқ қилиш ҳамда маконнинг Калтаминор маданияти тизимидаги ўрни ва аҳамиятини аниқлашдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
Оёқоғитма макони илк неолит даври тош индустрияларининг типологик таснифи асосида ўрганилаётган технокомплексларнинг тип-варақалари ишлаб чиқилган;
Оёқоғитма макони илк неолитга оид 9–5-маданий қатламлардан топилган 15000 та тош индустрияларининг морфологик таҳлили ёрдамида ёдгорликда қўлланилган тош хомашёларининг турлари (кремний, халцедон, қайроқтош, кварц) ва тарқалиш географияси аниқланган;
Оёқоғитма маконидаги тош буюмларини технологик таҳлил қилиш асосида тошга ишлов беришнинг ўндан зиёд технологик усуллари (тошларни оғир ва енгил тош ушатғичлар, органик (суяк ва ёғоч) ушатғичлар, кийик шохи қадалган ёғоч воситачи ёрдамида зарб бериш ёки кийик шохи ўрнатилган ёғоч мослама ёрдамида эзиб синдириш усуллари) қўлланилганлиги ва уларнинг ишланиш босқичлари аниқланган;
Оёқоғитма макони илк неолитга оид материалларини қиёслаш асосида ёдгорликда тошга ишлов беришда Самарқанд сўнгги палеолит маданиятида ҳукм сурган техник анъаналарнинг давом этганлиги аниқланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
 Оёқоғитма макони - илк неолит даври тош индустрияcи мавзусидаги тарих фанлар бўйича фалсафа доктори илмий даражасини олиш учун ёзилган диссертация бўйича қўлга киритилган илмий натижалар асосида:
Калтаминор маданиятининг келиб чиқиши ҳамда унинг ҳудудидаги бронза ва илк темир даври маданиятларига ривожланиб ўтганлиги, шунингдек  Калтаминор маданияти аҳолисининг ҳаёт тарзи, хўжалиги турмуш даражаси ва диний қарашлари ҳақидаги илмий асосланган маълумотлардан Археологик тадқиқотлар институтида бажарилган A1-ФА-89675 рақами «Зарафшон воҳасини қадим ва ўрта асрларда антропоген ўзлаштириш динамикаси ва аҳолисини этномаданий синтези (Самарқанд ва Бухоро Суғди  археологик материаллари асосида)» мавзусидаги амалий лойиҳада фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг 2019 йил 22 февралдаги 3/1255-357-сон маълумотномаси). Диссертацияда таъкидланган ёдгорликлар Бухоро ва Навоий вилоятлари археологик ёдгорликлар мажмуасини яратишда қўлланилиб, ёдгорликларнинг жойлашуви, сақланиши асосида уларни давлат ҳимоясига олиш  тавсия этилган;
Калтаминор маданиятига оид артефактлар - нуклеуслар, қирғичлар, кесгичлар, тош бигизлар, геометрик микролитлар ва пичоқсимон пластинкалар Самарқанд давлат музей-қўриқхонасидаги “Ўзбекистон дунё маданиятлари чорраҳасида” экспозициясига киритилган (Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигининг 2019 йил 7 майдаги 01-12-10-2143-сон маълумотномаси). Музей экспонатлари орасидан жой олган археологик материаллар ва қазишма чизмалари ватанимизнинг қадимги овчи-термачи қабилаларини маданий-иқтисодий ҳаёти ҳақида музейга ташриф буюрувчиларга маълумотлар беришга хизмат қилган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish